19 ноябрь куни соат 06:19 да Сирдарё иссиқлик электр станциясидан Фарғона водийси вилоятларига электр энергияси етказиб берувчи «L-503» электр узатиш тармоғида авариявий узилиш содир бўлди.

Энергетика вазирлиги хабар беришича, ноқулай об-ҳаво шароити таъсирида мураккаб рельефли адирлик ҳудудида жойлашган электр узатиш тармоғи таянчларидан бири қулаб тушган. Натижада автоматик ҳимоя тизими ишга тушиб, мазкур тармоқ орқали электр энергияси узатилиши вақтинча тўхтаган.

Бу эса айрим истеъмолчиларнинг электр таъминотида узилишларга сабаб бўлган.

Айни пайтда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ мутахассислари ва авария-тиклаш бригадалари ҳодиса жойида иш олиб бормоқда. Авария оқибатларини бартараф этиш ва электр узатиш тармоғи фаолиятини тиклаш ишлари Тожикистоннинг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Таъмирлаш ишлари якунлангунига қадар Фарғона водийси вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотига вақтинчалик чекловлар киритилиши мумкин.

Вазирлик маълумотларига кўра, Фарғона водийсига электр энергияси бошқа тармоқлар орқали ҳам етказиб берилади. Хусусан, Фарғона вилоятига Тошкент вилоятидаги «Янги Ангрен» иссиқлик электр станциясидан чиқувчи 500 кВ кучланишли «L-524» электр узатиш тармоғи орқали ҳам электр энергияси узатилади.

Қайд этилишича, вазият Энергетика вазирлигининг доимий назоратида. Истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш ва узилишларни имкон қадар қисқа муддатда бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Вазирлик таъмирлаш ишларининг бориши ва электр таъминотидаги ўзгаришлар ҳақида қўшимча ахборот бериб борилишини маълум қилди.