Фанлар академияси мазкур ҳолат бўйича расмий муносабат билдириб, ушбу жараён ПФ-46 Фармони ижроси доирасида амалга оширилаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу фармонга мувофиқ, пойтахтнинг экологик ҳолатини яхшилаш мақсадида Мирзо Улуғбек туманидаги Ядро физикаси институти ва унга туташ ҳудудларда умумий 250 гектар майдонда замонавий дендрология боғи барпо этилади.
Белгиланган тартибга кўра, ер участкалари Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан захирага қайтарилиб, Экология қўмитасига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.
Экология қўмитаси ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитларига мос дарахт ва буталар турини танлаб, тегишли лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқади. Шу асосда ҳудудда кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади.
Шунингдек, мазкур ер майдони қурилиш ишлари учун эмас, балки атмосфера ҳавосини яхшилашга хизмат қиладиган йирик яшил ҳудуд — дендропарк ташкил этиш учун ажратилаётгани алоҳида таъкидланди.
Фанлар академияси жамоатчилик ва ОАВ вакилларини мазкур экологик аҳамиятга эга лойиҳани нотўғри талқин қилмасликка ҳамда асоссиз хавотирлар тарқалишига йўл қўймасликка чақирди.