Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров Япониянинг «Onodera User Run» компанияси раҳбари Жун Като билан учрашди.

Учрашувда ҳайдовчилик соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш, уларни халқаро талаблар асосида ўқитиш ва Японияда иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Лойиҳа доирасида 7 ойлик махсус ўқув дастури жорий этилади. Унда иштирокчилар япон тили, транспорт хавфсизлиги ва амалий ҳайдовчилик бўйича билим ва кўникмаларини оширади.

Ўқув курсини тамомлаган фуқаролар япон иш берувчилари билан суҳбатдан ўтказилиб, муваффақиятли номзодлар Японияга ишга юборилади.

Ташаббус фуқароларни иш билан таъминлаш ва халқаро меҳнат бозорида янги имкониятлар яратишга қаратилган.