Кибержиноятларга қарши курашиш йўналишида ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ноқонуний ГСМ-шлюз қурилмаларидан фойдаланиб, сохта Call-марказ ташкил қилган ҳамда фирибгарлик орқали ўзлаштирилган пул маблағларини крипто-актив кўринишида чет элга чиқариш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Хусусан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи, 1989–2005-йиллар оралиғида туғилган 5 нафар шахс Миробод туманидаги нотурар бинони ижрага олиб, сохта Call-марказ ташкил этишган.

Гуруҳ билан алоқадор бўлган, 1989 й.т. фуқаро эса ўзганинг яшаш хонадонини ижарага олиб, Call-марказ фаолиятида фойдаланиш мақсадида ушбу манзилга ГСМ-шлюз қурилмасини ўрнатган.

Тошкент вилоятида яшовчи, 1979 й.т., муқаддам судланган шахс раҳбарлик қилган жиноий гуруҳ аъзолари орасида нуфузли банклардан бирининг бош офиси киберхавфсизлик бўлими ишчиси ҳам бўлган.

Гуруҳ аъзолари турли банклар номидан фуқароларга қўнғироқ қилиб, гўёки уларнинг номига фирибгарлар томонидан кредит олишга уриниш бўлаётганлигини айтиб, алдов йўли билан жабрланувчиларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритиш орқали, уларнинг банк карталаридаги пул маблағларини ўзлаштиришган ҳамда номларига онлайн кредитлар расмийлаштиришган.

Натижада жиноий йўл билан топилган жами 8 млн АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағаларини криптовалюта кўринишида сохта МЧЖ орқали хорижий давлатга олиб чиқиб, легаллаштиришган.