Учрашувда Урганч давлат университети ва Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг олий таълим муассасалари ўртасидаги илмий, академик ва инновацион ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Эрасмус+ дастури доирасидаги халқаро лойиҳаларда университет иштирокини кенгайтириш, Европанинг етакчи олий таълим муассасалари билан қишлоқ хўжалиги, сунъий интеллект, яшил энергетика ҳамда экология каби устувор йўналишларда янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тоиво Клаар Урганч давлат университетига ташрифи доирасида ректор Феруза Мадраҳимова ҳамроҳлигида Хорижий филология факультети талабалари билан учрашди.

Учрашувда элчи Эрасмус+ дастури, унинг ёшлар учун тақдим этаётган халқаро таълим имкониятлари, академик алмашинув дастурлари ҳамда Европа университетлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди.

Шунингдек, талабаларнинг халқаро таълим дастурларида иштирок этиши, хорижда билим ва тажриба орттириши, илмий-академик салоҳиятини ривожлантириш имкониятлари хусусида фикр алмашилди.

Учрашувда талабалар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан элчига бевосита мурожаат қилиб, тегишли маълумот ва тавсиялар олдилар.

Ҳамкорлик материали