Рақобат қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи ёзувларни тартибга солиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори лойиҳаси (ID-9160) тайёрланган.

Ҳужжат билан амалиётда турли келишмовчиликларга сабаб бўлаётган айрим тушунчаларга аниқлик киритилмоқда. Хусусан, «ташқи ахборот воситаси», «ташқи ёзув», «ахборот кўрсаткичи», «пешлавҳа», «эълон» ва «маълумотлар тахтаси» каби атамаларга таъриф берилмоқда.

Лойиҳага кўра, савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш объектларида корхона номи ҳамда фаолият турини кўрсатувчи пешлавҳалар ташқи реклама объекти ҳисобланмайди.

Масалан, дорихона, сартарошхона, супермаркет, шифохона ёки қурилиш моллари дўкони эканини билдирувчи ёзувлар шундай пешлавҳалар жумласига киради.

Тадбиркорлик субъекти эгаллаб турган бинонинг кириш қисмида жойлаштирилган, унинг номи ва фаолият турини кўрсатувчи ёзувлар, шунингдек, шу тадбиркорнинг маҳсулотлари ҳақида бино витринасида берилган ахборот реклама ҳисобланмайди. Бундай ҳолларда реклама жойи паспортини олиш, тегишли рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш ва бунинг учун тўловларни амалга ошириш талаб этилмайди.

Лойиҳада ташқи муҳитга қаратилган, тижорат мақсадини кўзламайдиган ахборот воситалари ва ташқи ёзувларни реклама мазмунидаги ахборотдан фарқлаш ҳам назарда тутилган. Бундай воситаларга реклама ёки тижорат хусусиятига эга ахборот ва тасвирларни жойлаштириш орқали улардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Маълумот учун, реклама — эътиборни муайян объектга жалб қилиш, унга қизиқишни шакллантириш ёки қўллаб-қувватлаш, шунингдек, бозорда бевосита ёки билвосита фойда олиш мақсадида уни илгари суриш учун мўлжалланган ахборотдир.

Қўмита маълумотига кўра, хусусий мулк бўлган биноларда ташқи реклама конструкцияларини жойлаштириш ҳуқуқини берувчи реклама жойи паспортини маҳаллий ҳокимликлар, Тошкент шаҳрида эса шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти расмийлаштиради.

Рақобат қўмитаси эса реклама мазмунининг қонунчилик талабларига мувофиқлиги устидан давлат назоратини амалга оширади.

Қўмита юридик шахслар, тадбиркорлик субъектлари, компаниялар, ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчиликни қарор лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этишга чақирди. Келиб тушган таклифлар лойиҳани такомиллаштиришда инобатга олиниши билдирилган.

Лойиҳа муҳокамаси жорий йилнинг 25 апрелидан бошланган бўлиб, 10 майга қадар давом этиши белгиланган.