Кўнёга борганимизда эса Мавлоно Жа­лолиддин Румий мақбарасини зиёрат қил­ганимиздан сўнг Румий музейига бордик. Тўғриси, Мавлоно Румий даврига тушиб қолгандим. Яна ўша савол: “Наҳотки, ўзимизда шу каби музей қуриш мумкин эмас?”.

2023 йилда Саудия Арабистонидаги Hira Cultural District (Ҳира маданий маскани)га сайёҳат қилдик. Маскан тарих, маданият ва тафаккурни ўзи­да акс эттирган. Маданий масканда Қуръон музейи, шунингдек, мада­ний кўргазмалар, шинам қаҳвахона­лар бор бўлиб, ҳаммаси уйғунлаш­ган ҳолда барпо этилган. Яна ўша гап: “Бу каби маскан Ўзбекистонда ҳам қурилса, биз ҳам тарихимизни, маданиятимизни янада қадрлаган бў­лардик” деган ўйга бордик.

Куни кеча Миллий телерадио­компаниясининг бир гуруҳ ходимлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлди. Масканга ташриф буюрув­чиларнинг кўплиги кишини хурсанд қилади. Айниқса, хорижликлар, жумладан, қўшни мамлакатлардан келган сайёҳлар кўплигини кўриб, қалбимизда ғурур уйғонди. Аслида, ҳар бир ўзбекистонлик келиб кўриши шарт бўлган маскан бўлибди. Мақоламиз бошида таъкидланган хориждаги тарихий ошиёнлар­дан асло кам бўлмаган, ҳатто улардан устун бу марказ халқимизнинг фахрига айлангани ҳаммамизга муборак бўлсин.

Марказнинг асосий мақсадларидан бири халқимизнинг уч минг йиллик тарихи, бунёдкорлик салоҳияти, жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси, буюк аждодларимизнинг маданий-маърифий меросини ўрганиш ва оммалаштириш, ёш авлодни буюк аждодлар мероси билан яқиндан таништириш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдан иборат.

Хорижлик мутахассислар эътироф этга­нидек, Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудидаги 10 гектар майдонда барпо этилган марказ маҳобати, майдони ва қамровига кўра дунёда ислом тарихи, маданияти ва цивилизацияла­рини ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган энг катта комплексдир. Бунга шахсан ўзим ҳам гувоҳ бўлдим. Узунлиги 161 метрни, эни эса 118 метрни ташкил этиб, уч қаватдан ибо­рат. Марказидаги гумбаз баландлиги 65 метр­ни ташкил этади. Бино 1,8 гектар майдонда барпо этилиб, фойдаланиш ҳудуди 42 минг квадрат метрни ташкил этади. Шунинг ўзиёқ марказни Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш учун асос бўлади.

Мажмуани гуруҳ таркибида, гид ҳам­роҳлигида айланиб чиқиш учун икки соат белгиланган. Агар ёлғиз ўзингиз ёки оила аъзоларингиз билан бормоқчи бўлсангиз, вақт чекланмаган. Аслида, бу каби маъна­вият масканларига ёлғиз бориб руҳий озиқ олишни тавсия қилган бўлардим. Марказ­ни айланар эканман, 2009 йил 4 июнь куни АҚШнинг ўша вақтдаги Президенти Барак Обаманинг Қоҳира университетида сўзлаган нутқи ёдимга тушди. Ўшанда АҚШ етакчи­си “Тарихга қизиққан инсон сифатида мен дунё цивилизацияси ислом олдида қанчалик қарздор эканини ҳам биламан. Айнан ислом Ал-Азҳар каби жойларда асрлар давомида илм нурини таратиб келди ва Европадаги тикланиш ва маърифатга йўл очди. Мусул­мон жамиятларининг илғорлик руҳи туфайли алгебра тартиб-қоидалари, магнитли компас ва навигация ускуналари, ёзув маҳорати ва нашриётга эга бўл­дик, касалликлар тарқалиши ва уларни даволаш йўллари ҳақи­да тушунча ҳосил қилдик. Ислом тамаддуни бизга улуғвор аркалар ва баланд миноралар, вақт ҳукмига бўйсунмайдиган шеърият ва жозибали мусиқа, ҳусни хаттотлик ва ҳузур-ҳаловат ила тафаккур қилиш имконларини берди”.

Нутққа эътибор беринг! Ахир АҚШнинг ўша вақтдаги Президенти “алгебра тартиб- қоидалари” деганда Хоразмийни, “магнитли компас” деганда Абу Райҳон Берунийни, “на­вигация ускуналари” деганда Фарғонийни, “касалликлар тарқалиши ва уларни даволаш йўллари” деганда Ар-Розий ва Ибн Сино каби улуғ юртдошларимизни назарда тут­маганмикан? “Улуғвор аркалар ва баланд миноралар” (Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳ­рисабз), “вақт ҳукмига бўйсунмайдиган шеъ­рият” (Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур) ва “жозибали мусиқа” (Форобий) дейиш би­лан Барак Обама юртимизни назарда тутган, дея тўла ишонч билан айта оламиз.

Халқимизнинг ғурурига айланган мар­каз қурилиши Президентимизнинг доимий эътиборида бўлди. Унинг биноси миллий меъморлик анъаналарида лойиҳалаштирил­ган. Иншоотга тўрт томондан тўрт асосий портал орқали кириш мумкин. Порталлар ва бинонинг ташқи (фасад) қисмидаги равоқлар Қуръоннинг илм, маърифат, бағрикенглик, ота-онага ҳурмат мазмунидаги оятлари ва ҳа­дислар билан безатилган. Марказ биносининг асосий дарвозаси — Улуғбек портали музейга кириш эшиги ҳисобланади. Ушбу портал Са­марқанднинг Регистон майдонидаги Улуғбек мадрасаси портали безакларига уйғун ҳолда лойиҳалаштирилган. Бу портал ҳам бевосита Президентимиз тавсияси асосида яратилди.

Марказни айланар эканман, Самарқандга оид турли даврлар акс этган экспонатларни кўриб, беихтиёр АҚШ дипломатларидан бири Жон Керрининг гапларини эсладим. 2015 йил 3 ноябрь куни АҚШнинг ўша вақтдаги давлат котиби Жон Керри Қозоғистон пойтахти Осто­нада талабалар билан бўлиб ўтган учрашувда БМТ аслида Самарқандда ташкил этилгани борасида баёнот билан чиққан эди.

“Мен тоғлар ва даштлар оша одамлар учрашган, турли минтақаларнинг маҳсулот­лари ва ғоялари тўқнашган жойни ўз кўзла­рим билан кўрдим. Мен мана бу ғоят ажойиб ҳикояни яна бир бор такрорлашни истардим. XV аср бошида Кастилия қироли Генрих III ўз элчиси де Клавихони Амир Темурнинг олдига юборган. Де Клавихонинг узоқ саё­ҳати Константинополь, Трапезунд орқали, шундан сўнг Шимолий Эрондан ўтиб, Ўрта Осиёга, Самарқандга қадар давом этган. Шу ерда у Амир Темур томонидан қабул қилин­ган”, деган эди Керри.

Яна у айтадики, “Де Клавихо ўз кунда­ликларида Ғарб учун янги, шу вақтгача но­маълум бўлган турмуш тарзининг қизиқарли манзарасини тасвирлаган. У маданиятлар, санъат, савдо ва ғоялар чорраҳасига таъриф берган. Самарқандда сиз қимматбаҳо ипак, саноат маҳсулотлари ва тилла, мовий шиша ва чиннини топишингиз мумкин эди. Бу шаҳарда бир вақтнинг ўзида турклар, араблар, мусул­монлар, яҳудийлар, юнонлар, арманлар, нас­ронийлар, католиклар ва несторианлар ўзаро мулоқот қилган. Биз БМТ бундан 70 йил аввал Нью-Йоркда ташкил этилган деб ҳисоблай­миз. Йўқ. Аслида, бу ҳодиса бундан юз йиллар аввал Самарқандда юз берган”.

Мажмуа залидаги “Исломдан аввалги давр цивилизациялари” экспозициясида “Вақт де­вори”га кўзимиз тушади. 250 метрни ташкил қиладиган бу деворда халқимизнинг камида 3000 йиллик давлатчилиги тарихи барельеф, миниатюра ва маҳобатли рангтасвир асарла­ри кўринишида акс эттирилади. Шунингдек, ушбу девор бўйлаб турли даврларга оид экспо­натлар, нумизматика намуналари, хариталар, видеороликлар, интерактив ўйинлар жойлаш­тирилган. “Вақт девори”да қадимги маданият илдизлари, Бақтрия, Хоразм, Сўғд, Чоч ва Фарғона, қадимги савдо йўллари акс этган ба­рельеф суратларни кўришимиз мумкин.

Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилган. Бу ерда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси, VII аср­да қўлда кўчирилган Усмон Мусҳафи жой­лаштирилган. Баъзи маълумотларга кўра, бу Қуръон XIV аср охирида Амир Темур томонидан Самарқандга олиб келинган. Ушбу Қуръон Самарқандда беш аср давоми­да сақланган. 1868 йилда рус ҳарбийлари то­монидан Санкт-Петербургга олиб кетилган. 1923 йилда Туркистон мусулмонлари илти­мосига кўра, Мусҳаф Тошкентга қайтарил­ган. 1989 йилдан 2025 йилга қадар у Ўзбекис­тон мусулмонлари идорасида, Мўйи муборак мадрасасида сақланган. Президентимиз та­шаббуси билан ушбу ноёб Мусҳаф 2025 йил 13 ноябрь куни Ислом цивилизацияси марка­зининг Қуръон залига кўчирилди.

“Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс” экспозициясида мамлакатимизда сўнгги тўқ­қиз йилдаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий- ҳуқуқий ва маънавий-маърифий жараёнлар, Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар, эри­шилган ютуқлар, давлатимизнинг ташқи ва ички сиёсати устувор йўналишлари, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида амал­га оширилган кенг кўламли ишлар акс этган. Залга кириш жойида янги Ўзбекистондаги ўзгаришлар ҳақидаги ролик намойиш қили­нади. Ўзбекистон давлатчилиги устунлари қисмида Қадимги Хоразм, Сўғд, Бақтрия, Турк хоқонлиги, Биринчи ва Иккинчи Ренес­санс даврларида давлатчилигимиз учун асос бўлиб хизмат қилган тамойиллар ва ёзма ман­балар ўрин олган.

“Давлат, жамият, инсон” инсталляциясида янги Ўзбекистоннинг уч муҳим жиҳати турли воситалар ёрдамида акс эттирилган. Шунинг­дек, экспозиция “Иқтисодиёт — янги Ўзбе­кистон драйвери”, “Ўзбекистоннинг улкан ғалабалари, ёшлар ва спорт”, “Хавфсизлик ва ташқи сиёсат”, “Таълим, рақамлаштириш ва инновация”, “Маданият ва маърифат соҳаси­даги ислоҳотлар”, “Янги Ўзбекистонда эко­логия ва атроф-муҳит муҳофазаси, туризм”, “Янги фуқаролик жамияти ва маҳалла”, “Янги Ўзбекистонда меъморчилик ва ижтимоий бунёдкорлик” каби қисмларга ажратилган.

“Ташқи сиёсат” бўлимида Ўзбекистон Президентининг хорижий сафарлари, турли давлат раҳбарлари билан учрашувлари ҳақида видеоматериаллар ва интерактив маълумот­лар жойлаштирилган. Бу ерда Президентимиз ташаббуси билан чоп этилган ва давлат раҳ­барларига туҳфа қилинган адабиётлар билан ҳам танишиш мумкин. Бу ҳам, ўз навбатида, китобга, китобхонликни рағбатлантиришга қа­ратилаётган эътиборни кўрсатади.

Грузияга сафар қилганимизда Сигнаги деган шаҳарчага олиб боришган эди. Шаҳар­ни кўриб, “Қойил, қандай қилиб тарихий­ликни сақлаб қолдингиз?” деб сўраганимиз­да, шаҳар 2007 йилда реновация (лотинча renovatio — “янгиланиш”) қилинганини ай­тишган эди. Нима учун Сигнагини эсладим?

Гап шундаки, Ўзбекистондаги Ислом ци­вилизацияси марказидан чиқиб, автобусга ўтириб, уйга кетишга шошилиш керак эмас. Қадимги Тошкент билан танишиш учун Чорсу бозорига пиёда юриб келишни тавсия қилган бўлардим. Жуда ажойиб. Эски шаҳар кўнгил­дагидек реновация қилинибди. Асл кўриниши сақлаб қолинган ҳолда эски уйлар реконструк­ция, реставрация қилиниб, сайёҳларнинг се­вимли масканларидан бирига айланибди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидан “Фахр этарман, она халқим, кўк­рагимни тоғ қилиб” чиқдим.

Ўзбегим деб кенг жаҳонга не учун мадҳ этмайин!

Ўзлигим билмоққа даврим берди имкон, ўзбегим.

Мен буюк юрт ўғлидурман, мен башар фарзандиман,

Лекин аввал сенга бўлсам содиқ ўғлон, ўзбегим.

Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ,

журналист