Бу ҳақда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши кураш соҳасида кўп йиллик тажрибага эга мутахассис, «Соя ва ёруғлик орасидаги ҳаёт» китоби муаллифи Ўктам Султонов маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарадош экани мамлакат ҳудудидан халқаро жиноий гуруҳлар томонидан наркотик моддаларни транзит йўлак сифатида ўтказишга уринишлар сақланиб қолаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, ички бозорда наркотик воситаларга бўлган талаб ҳам жиноий гуруҳлар фаолиятига туртки бўлмоқда.
Эксперт сўнгги йилларда синтетик наркотиклар ва психоактив моддаларнинг тарқалиши жиддий хавф туғдираётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бундай моддаларнинг келиб чиқиши ва таъсир даражасини аниқлаш қийин бўлиб, улар асосан ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилмоқда.
Ўктам Султонов айрим блогерлар, вайнерлар ва ижодкорларга мурожаат қилиб, гиёҳвандлик мавзусини ҳазил ёки кулги воситаси сифатида талқин қилмасликка чақирди.
«Наркотик модда билан боғлиқ фаолият кулги мавзуси эмас. Бу фожиа. Бундай чиқишлар ёшларда бу иллатга нисбатан қизиқиш ва мойилликни шакллантириши мумкин», — деди у.
Эксперт, шунингдек, ота-оналарга фарзандлари билан мулоқотни кучайтириш, уларнинг қизиқишлари ва атрофини доимий кузатиб боришни тавсия қилди. Унинг фикрича, фарзанднинг ота-она билан мулоқотдан узоқлашиши, ўқишга қизиқишининг пасайиши ва хулқидаги кескин ўзгаришлар хавфли белгилар ҳисобланади. Бундай вазиятларда муаммони яширмасдан, мутахассисларга мурожаат қилиш зарур.
Суҳбат якунида Ўктам Султонов ёшларни наркотик моддалардан узоқ бўлишга чақириб, виртуал муҳитдаги хавфларга нисбатан ҳам огоҳликни кучайтириш лозимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, инсон олдига аниқ мақсад қўйса ва ҳаётини мазмунли ташкил этса, бундай иллатлардан ўзини асраши осонроқ бўлади.