Айниқса, илгари сурилган еттита миллий дастур мамлакат ҳаётининг энг муҳим йўналишларини қамраб олгани билан аҳамиятлидир. Уларда инсон салоҳиятини ривожлантириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини такомиллаштириш, иқтисодий имкониятларни кенгайтириш, экологик барқарорликни таъминлаш, қонун устуворлиги ва самарали давлат бошқарувини шакллантириш каби устувор вазифалар ўз ифодасини топди.
Инсон капитали — асосий ҳаракатлантирувчи куч
Мамлакат тараққиётининг энг муҳим омили инсон салоҳиятидир. Чунки ҳар қандай ислоҳот ва янгиланишнинг натижаси, аввало, билимли, соғлом ва фаол фуқароларга боғлиқ.
Шу боис, биринчи миллий дастурда инсон капиталини ривожлантириш, билим ва малакани мамлакат тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айлантириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Унда таълим соҳасини янада ривожлантириш, ёшларга сифатли билим бериш ва замонавий касбларни эгаллаши учун зарур шароитлар яратишга қаратилган мақсадлар ўрин олган. Жумладан, олти ёшли болаларни мактабга тайёрлов гуруҳлари билан тўлиқ қамраб олиш, техникумларда таълим олувчилар қамровини ошириш, миллий университетлар нуфузини юксалтириш каби муҳим вазифалар акс этган.
Бугунги кунда таълим, меҳнат ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш учун зарур ҳуқуқий асослар яратилган. Эндиликда асосий вазифа ушбу соҳалар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва таълим тизимини меҳнат бозори талаблари билан уйғунлаштиришдан иборат. Зеро, ҳозир иш берувчилар нафақат диплом, балки амалий кўникмага, замонавий билим ва ўзгарувчан шароитларга мослаша оладиган мутахассисларга эҳтиёж сезмоқда.
Шунинг учун касб стандартларини ишлаб чиқишда иш берувчилар иштирокини кенгайтириш жуда муҳим. Чунки қайси соҳаларга қандай мутахассислар кераклигини амалиёт ва ишлаб чиқариш вакиллари яхши билади. Шу нуқтаи назардан, ёшларни касбга тайёрлаш, уларга амалиёт ўташ имкониятини яратиш ва келгусида иш билан таъминлаш жараёнларида корхоналар иштирокини рағбатлантириш лозим бўлади.
Бу борада депутатлар зиммасига ҳам муҳим вазифалар юкланади. Энг аввало, таълим соҳасига ажратилаётган маблағдан қанчалик самарали фойдаланилаётгани, улар қандай натижа бераётганини доимий ўрганиб боришимиз керак.
Энг олий неъмат
Инсон ҳаётида энг катта бойлик — саломатлик. Фақат соғлом жамиятгина барқарор тараққиёт ва фаровон келажакни таъминлай олади. Шу боис, ўтган даврда соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилаётган маблағ ҳажми сезиларли даражада ошди.
Жумладан, юртимизда 652 та янги тиббиёт муассасаси барпо этилгани аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар ҳажми уч баробар ошишига замин яратди.
Иккинчи миллий дастур аҳолининг соғлом турмуш кечириши, умр давомийлигини ошириш ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришга қаратилгани билан алоҳида эътиборга молик.
Янги ёндашувлардан бири аҳоли саломатлиги учун давлат харажатларини босқичма-босқич оширишдир. Келгуси беш йилда ушбу харажатларни ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизига етказиш, давлат тиббий суғуртасини барча хонадонларга жорий этиш ҳамда жаҳоннинг нуфузли клиникаларини мамлакатимиз тиббиёт тизимига жалб қилиш кўзда тутилмоқда.
Тиббий суғурта тизими жорий этилиши фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатларда янги босқични бошлайди. Энди бемор оддий хизмат олувчи эмас, балки ўз ҳуқуқ ва кафолатларига эга суғурталанган шахс сифатида намоён бўлади.
Соғлиқни сақлашда энг муҳим йўналишлардан яна бири касалликларнинг олдини олишдир. Чунки профилактикага йўналтирилган маблағ оддий харажат эмас, балки инсон ҳаёти ва давлат келажагига киритилган самарали сармоядир. Фақат касалликни эрта аниқлаш орқали инсон саломатлигини сақлаб қолиш, шу билан бирга, даволаш учун сарфланадиган маблағларни камайтириш мумкин.
Бугун соҳадаги ислоҳотлар инсон манфаатларига хизмат қилмоқда. Тизимдаги кўплаб ҳужжатларни ягона, тушунарли ва замонавий талабларга жавоб берадиган кодекс асосида бирлаштириш эса соҳани янада самарали бошқариш имконини беради.
Янги иқтисодий модель асоси
Мамлакатимиз олдида турган энг муҳим вазифалардан бири иқтисодиётни янги босқичга олиб чиқиш, уни замонавий технологиялар ва юқори қўшилган қиймат яратадиган тармоқлар асосида ривожлантиришдир. Учинчи миллий дастур доирасида белгиланган мақсадлар айнан шу йўналишга қаратилган.
Келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиш, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш ва аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 10 минг доллардан ошириш каби вазифалар иқтисодиётимизни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишни кўзда тутади.
Бу эса хомашёга асосланган иқтисодиётдан инновация ва юқори технологияларга таянган иқтисодиётга, оддий меҳнатдан эса юқори самарадор ва билимга асосланган меҳнатга ўтишни англатади.
Авваллари асосий эътибор ер, бино, моддий мулк ва анъанавий савдо муносабатларига қаратилган бўлса, бугунги рақамли иқтисодиётда энг қимматли активлар кўпинча кўзга кўринмайди. Булар компьютер дастурлари, маълумотлар базалари, илмий ишланмалар, ихтиролар ва брендлардир.
Масалан, ёш тадбиркор томонидан яратилган замонавий мобил иловага хорижлик инвестор маблағ киритмоқчи бўлса, у, аввало, ўз ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилиниши, эҳтимолий низолар қандай ҳал этилиши ва қонун-қоидаларнинг барқарорлиги ҳақида аниқ кафолатларга эга бўлишни истайди. Чунки ишончли ҳуқуқий муҳит бўлмаса, инвестиция оқими бошқа бозорларга йўналиши мумкин.
Шу маънода, стартаплар, венчур молиялаштириш, рақамли активлар ва замонавий технологиялар учун мос ҳуқуқий механизмларни яратиш ғоятда муҳимдир.
Бугун бизнеснинг ўсишини қўллаб-қувватлайдиган, тадбиркорларни рағбатлантирадиган тизимни шакллантириш ҳам жуда долзарб. Бу борада янги ҳуқуқий ёндашувларга ўтиш бўйича дастлабки қадамлар ташланмоқда. Хусусан, “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги конституциявий қонун асосида янги иқтисодий муносабатлар учун махсус ҳуқуқий тартиб яратилди.
Табиатга масъулият — келажакка эътибор
Бугунги кунда иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва экологик муаммолар бутун дунё учун долзарб масалага айланмоқда. Бу ҳолат инсон ҳаёти, иқтисодиёт ва келажак авлодлар фаровонлигига бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Шу жиҳатдан олганда, тўртинчи миллий дастурда сув ресурсларини асраш, улардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳит муҳофазасини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши муҳим аҳамиятга эга. Бу борада аниқ ва тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш бугунги куннинг долзарб вазифасидир.
Айниқса, қонунчилик механизмларини янада такомиллаштириш, сув ресурсларидан тежамкор ва самарали фойдаланаётган субъектларни рағбатлантириш, улардан исрофгарчилик билан фойдаланганлик учун таъсирчан ҳуқуқий чораларни белгилаш керак.
Бинобарин, сув оддий ресурс эмас, балки мамлакатнинг экологик барқарорлиги ва келажак авлодлар фаровонлигини таъминловчи стратегик бойликдир. Шу сабабли маҳаллий ҳокимликларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахтларни асраш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги масъулиятини янада ошириш зарур.
Ушбу жараёнда жамоатчилик назорати механизмларини кучайтириш, маҳаллий кенгашларнинг бу соҳадаги ваколат ва фаоллигини кенгайтириш лозим бўлади.
Табиатни асрашга ёндашув қанчалик масъулиятли бўлса, келажак авлодларга қолдириладиган мерос шунчалик бой бўлади. Шу мақсадда экологик соҳадаги қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш ва ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар устидан парламент назоратини ўрнатиш устувор вазифалардан биридир.
Суд мустақиллиги — адолат кафолати
Бешинчи миллий дастур суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини умумий қадриятга айлантиришга қаратилгани бежиз эмас. Сабаби, адолат қарор топган жамиятдагина иқтисодий тараққиёт, ижтимоий ишонч ва фуқароларнинг келажакка ишончи мустаҳкамланади.
Мазкур дастурни олтита бошқа миллий дастурнинг ҳуқуқий пойдевори деб аташ мумкин. Зеро, қонун устуворлиги таъминланмас экан, ҳар қандай ислоҳот ва ташаббуснинг самарадорлиги тўлиқ намоён бўлмайди.
Оддий мисол, фуқаро ўз ҳуқуқини суд орқали самарали ҳимоя қила олмаса, белгиланган кафолатлар кутилган натижани бермаслиги мумкин. Атроф-муҳитга зарар етказган шахс ҳам қонуний жавобгарликка тортилмаса, энг мукаммал экологик талаблар етарли самара бермайди.
Демак, қонун устуворлиги барча соҳалардаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлайдиган асосий омилдир. Бу йўналишда қонунчилик олдида қатор муҳим вазифалар турибди. Аввало, судьяларни танлаш, тайинлаш ва улар фаолияти учун зарур шарт-шароитларни яратиш жараёнларида мустақиллик кафолатларини янада мустаҳкамлаш лозим.
Шунингдек, қонунларнинг тўғридан тўғри амал қилишини таъминлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Фуқаро ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушуниши учун ортиқча бюрократик тўсиқларга дуч келмаслиги, қонун унга аниқ ва тушунарли йўл-йўриқ бериши керак.
Қонун устуворлиги фақат ҳуқуқий тизим эмас, балки ҳуқуқий маданият билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, ёш авлодга мактабдан бошлаб ҳуқуқий билим ва кўникмалар бериш, фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини билиши ва улардан фойдалана олишини таъминлаш жуда муҳимдир.
Маҳалла иштирокини кенгайтиришга қаратилган бошқарув тамойили
Олтинчи миллий дастур давлат бошқаруви тизимида муҳим янгиланишларни назарда тутади. Унга кўра, туман бюджети, инвестиция дастурлари ва инфратузилма лойиҳаларини шакллантиришда маҳалланинг иштироки янада кенгаймоқда.
Агар илгари маҳалла кўп ҳолларда юқоридан қабул қилинган қарорларни ижро этувчи бўғин сифатида намоён бўлган бўлса, энди у ҳудуд аҳолисининг ҳақиқий эҳтиёжларини белгилайдиган, устувор вазифаларни шакллантирадиган ва амалга оширилган ишлар натижасини баҳолайдиган муҳим институтга айланмоқда.
Бу тизим самарали ишлаши учун эса унинг ҳуқуқий механизмлари аниқ белгилаб қўйилиши зарур. Жумладан, маҳалла буюртмаси қандай тартибда шакллантирилади? У туман бюджети ва ривожланиш дастурларига қай тарзда киритилади? Агар таклиф рад этилса, бунинг асослари ким томонидан ва қандай шаклда тушунтирилади? Белгиланган вазифалар бажарилмаган тақдирда масъулият кимнинг зиммасига юкланади?
Бу каби саволларга аниқ ҳуқуқий жавоб бўлмаса, масъулият турли идоралар ўртасида тарқалиб кетиши мумкин. Натижада аҳоли кутган самарага эришиш қийинлашади, муаммоларни ҳал этишда жавобгарлик масаласи мураккаблашади.
Айни йўналишда “Ташаббусли бюджет” тажрибаси аҳолининг ўз ҳудуди ривожига дахлдор қарорларни қабул қилишдаги фаоллигини намоён этди. Энди бу тажрибани янада такомиллаштириш, самарали жиҳатларини қонунчилик асосида мустаҳкамлаш муҳим вазифалардан биридир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам маҳалладаги долзарб масалаларни қонунчилик ва бюджет жараёнларига олиб чиқиш, аҳоли манфаатларини ифода этиш ҳамда қабул қилинаётган қарорлар самарадорлигини таъминлашда муҳим кўприк вазифасини бажариши керак.
Тинчлик ва барқарорлик инвестиция учун ишончли заминдир
Еттинчи миллий дастур мамлакатимизнинг тинчликпарварлик сиёсати, дўстлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим вазифаларни белгилайди.
Бу бежиз эмас. Зеро, тинчлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик муносабатлари иқтисодий ривож учун муҳим омиллардан биридир.
Тарихий тажриба кўрсатадики, барқарорлик мавжуд бўлган жойдагина иқтисодий фаоллик ва инвестиция учун ишончли муҳит шаклланади. Яқин ўтмишда чегара масалаларидаги айрим муаммолар нафақат одамлар ҳаракатига, балки тадбиркорлик алоқалари ва савдо жараёнларига ҳам таъсир кўрсатди.
Бугун қўшни давлатлар билан ўзаро ишонч ва стратегик шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги очиқ ва конструктив сиёсати натижасида кўплаб давлатлар билан дипломатик ва иқтисодий алоқалар изчил ривожланиб бораётир.
Халқаро ташкилотлар доирасидаги фаол иштироки, кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради.
Эришилган ютуқларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, хусусан, миллатлараро тотувлик ва виждон эркинлигини таъминлаш, хорижлик инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек, миллий қонунчиликни халқаро ҳуқуқий меъёрлар билан уйғунлаштириш муҳим ва самарали йўналишлардан бири ҳисобланади.
Парламент эса халқаро шартномаларни кўриб чиқиш ва ратификация қилиш жараёнида уларнинг миллий манфаатларга мослиги, мамлакат тараққиётига хизмат қилиши ҳамда ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашига алоҳида эътибор қаратиши зарур.
Сифатли қонун самарали ислоҳот гарови ҳисобланади
Миллий дастурларни самарали амалга ошириш фақат янги қонунларни қабул қилишни эмас, балки қонун ижодкорлигига бўлган ёндашувларни замон талаблари асосида такомиллаштиришни ҳам тақозо этади.
Шу нуқтаи назардан, лойиҳаларни ишлаб чиқишда уларни муайян мезонлар асосида баҳолаш муҳим аҳамият касб этади.
Биринчидан, қонун лойиҳаси муайян ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган, аниқ мақсад ва вазифаларга эга бўлиши лозим. Яъни у фуқаролар, тадбиркорлар ва жамиятнинг реал эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилиши зарур.
Иккинчидан, ҳар бир қонун лойиҳасида кўзланган мақсад ва уни амалга ошириш натижалари аниқ белгилаб қўйилиши керак. Агар миллий дастурларда вазифалар муайян кўрсаткичлар орқали ифодаланса, уларнинг ҳуқуқий асосини яратувчи қонунлар ҳам амалий самарадорликни таъминлайдиган механизмларни назарда тутиши шарт.
Учинчидан, қонунлар содда, тушунарли ва барқарор ҳуқуқий муҳитни таъминлайдиган тарзда ишлаб чиқилиши муҳим. Фуқаро ҳам, тадбиркор ҳам қонун ҳужжатлари орқали ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ англай олиши, ҳуқуқий нормалар эса тез-тез ўзгариб, ноаниқлик келтириб чиқармаслиги керак.
Тўртинчидан, қонун лойиҳаларини тайёрлаш жараёнида жамоатчилик иштирокини янада кенгайтириш талаб этилади. Чунки аҳоли ва манфаатдор томонларнинг асосланган таклифлари қонунлар сифатини ошириш, уларни амалиётга янада яқинлаштириш ҳамда келгусида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, қонун қанчалик пухта ишлаб чиқилган, тушунарли ва ҳаётий эҳтиёжлар билан уйғун бўлса, унинг ижроси ҳам шунчалик самарали бўлади. Шу боис, миллий дастурларда белгиланган устувор вазифаларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, қонунчилик базасини такомиллаштириш ҳамда қабул қилинган ҳужжатлар ижросини аниқ мезонлар асосида назорат қилиш бугунги қонун ижодкорлигининг энг муҳим вазифаларидан биридир.
Мавлуда ХЎЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари