Бу давлат активларини хусусийлаштириш жараёнида жорий этилаётган янги тартибларда назарда тутилган.
Янги механизмга кўра, аукцион ҳақидаги эълонни бериш муддати 30 кундан 15 кунга, такрорий савдоларда эса 10 кундан 5 кунга қисқартирилади.
Агар давлат активи очиқ савдода 3 ой давомида сотилмаса, унинг бошланғич нархи босқичма-босқич 10 фоизгача пасайтирилади.
Сотилмай турган объектлар учун «гибрид аукцион» механизми ҳам жорий этилади. Бунда савдо дастлаб нархни пасайтириш тартибида ўтказилади. Харидор ўз таклифини берган заҳоти эса савдо шу нархдан юқорига қараб давом этади.
Узоқ вақт давомида харидор топилмаган айрим объектлар иқтисодий айланмага қайтариш мақсадида 1 млн сўм бошланғич нархда савдога чиқарилади.
Режага кўра, 2026 йилда умумий қиймати қарийб 100 трлн сўмлик 1 242 та кўчмас мулк, 84 та корхонадаги давлат улуши ҳамда 8 минг гектар ер участкалари хусусий секторга таклиф этилади.
Жорий этилаётган ўзгаришлардан мақсад давлат мулкини шунчаки сотиш эмас, балки фойдаланилмай турган ресурсларни мослашувчан савдо механизмлари орқали реал бозор иштирокчилари ихтиёрига қайтаришдан иборат.