Маълум қилинишича, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ «Энергосавдо» филиалининг Шўрчи туман бўлими муҳандиси фуқарога тегишли савдо дўконида электр энергиясидан фойдаланиш бўйича аниқланган қоидабузарлик юзасидан тузилган далолатномани қонуний тартибда кўриб чиқмаслик, ишни судга юбормаслик ҳамда янги электр ҳисоблагич ўрнатиб, уни рўйхатдан ўтказиб бериш эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари ва ИЖҚКД билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда у аввал олган 200 АҚШ доллари ва 1 миллион 50 минг сўмдан ташқари, қолган 500 АҚШ доллари ҳамда 2,4 миллион сўмни олган вақтида қўлга олинди.
Андижон вилоятида кузатилган ҳолатда эса Балиқчи туман электр таъминоти корхонаси бошлиғи ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, туман электр тармоқлари корхонаси ходимларининг ойлик фаолият кўрсаткичларини «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Андижон ҳудудий филиалидаги танишлари орқали ижобий ҳал қилиб бериш эвазига пул талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мансабдор шахс электр тармоқлари корхонаси ходимлари томонидан йиғиб берилган 300 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.