Айниқса, иқтисодий салоҳияти юқори, миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига катта ҳисса қўшувчи ҳудудлар учун мақсадли давлат дастурлари муҳим аҳамият касб этади. Президентимизнинг 2026 йил 13 мартдаги “Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори ҳам ушбу ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган стратегик ҳужжат сифатида воҳа аҳолиси томонидан мамнуният билан қабул қилинди.
Қарорнинг асосий моҳияти Қашқадарё вилояти иқтисодиётини
диверсификация қилиш, аҳоли бандлигини ошириш, бизнес муҳитини ва ижтимоий
инфратузилмани яхшилаш, яшил тамойилли ёндашувларни жорий этиш орқали юқори
ижтимоий-иқтисодий ўсишни таъминлашдан иборат.
Ҳужжатда иқтисодиётнинг реал секторини ривожлантиришга алоҳида эътибор
қаратилган. Саноатни модернизация қилиш, саноат корхоналарини технологик
янгилаш ва энергия самарадорлигини таъминлаш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар
рақобатбардошлигини ошириш ва экспорт ҳажмини кўпайтиришга йўналтирилган муҳим
тадбирлар белгиланган. Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 8,2 фоиз, саноат
ишлаб чиқариш ҳажми 8,6 фоиз, бозор хизматлари ҳажми 15,9 фоиз, қишлоқ хўжалиги
маҳсулотлари етиштириш ҳажми 5,8 фоиз ва қурилиш ҳажми 13,2 фоиз ўсишига эришиш
2026 йилда юқори иқтисодий ўсишни таъминлашнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари
сирасига киради. Ишсизлик даражасини 3,2 фоиз ва камбағаллик даражасини 3 фоизга
пасайтириш, шунингдек, ҳудудий экспорт ҳажмини 1,3 баравар, инвестициялар
ҳажмини 1,6 баравар ошириш белгиланган. Инвестиция муҳитини яхшилаш мақсадида
хорижий ва маҳаллий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун институционал
шароитлар яратиш, солиқ ва маъмурий енгилликлар жорий этиш назарда тутилган.
Қарорнинг муҳим жиҳати — ижтимоий йўналтирилганидадир. Айниқса,
бандликни таъминлаш, янги иш ўринлари очиш орқали аҳоли даромадини ошириш,
таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, яъни инсон капиталини ошириш
орқали узоқ муддатли иқтисодий ўсишга замин ҳозирлашнинг асосий тамойиллари
белгилаб берилган. Инфратузилмани модернизация қилиш, транспорт, энергетика ва
коммунал хизматлар сифатини яхшилаш бўйича ҳам манзилли чора-тадбирлар кўзда
тутилган бўлиб, бу “инсон капитали — иқтисодий ўсиш драйвери” концепциясига
тўлиқ мос келади.
Қарорда белгиланганидек, инновацион иқтисодиётни ривожлантиришга
хизмат қиладиган, ҳудудда технопарклар ва саноат зоналарини яратиш, рақамли
иқтисодиётни жорий этиш, илмий тадқиқот натижаларини амалиётга татбиқ этиш
бўйича устувор вазифалар амалга оширилади.
Халқимиз фаровонлигини таъминлаш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси
100 миллион АҚШ доллари ажратади. Вилоятда янги имконият ва ташаббусларни ишга
солиш, тадбиркорлик инфратузилмасини яхшилаш учун республика бюджетидан 190
миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Вилоятда энергия самарадорлигини ошириш, “яшил” технологияларни жорий
этиш ва “яшил” истеъмол кредитларини ажратишга алоҳида эътибор берилган.
Айниқса, вилоятдаги 311 та ижтимоий соҳа муассасасини иссиқ сув билан таъминлаш
мақсадида 623 та гелиоколлектор (қуёш сув иситиш коллекторлари) ўрнатилиши
барқарор иссиқ сув билан таъминлаш ва энергия ресурсларини тежаш имконини
беради. Агар бу рақамларни вакуумли гелиоколлектор мисолида таҳлил қилсак,
битта коллектор йилига 1700-2000 киловатт-соат иссиқлик энергияси беради.
Натижада битта вакуумли гелиоколлектор (20-24 шиша трубкали) 180-200 куб метр
газни ёки 1700-1800 киловатт-соат электр энергиясини тежашини ҳисобга олсак,
ўрнатилган 623 та гелиоколлектор ёрдамида йилига 124 минг 600 куб метр табиий
газ ёки 1 миллион 121 минг 400 киловатт-соат электр энергияси иқтисод қилиниши
маълум бўлади.
Қарши давлат техника университетида таълим сифатини яхшилаш ва
замонавий лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш учун 9 миллиард сўм ажратилди.
Бу маблағ воситасида, ҳудуд иқтисодиёти ва саноат корхоналари эҳтиёжидан келиб
чиқиб, университетда замонавий лаборатория мажмуаси барпо этилади. Натижада
университетда ёш олимлар ва илмий мактаблар учун илмий тадқиқотларни
ривожлантириш, вилоятдаги муаммоларни илмий асосда ўрганиш, тадқиқ қилиш ва
ечимлар ишлаб чиқиш учун етарли шароит яратилади. Ёш олимлар ва талабалар
ҳудудий инновацион лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этади. Саноат корхоналари
учун илмий-консалтинг хизматлари кўрсатилади.
Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилида вилоятдаги 99 та
маҳаллага университетнинг 800 дан ортиқ талабаси бириктирилди. Уларнинг
амалиёти шу ҳудудда ташкил қилинмоқда. Архитектура ва қурилиш соҳасидаги
битирувчи талабалар, магистрлар ва ёш тадқиқотчилар Қарши туманидаги Гулшан
маҳалласининг бош режасини ишлаб чиқмоқда.
Энергетика муҳандислиги факультети тадқиқотчилари ва талабаларидан
иборат гуруҳ Гулшан маҳалласида энергия истеъмолчилари юкламасини таҳлил қилиш,
маҳаллада ўрнатилган қуёш панелларининг самарадорлигини ошириш бўйича
илмий-техник ечимлар устида фаолият юритяпти.
Университетда Ўзбекистон — Германия ҳамкорлигида хорижий тиллар ва
касбга ўқитиш маркази очилди. Германия компанияси билан ҳамкорликда ёшларни иш
билан таъминлаш истиқболлари белгилаб олинди. Талабалар ва маҳаллий аҳоли учун
илк немис тили ўқитиш дастурини амалга ошириш ишлари бошланди. Мазкур лойиҳа
замонавий техника, интеллектуал ўқув платформалари ва Европа стандартларига мос
ўқув материаллари асосида самарали таълим усулини ишлаб чиқишга қаратилган.
Лойиҳанинг изчил амалга оширилиши минглаб ёшларнинг Германияда ўқиши
ва ишлаши учун кенг имконият яратади. Германиянинг “Просика” ва “Мотиба”
компаниялари билан ҳамкорликда жорий йил 3 минг, 2030 йилгача жами 50 минг
нафар ёшни ушбу лойиҳа орқали нуфузли немис компанияларига ишга юбориш режа
қилинган.
Президентимиз қарори Қашқадарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий
ривожланишида тизимли ва комплекс ёндашувни таъминлайди. Унинг ижроси ҳудудда
иқтисодий ўсиш суръатини барқарорлаштириш, аҳоли турмуш даражасини янада
яхшилаш, вилоятнинг инвестицион ва инновацион салоҳиятини оширишга хизмат
қилади. Шу жиҳатдан мазкур қарорни ҳудудий ривожланишнинг институционал асосини
мустаҳкамловчи ва миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишига ҳисса қўшувчи
стратегик ҳужжат сифатида эътироф этиш ўринлидир.
Ғулом УЗОҚОВ,
техника фанлари доктори, профессор