Вилоят солиқ бошқармасининг маълум қилишича, яширин иқтисодиётнинг олдини олиш юзасидан Фарғона вилояти солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор таҳлиллар давомида йирик қонунбузилиш ҳолати фош этилган.

Аниқланишича, фуқаро Т.З. раҳбарлигида Фарғона шаҳрида ташкил этилган «E.F.F.» ва «F.E.O.Z.» МЧЖлари жорий йил май ойида Термиз шаҳрида рўйхатдан ўтган «T.B.S.E.» МЧЖдан гўёки 1,2 триллион сўмлик ун ва сариёғ маҳсулотларини сотиб олгани ҳақида электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирган.

Солиқ органлари томонидан корхоналарнинг ҚҚС ҳисоботлари таҳлил қилиниб, уларнинг юридик манзилидаги омборларда товарлар мавжудлиги ўрганилган. Натижада Фарғонадаги корхоналарга амалда ҳеч қандай маҳсулот етказиб берилмагани, шунингдек, мазкур товарлар учун бирор сўм ҳам пул ўтказилмагани маълум бўлган.

Шу тариқа, Термиз шаҳридаги корхона томонидан Фарғонадаги икки МЧЖ учун 125,4 млрд сўмлик сунъий ҚҚС суммасини шакллантиришга уринилгани аниқланган.

Тезкор чоралар натижасида «E.F.F.» ва «F.E.O.Z.» МЧЖларнинг ҚҚС гувоҳномалари вақтинча тўхтатилиб, аниқлаштирилган ҚҚС ҳисоботлари қабул қилинди ҳамда 125,4 млрд сўмлик сунъий ҚҚС ҳисобдан чиқарилди.

Маълум бўлишича, мазкур фирибгарлик схемаси ижтимоий тармоқлар орқали сохта фискал чекларни тарқатиш ва улар асосида ноқонуний кешбэк олиш имкониятини яратиш мақсадида ташкил этилган.

Ҳолат юзасидан тўпланган материаллар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Солиқ органлари фуқароларга «Солиқ» мобиль иловасида фақат ўзлари амалга оширган харид ёки олган хизмат учун берилган ҳақиқий фискал чекларни рўйхатдан ўтказишни, ижтимоий тармоқлар ёки бошқа шахслар орқали тарқатилаётган сохта чеклардан фойдаланмасликни тавсия қилди. Бундай ҳаракатлар қонунга зид ҳисобланади ва белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.