Бу ёш тоифасидаги Ўзбекистон терма жамоаси биринчи учрашувда жасмонан бақувват Кот-д'Ивуар футболчилари билан тенгма-тенг курашди. Охирида ўтказиб юборилган гол эвазига бир тўп фарқи билан ютқазди.
Футболчиларимиз Ямайка билан бўлган иккинчи ўйинда ҳисобда ортда боришига қарамай, рақиб дарвозасига олтита тўп киритиб, мағлубиятни ғалабага айлантириб юборди. Гуруҳдаги учинчи учрашувда терма жамоамиз Европанинг амалдаги чемпиони Италияга қарши саф тортади. Табиийки, ўйинларни таҳлил қилиб борувчи статистика марказлари бу тўқнашувда европаликларнинг имкониятини бироз юқори баҳоламоқда.
Хусусан, Dongqiudi мустақил статистик модели қуйидагича тахмин билдирди:
- Ўзбекистон ғалабаси – 30 фоиз
- Дуранг – 25 фоиз
- Италия ғалабаси – 45 фоиз.
Буларнинг бари ўйин олдидан тахмин холос. Ҳеч бир учрашув натижасини олдиндан билиб бўлмайди. Айниқса, ўсмирлар ва ёшлар футболида. Футболда ҳаммаси майдонда ҳал бўлади.
Зеро, Италия терма жамоаси бош мураббийи Даниэле Франческини ҳам ўйин олдидан Ўзбекистонни сифатли футболчиларга эга, тактик жиҳатдан яхши шаклланган жамоа, деб таърифлади. У учрашув қийин бўлишини ҳам таъкидлаган.
Ўзбек футболчилари дастлабки икки учрашувда мураккаб вазиятларда ҳам кураша олиш қобилиятини, иродасини намойиш қила олди. Италияликлар билан бўладиган баҳсда ҳам натижа қандай бўлишидан қатъи назар, йигитларимиз бор қобилиятини ишга солишига аминмиз.
Терма жамоамиз ҳужумчиси Суҳроб Садиржоновнинг ямайкаликлар дарвозасига учта тўп киритганидан кейин Қатардаги жаҳон чемпионати кашфиётларидан бири сифатида эътироф этилди.
Бундан ташқари, Муҳаммад Ҳакимов халқаро футбол ҳамжамияти назарига тушганига анча бўлди. Ҳакимов октябри ойида Фабио Каннаваро қўл остида Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам дебютини нишонлаб, бош жамоада ўйин ўтказган энг ёш футболчи сифатида номи тарихга кирди.
Ўзбекистон U-17 терма жамоаси сафидаги барча ўйинчилар ўзбек футболининг янги авлоди сифатида катта футболга қадам ташламоқда. Улар орасидан жаҳон футболида юқори чўққиларга кўтарилишга қодир футболчилар етишиб чиқишига умид қилиб қоламиз ва бўлажак учрашувларда муваффақият ёр бўлишини тилаймиз.
Зоҳир ТОШХЎЖАЕВ,
спорт журналисти