Ана шундай ҳайбатли манзара оғушида муаззам майдон юртдошларимиз, хориждан келган меҳмонлар билан гавжум. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази расман очилганига ҳали кўп бўлмади. Ўтган саноқли кунларда бу муҳташам мажмуанинг довруғи олам узра таралмоқда, буни маҳобатли масканни ўз кўзи билан кўриш учун дунёнинг турли мамлакатларидан атай келаётган сайёҳлар оқими ҳам далиллаб турибди. Уларнинг ҳайрат тўла юз ифодасидан ўзбек халқининг бунёдкорлик ва донишмандлик закосига ҳурмат-эҳтиром сезасиз.
Оиламиз
билан иккинчи марта зиёратга бордик. Ўтган ҳафта кундузи сайр қилгандик,
иккинчи гал кўнгил мажмуанинг оқшомги тароватини ҳам ҳис қилишни ихтиёр этди.
Ҳамроҳларим — отам, онам, турмуш ўртоғимга қарайман. Улар ўз оламининг ташбиҳи
билан банд. Оилавий ҳайратимизни фусункор Хастимом оқшомининг маҳобати билан
уйғунлаштиришга ҳаракат қиламан. Отам қарийб ярим аср яшаган, онам билан турмуш
ўртоғим келин бўлиб тушган, ўзим ҳам чорак аср вояга етган қадрдон маҳалламиз
ҳудуди қачондир дунёни ўзига ром қилишини ҳеч биримиз ҳаёлимизга ҳам
келтирмаганмиз.
Тўғри,
Хастимом даҳаси азалдан мусулмон оламини ўзига жалб қилиб келган. Бу ердаги
Бароқхон, Мўйи Муборак мадрасалари, Намозгоҳ ва Тилла Шайх масжидларидан иборат
ансамбль обидаларини бир бор кўришга иштиёқмандлар доим бўлган. Аммо бу зиёрат
тор доирада, асосан ислом эътиқодидаги кишиларнинг муқаддас тарихий маскани
сифатида эди. Зеро, Хастимом нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида алоҳида нуфуз ва эътибор қозонган табаррук
маскандир.
Бугун
у Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилгани шарофати ила
нафақат тарихий, шу билан бирга ўзида азалий қадриятларни жо қилган энг илғор
ва замонавий архитектура мажмуаси ўлароқ ирқи, дини, эътиқодидан қатъи назар,
минглаб эмас, миллионлаб одамлар бир бор кўришни ният қилаётган манзил мақомини
олди.
Марказнинг
Қорасарой кўчасига қараган Улуғбек портали зинасига қадам босар эканмиз, отам
тўхташимизга ишора қилди.
—
Уйимиз тахминан мана шу жойда жойлашган эди, — деди отам қўли билан ишора қилиб
чегараларни кўрсатар экан. — Бугун эса тумонат одам бир пайтлар ҳовлимиз бўлган
ҳудуд орқали шундай муқаддас мажмуага кириб-чиқиб турибди.
Қадриятларимизнинг
ёзилмаган қонунқоидалари кўп. Отам оиламиз
учун бир вақтлар бошпана бўлган хонадонимиз ўрнида туриб, бу ерларда яшаб ўтган
аждодларимиз, қўни-қўшни, қариндошу маҳалладошларимиз хотирасига Қуръон
оятларидан тиловат қилди. Юзимизга фотиҳа тортдик ва руҳимиз анча енгиллашди,
назаримда.
Ота-онамни
толиқтириб қўймаслик мақсадида оҳиста юриб, ҳудудни айландик. Одамларни
кузатдим. Теваракнинг гўзаллиги барчани бирдек мафтун қилган. Чироқлар нури ва
деворларда акс этаётган ажабтовур тасвирлар кичкинтой сайёҳларнинг қувноқ
ҳайқириғига сабаб бўляпти. Бироқ бундан ҳеч ким безовталаниб, юз
буриштираётгани йўқ. Чунки барчанинг юзида табассумга уйғун ҳайрат ва ҳамма
ўзининг ўша ҳайрат оламига сингиб кетган.
Сабаби,
бу ерда мўъжиза устига мўъжизалар гувоҳи бўлиш мумкин. Бугун Эски шаҳар юрагида
замонавий технологиялар ва тарихий хотира уйғунлашган янги маданий макон намоён
бўлмоқда. Президентимиз ташаббуси ва ғояси асосида барпо этилган Ислом
цивилизацияси марказида қош қорайгач, ноёб 3D мэппинг-шоу томошабинларга тақдим
этилмоқда. Лойиҳа Ўзбекистон музей маконида замонавий рақамли технологиялар
орқали тарих ва маърифат ғояларини етказишга қаратилган илк йирик
ташаббуслардан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Ислом
цивилизацияси маркази бугун нафақат илмий ва маърифий мазмуни, балки инновацион
ва креатив ечимлари билан ҳам жамоатчилик эътибори марказида. Мажмуа
ичкарисидаги экспозициялар илғор рақамли технологиялар асосида ташкил этилган
бўлса, унинг ташқи меъморий қиёфаси ҳам томошабинлар учун ўзига хос саҳнага
айланган. Қуёш ботиб, қоронғи туша бошлаши билан марказ деворларида ёруғлик,
ранг ва ҳаракат уйғунлигида намойиш этилаётган 3D мэппинг-шоу тарихни кўз олдингизда
жонлантиради.
Мазкур
мэппинг-шоуни томоша қилиш учун марказ атрофига ҳар сафар 5000 дан зиёд
маҳаллий аҳоли ва хорижлик меҳмон тўпланади. Томоша икки сеансда намойиш
этилади. Ҳар бир чиқиш катта қизиқиш ва олқишлар билан қарши олинади. Ушбу
визуал лойиҳа одамлар қалбида ўзига хос туйғулар уйғотиб, тарих ва маърифатни
янги шаклда ҳис қилиш имконини бермоқда.
Бир
пайт одамлар орасидан бир киши биз томон қучоқ очиб кела бошлади. Қарасам, шу
маҳаллада яшаган қўшнимиз Раҳим амаки экан. У отамдан чамаси 4-5 ёш катта.
Кўринишидан анча бардам, тетик. “Ие, ие, ўзимнинг хастимомликларим”, дея
кўришишга чоғланди. Минг йиллик қадрдонлар каби бир-биримизни бағримизга
босдик. Хастимомда ўтган даврларни эсга олдик.
—
Ҳаммангиз келиб яхши қилибсизлар, — деди Раҳим амаки отамга юзланиб. — Ҳар бир
юртдошимиз бу ноёб маданий масканни кўриши, тарихимизни ҳис қилиши ва билиши
шарт. Бу ерлар тез-тез келиб кўришга арзийдиган даражада обод бўлибди. Тунов
куни ўғлим ва набираларим билан мажмуанинг ичкаридаги залларини кўрган эдик.
Бугун атрофни бир ўзим айлангим келди. Бу кунларга гувоҳ бўлиш, афсуски, кўплаб
маҳалладош дўстларимиз, ака-укаларимизга насиб қилмади. Бизга эса кўрсатганига
шукр.
* * *
Тошкентликларнинг қизиқ бир одати бор. Танимаган ҳамшаҳри
билан гурунглашиб қолса, гап гапга уланиб кетса, албатта, қайси маҳалладан
эканини суриштиради. Шундай кезларда ўзим туғилиб ўсган, шу ердаги мактабда
ўқиган, оила қурган, 25 ёшимга қадар истиқомат қилган масканимни ғурур ва
ифтихор билан тилга оламан: “Хастимомданман!”. Савол берган одамнинг юзида шу
заҳоти ҳавас билан бирга каминага ҳурмат пайдо бўлади ва доим муносабат бир хил
янграйди: “Жуда улуғ жойлардан экансиз!”.
Хастимом
азалдан Тошкентнинг ислом, илм-маърифат,
ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ марказларидан бири бўлган. Бунга ушбу масканда
яшаб ўтган кўплаб мутафаккир, исломшунос олим, диний уламолар, ҳудуднинг
жуғрофий жойлашуви, ирригация иншоотлари — анҳор ва ариқлари сабаб бўлган.
“Хастимом” сўзи эса “Ҳазрати Имом” атамасининг қисқартирилган шакли. Бу ном
мусулмон олами имомларидан бири Абу Бакр Муҳаммад Қаффол Шоший мақбараси
номидан олинган. Маҳаллий халқ унинг ҳурматидан бу жойни шундай атаган.
Умуман
олганда, бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази маҳобати, майдони ва
қамровига кўра, дунёда ислом тарихи, маданияти ва цивилизацияларини ўрганиш
ҳамда тарғиб этишга қаратилган йирик мажмуалардан бири бўлиб тарих
зарварақларига кирмоқда.
Мажмуа
атрофини икки марта айланиб чиқдик. Осмонга қарасам, гўё бу ердан кетгим
келмаётганини сезгандек, ғужғон ўйнаган юлдузлар липиллаб кўз қисади. Уларга
ҳавасим келди. Ахир ҳар куни мафтункор манзарани кўкдан томоша қилади. Юлдузга
хос милтираган жилвасини бир пайтлар бола бўлиб югуриб юрган кўчаларим ўрнида
қад ростлаган муҳташам мажмуанинг деворларига нур қилиб етказиш билан банд.
Нуронийлик
барибир ўз сўзини айтар экан — отам билан онам уйга қайтиш тараддудига тушиб қолди. Хастимомнинг тароватли
оқшоми бизни яна қайтиб келиш шарти билан кузатиб қўйди.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги
Ўзбекистон” мухбири