Бу ҳақда Президентнинг 2026 йил 10 ноябрдаги «Янги Тошкент шаҳри ва ҳудудларда юқори мультипликатив самарага эга йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–243-сон фармонида белгиланган.
Ҳужжатга мувофиқ, тегишли маъмурий-ҳудудий бирлик ташкил этилгунига қадар махсус ҳуқуқий режим доирасида Янги Тошкент шаҳри ҳокимлиги ташкил этилади. Унинг ҳокими тегишли маъмурий-ҳудудий бирлик ташкил этилгунига қадар ўз фаолиятини амалга оширади.
Ҳокимлик бошқарув аппаратининг намунавий тузилмаси фармоннинг 4-иловаси билан тасдиқланган. Унга кўра, ҳокимлик тизимида ҳоким, унинг ёрдамчиси, биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари, шунингдек, ахборот сиёсати ҳамда ташкилий-назорат йўналишлари бўйича масъуллар фаолият юритади.
Шунингдек, Янги Тошкент шаҳрида давлат органлари ва ташкилотларининг бўлинмалари ташкил этилади. Уларнинг штат бирликлари фармоннинг 5-иловасига мувофиқ белгиланган. Мазкур бўлинмалар бошқарув ходимларининг умумий штат бирликлари сони 30 тани ташкил этади.
Ҳокимлик ва унинг ҳудуддаги давлат органлари ҳамда ташкилотлари фаолияти маҳаллий бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотлар бундан мустасно, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилади.
Фармонда Янги Тошкент шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг махсус тузилмаларини ташкил этиш ҳам назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, Янги Тошкент шаҳри ҳокимлиги ва тегишли давлат органлари ҳудуддаги давлат органлари ҳамда ташкилотларининг ваколатлари доирасидаги масалалар бўйича қарорлар қабул қилади. Улар ўз ваколатига киритилмаган вазифаларни ҳам мустақил амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.
Вазирлар Маҳкамасига Янги Тошкент шаҳри ҳокимлигини ташкил этиш билан боғлиқ зарур ташкилий-техник чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва белгиланган муддатларда амалга ошириш топширилган.
Шунингдек, уч ой муддатда илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида Янги Тошкент шаҳрининг маъмурий-ҳудудий бирлик сифатидаги мақомини белгилаш бўйича таклиф киритилиши керак.