Давлат кадастрлари палатасининг Бухоро вилояти бошқармасида бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи шахс ноқонуний бойлик орттириш мақсадида хизмат мавқеидан фойдаланиб, ўзганинг ишончига кирган.
Мансабдор шахс маҳаллий фуқаро томонидан 2015 йилда Ромитан тумани ҳокимлиги захирасидаги 65 м² ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилган савдо ва хизмат кўрсатиш биносини ҳамда унга туташ бўлган 35 м² бўш ер участкасини унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 2,5 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Қашқадарё вилояти инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг Кўкдала тумани бўлими бош мутахассиси 1964 й.т. фуқарога 2019 йилда Чироқчи тумани ҳокими қарори билан ажратиб берилган 1 сотих ер майдонини Кадастрлар палатаси тизимида ишловчи танишлари орқали кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, рўйхатдан ўтказиб бериш эвазига 1 минг АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пул маблағини олган вақтида ушланди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.