Фарғона вилояти газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари ва ҳамкор ташкилотлар иштирокида ўтказилган рейдлар вақтида қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, Олтиариқ тумани “Чинортаги” МФЙда жойлашган, фуқаро А.О. га қарашли овқатланиш масканида хатлов ўтказилганда бинода лойиҳа-техник ҳужжатларсиз табиий газдан фойдаланилаётгани маълум бўлди. Ҳолат бўйича дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 3 миллиард сўмлик зарар қайд этилди.
Риштон тумани “Бўстон” МФЙда яшовчи фуқаро О.З. га тегишли дам олиш масканида табиий газдан фойдаланиш ҳолати ўрганилганда, лойиҳа-техник ҳужжатларини расмийлаштирмасдан табиий газдан фойдаланилаётгани аниқланди. Ҳолат юзасидан 2 миллиард 287 миллион сўм миқдорида қайта ҳисоб-китоб амалга оширилди.
Яна бир ҳолат Фурқат туманида фош этилди. Узунчек маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Т.Х. га тегишли новвойхонада яширин тармоқ орқали табиий газ қувурига уланиб олингани аниқланди. Қонунбузарлик оқибатида таъминот корхонасига 797 миллион 860 минг сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди.
Юқоридаги барча ҳолатлар бўйича ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.