Ушбу талаб энди фақат стационар радарларга тегишли. Ўзгаришдан мақсад сифатида йўл ҳаракати қоидалари бузилишлари сонини камайтириш кўрсатилган.

Вазирлар Маҳкамаси 29 октябрдаги қарори билан мобил радарлардан фойдаланишда "Радар" йўл белгиси бўлиши кераклиги тўғрисидаги талабни бекор қилди. У 2025 йил 1 сентябрдан "Транспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида"ги қарор билан жорий этилганди.

Бундан буён "Радар" белгиси фақат ҳаракат тезлигини назорат қилувчи стационар радарлар олдига ўрнатилиши керак.

Йўл ҳаракати қоидалари белги радардан камида 250 ва кўпи билан 500 метр масофада жойлашиши кераклиги тўғрисидаги норма билан тўлдирилди.

Ўзгаришлардан мақсад сифатида қоидабузарликларни фото ва видеофиксация қилиш воситаларидан фойдаланишни такомиллаштириш орқали ЙҲҚ бузилишлари сонини камайтириш кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳужжат билан хавфсизлик камарини тақмаслик энди тадбиркорлар томонидан ўрнатилган камералар орқали ҳам қайд этилиши белгиланган. Бундан ташқари, ЙПХ инспекторлари чорраҳагача 50 метр ва қайрилиб олишгача 20 метр масофада яхлит чизиқни босишни эндиликда ЙҲҚ бузилиши сифатида қайд этмаслиги керак.