Жорий йилнинг 12 сентябрь куни соат 03:16 ларда Гулистон тумани Олтин водий МФЙ Комиллик кўчасида жойлашган «Инкассация хизмати» МЧЖга қарашли банкоматдан Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати Мониторинг марказига ташвиш сигнали келиб тушган.
Сигнал қабул қилиниши билан маълумот зудлик билан Гулистон тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати тезкор ҳаракатланувчи гуруҳига етказилган. Ходимлар воқеа жойига йўл олган.
Тезкор гуруҳ воқеа жойига етиб борганида банкомат олдида юзини беркитган ва қўлига қўлқоп кийган шахс тургани аниқланган. У қўлидаги болта ва бошқа ашёлар ёрдамида банкоматнинг ташқи қисмини бузишга уринган.
Қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан шахс ушланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.