Бу йил кўплаб ўзбекистонлик “Президент ҳожилари” деган улкан шараф билан ҳаж амалларини адо этиш бахтига муяссар бўлгани ушбу хайрли ишларнинг юксак ифодасидир. Улар орасида мен ҳам борлигимдан жуда мамнунман.
Муборак ҳаж зиёрати бир умрлик орзум
эди. Кўп йиллар давомида юртимиз фаровонлиги, маҳалла тинчлиги ва аҳоли
осойишталиги йўлида меҳнат қилдим. Маҳалла раиси сифатида фаолият юритган
йилларим одамларнинг дарди билан яшаб, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашдик.
Ёшларни тўғри йўлга бошлаш, оилалар ўртасида аҳиллик муҳитини мустаҳкамлаш,
эҳтиёжманд инсонларга ёрдам бериш каби хайрли ишлар доимо эътиборимиз марказида
бўлди.
Меҳнатларимиз Президентимиз томонидан эътироф
этилганидан оиламиз аъзолари, яқинларим ва маҳалладошларим ҳам жуда хурсанд
бўлди. Кутилмаганда қувончли хабар келди. Вилоят ҳокимлиги мутасаддилари келиб,
йўлланмани топшириб, табриклади.
Ҳаж зиёратига
иззат-ҳурмат билан кузатилдик. Ундан олдин Ислом цивилизацияси марказига ҳам экскурсияга
бордик. Президентимиз ташаббуси билан янгидан очилган маскан бебаҳо дурдона
эканига амин бўлдик. Ҳаж зиёратига кузатиш ва хайрлашув маросимлари
ҳаётимизнинг энг қувончли дамлари сифатида ёдимизда қолди. Саудия Арабистонида
ҳам жуда илиқ кутиб олиндик. Бизга зарур барча шароит яратиб берилди. Бу ҳам
Ўзбекистонимизнинг халқаро майдонда обрўси ва ҳурмати баланд эканлигини ҳис
қилдик.
Орамизда
турли соҳада фидойилик кўрсатган инсонлар бор эди. Ушбу жиҳат ҳам юртимизда ҳеч
бир кишининг меҳнати рағбатсиз ва эътибордан четда қолмаслигидан далолат.
Зиёратда
мамлакатимиздаги тинчлик бардавом, аҳоли турмуши янада фаровон бўлишини сўраб
дуо қилдик. Шундай кунлар учун шукроналар айтдик. Бундан буён ҳам халқимизнинг
ишончини оқлаб, маҳаллаларда тинчлик-тотувлик ва аҳилликни таъминлаш, ёшларга
тўғри таълим-тарбия бериш, эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашишга ҳиссамизни қўшиб
яшаймиз.
Азамат МАВЛОНОВ
Хатирчи тумани