Чинакам зиёлилик атрофда бўлаётган воқеаларга бефарқ қараб турмаслик, мустақил фикрлай олиш ва жамиятдаги муаммоларни кўрганда “менга нима” деб қўл силтаб кетмасдан, уларнинг ечимига виждонан масъулият сезишдир. Зиёлининг қадри ҳам у нечта мақола ёзгани эмас, балки айтган сўзи ва қилган иши одамлар ҳаётида қандай ўзгариш ясаётгани билан ўлчанади.

Яқин тарихга назар ташланг: ХХ аср бошидаги жадид боболаримиз — Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат кабиларнинг бирортасида бугунгидек замонавий академиялар ёки миллиардлаб грантлар бўлмаган. Лекин улар миллатнинг дардини ўз дарди деб билгани, одамларнинг кўзини очиш учун бор-будини, ҳатто жонини тиккани сабаб чинакам зиёлига айланди.

Бугунги зиёлилик ҳам худди шундай бефарқликка қарши иммунитети, қилган иши одамлар ҳаётида нечоғлиқ ёруғлик таратаётгани билан белгиланиши лозим.

Ўзбекистон Қаҳрамони, закий мунаққид Озод Шарафиддинов таъбири билан айтганда, “Бугунги замон ёхуд давр билан ҳамқадам, ҳамнафас юрмоқ учун тинимсиз равишда ўз-ўзини таҳлил қилиб бориш, босиб ўтган йўлига танқидий назар билан қараш, умумлашмалар қилиш, йўлнинг қайси нуқтасига етиб келганлигини белгилаб олиш, белгиланган жойга етиб келолмаган бўлса, бунинг сабабларини ҳалол ва тўғри аниқлаш талаб қилинади. Бу вазифани эса зиёлилар бажармоғи керак бўлади”.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда мактабгача таълимдан тортиб, олий таълим ва илм-фангача бўлган яхлит узлуксиз тизим барпо қилинди. Унда инсон капиталини ривожлантириш, уни замонавий тенденциялар билан уйғунлаштириш учун кенг институционал шароитлар яратилди.

Ҳар қандай ислоҳотга жон бағишлайдиган, уни қоғоздан ҳаётга кўчирадиган куч жамиятнинг энг илғор қатлами бўлмиш зиёлилардир. Шу боис, олимлар, педагоглар, ижодкорлар ва фидойи мутахассислар жамиятнинг уйғоқ виждони сифатида майдонга чиқмас экан, энг мукаммал қонун ва дастурлар доим ҳам кутилган натижани бермайди.

Янги Ўзбекистон зиёлиларининг бош миссияси ҳам яратилган имкониятларни одамларнинг кундалик турмуш фаровонлиги ва маънавий юксалишига хизмат қилдиришдан иборат.

Инсон интеллектуал ривожланишининг дастлабки кўникмалари болалик даврида — оила ва мактабгача таълим муҳитида шаклланади. Боланинг оламга ҳайрат билан боқиши, савол беришга қизиқиши, мустақил фикрлашга интилиши айнан шу босқичда шаклланади.

Шу боис, мактабгача таълимни фақат болани мактабга тайёрлаш воситаси эмас, балки миллатнинг эртанги зиёли қатламини етиштирувчи муҳим пойдевор сифатида кўриш лозим.

Бу борада мамлакатимизда тарихий бурилиш юз берди.

2017 йилда мактабгача таълим билан қамров атиги 27 фоизни ташкил этган бўлса, 2026 йилга келиб 78 фоизга етди — қамров қарийб уч баробар кенгайди. ­Сўнгги ўн йилда 1 миллион 800 минг ўринли боғчалар ва 1 миллион 500 минг ўринли мактаблар барпо этилди, 10 мингдан ортиқ таълим муассасаси замонавий қиёфага келтирилди. Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи эса миллатнинг энг сара иқтидорларини эрта кашф этиш майдонига айланди.

Олий таълимда ҳам вазият тубдан ўзгарди. 2016 йилда олий таълим қамрови 9 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 44 фоиздан ошди, 2026 йилда эса
45 фоизга етди. Олий таълим муассасалари сони 77 тадан 205 тага кўпайди. Биргина 2025/2026 ўқув йили учун бакалавриат ва магистратура босқичларига 45 минг 422 та давлат гранти ажратилгани, хусусан, муҳандислик ва техник йўналишларга устуворлик берилгани эртанги кун бунёдкорларини тайёрлашга қаратилган улкан сармоядир.

Яна бир муҳим жиҳат. Бугун устоз ва зиёлининг қадри давлат сиёсати даражасида улуғланмоқда. 2023 йилда янгиланган Конституцияда ўқитувчи меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини бойитишнинг асоси сифатида мустаҳкамланди. Бу норма педагог ва зиёлини шунчаки таълим берувчи эмас, балки миллат маънавиятининг таянчи мақомига кўтарди.

Миллатнинг зиёли қатлами китобхонликдан униб чиқади. 2026 йил бошида қабул қилинган дастур асосида 2030 йилгача мамлакатда аҳолининг китоб ўқиш кўрсаткичини йилига ўртача 10 та китобга етказиш мақсад қилинди, китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармасига йилига 20 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино: “Илм — нарсаларнинг инсон ақли ёрдами билан ўрганилишидир, амалсиз илм эса мевасиз дарахт кабидир”, деб таъкидлаган эди. Зеро, ёш авлод қалбида ҳалоллик, ватанпарварлик ва мустақил фикрлаш каби фазилатлар юксак даражада мужассам бўлиши лозим.

Оддий ҳақиқат шундаки, уйида китоб ўқилмайдиган ота-она боласидан мутолаани талаб қилолмаганидек, ўзи ҳалол ва изланувчан бўлмаган зиёли ҳам ортидан ёшларни эргаштиролмайди.

Қонимиздаги тафаккур коди ва рақамли аср чақириқлари

Мамлакатимизда илм-фан ва маърифат хусусида сўз кетганда, беихтиёр кўз ўнгимизда Ватанимиз заминида яшаб, бутун башарият тафаккурини нурафшон этган буюк қомусий мутафаккирлар — Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад ал-Фарғоний, Маҳмуд аз-Замахшарий, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий сиймолари гавдаланади.

XI асрдаги Хоразм Маъмун академиясидан тортиб, темурийлар даври Ренессансигача бўлган тарихимиз жамият юксалишининг бошида ҳамиша маърифатпарвар зиёлилар турганидан далолат беради.

Бугун тарихий мероснинг давомийлиги уни шунчаки фахр билан тилга олишда эмас, балки замонавий илм-фан ­ютуқларини яратиш ва уларни халқ фаровонлигига йўналтиришда намоён бўлади.

Президентимизнинг илм-фан намояндалари ва ижодкор зиёлилар билан ўтказган учрашувларида илмий салоҳиятдан самарали фойдаланиш ҳамда олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига устувор аҳамият берилгани ҳам айни шу мақсадга қаратилган.

Олимнинг меҳнатига муносабат қай даражада ўзгарганини, энг аввало, рақамлар кўрсатади. Биргина 2025 йилнинг ўзида илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига қарийб 1,7 триллион сўм йўналтирилди. Бугун мамлакатимизда 43 мингдан ортиқ тадқиқотчи фаолият юритмоқда. Улар қаторига хориждан қайтаётган ватандошларимиз ҳам қўшилмоқда. Фанлар академияси ўнта муҳим йўналишда йўлга қўйган икки йиллик реинтеграция грантлари ўзга юртларда тажриба орттирган олимларимизга “Уйингизга қайтинг, билимингиз шу ерда керак”, деган очиқ таклиф мисолидир.

Олдинда бундан ҳам катта мақсадлар турибди. 2030 йилгача илм-фанга сарфланадиган маблағнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини ўн баробар ошириш, бу маблағнинг 30 фоизини хусусий сектор ҳиссасига тўғри келтириш режалаштирилган. Яқин икки йилда рўйхатдан ўтказилган интеллектуал мулк объектлари сонини 100 мингтага етказиш кўзда тутилган. Бошқача айтганда, ғоя қоғозда қолмаслиги, ҳимояланган ихтирога, ихтиро эса маҳсулотга айланиши керак.

Сунъий интеллект соҳасидаги ўзгаришлар айниқса сезиларли. Ўзбекистон 2026 йилда бу соҳага тайёрлик бўйича халқаро рейтингда бирданига 25 поғона кўтарилиб, 62-ўринни эгаллади. Мамлакатда 200 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳаси амалга оширилмоқда. “5 миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси эса янги авлод зиёлиларини рақамли дунёга тайёрламоқда.

Бугунги иқтисодий рақобатда ер ости бойлиги ёки арзон ишчи кучидан кўра билим, сунъий интеллект ва инновациялар кўпроқ ғолиб келмоқда. Шундай шиддатли даврда зиёлининг вазифаси янги технология яратиш билангина чекланмайди. У жамиятни бу ўзгаришларга маънан ва ақлан тайёрлаши керак.

Яратилаётган имкониятлар ўз самарасини бераётгани халқаро майдонда ҳам яққол кўринмоқда. Ўтган йили ўқувчи ва талабаларимиз халқаро фан олимпиадаларидан 278 та медаль олиб қайтди, уларнинг 51 таси олтин. Шу йил августда Тошкентнинг ўзида 97 давлатдан келган 386 нафар ёш дастурчи иштирокида халқаро информатика олимпиадаси бўлиб ўтди. Унда терма жамоамиз бир кумуш ва уч бронза медални қўлга киритиб, тарихдаги энг яхши натижани қайд этди. Июлда Германиянинг Мангейм шаҳрида ўтган халқаро немис тили олимпиадасида самарқандлик Маржона Ибодуллаева олтин, урганчлик Олимбек Бахтиёров бронза медални қўлга киритди. Самарқанд ва Урганч номи дунё саҳнасида айнан шундай ёшлар орқали янграмоқда.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали таҳсил олаётган ёшларимизнинг 80 фоизи бугун дунёнинг энг нуфузли юзта университетида ўқимоқда. Илгари бу кўрсаткич 30 фоиз эди. Катта илмда ҳам янги саҳифалар очилмоқда. Астрономия институти олимлари Отабек Бурҳонов ва Камолиддин Эргашев NASAнинг DART космик миссиясидаги тадқиқотлари учун халқаро мукофотга сазовор бўлди. Фанлар академияси вице-президенти Шаҳло Турдиқулова эса Ўзбекистон ва Марказий Осиё тарихида илк бор Жаҳон фанлар академиясининг (TWAS) минтақавий вице-президенти этиб сайланди.

Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг Глобал инновациялар индексида Ўзбекистон 139 мамлакат орасида 77-ўринга чиқиб, 2020 йилдагига нисбатан 19 поғона кўтарилди. Илм-фан ва муҳандислик битирувчилари улуши бўйича эса дунёда иккинчи ўриндамиз. Бироқ шу индекснинг ўзида инновацияларга ажратилаётган ресурслар бўйича 68-ўрин, инновацион фаолият натижалари бўйича 78-ўрин эгалланган. Демак, бизда истеъдод ҳам, мутахассис ҳам етарли, аммо бу салоҳият ҳали тўлиқ иқтисодий самарага айланмаяпти. Шу бўшлиқни тўлдириш бугунги зиёлилар ва илмий жамоатчилик олдидаги энг масъулиятли вазифалардан биридир.

Давр синовидаги виждон

Шарқнинг улуғ мутафаккири Абу Наср Форобий машҳур “Фозил одамлар шаҳри” асарида: “Фозил шаҳар аҳолиси бир-бирига ёрдам берадиган, ҳақиқий бахт-саодат йўлида илм ва маърифатга таянадиган жамиятдир”, деб таъкидлаган. Бугунги шиддатли давр ҳам зиёлилардан кабинет доирасида қолиб кетмасдан, жамият ҳаётининг энг оғриқли нуқталарига кириб боришни талаб этмоқда. Зиёли давлат ва халқ ўртасидаги жонли кўприк, жамоатчилик фикрини шакллантирувчи маънавий устундир.

Масалан, муайян ҳудудда ёшлар бандлиги муаммоси мавжуд бўлса, уни фақат иш ўринлари етишмаслиги билан изоҳлаш етарли эмас. Бунда таълим сифати, касбий кўникмалар, меҳнат бозори талаблари ва ёшларнинг ижтимоий интилишларини биргаликда ўрганиш талаб этилади. Бу жараёнда олим, педагог, иқтисодчи, психолог ва ижодкорнинг бир ёқадан бош чиқариши ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Худди шундай, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ёки экологик муаммоларни ҳал этишда муҳандислик ечимлари билан бирга аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришда зиёли сўзининг таъсири беқиёс.

Зиёлиларнинг ислоҳотларга дахлдорлиги уларни шунчаки маъқуллаш билан эмас, балки қилинаётган ишлар самарадорлигини холис баҳолаш, камчиликларни рўй-рост кўрсатиш ва илмий асосланган ечимларни илгари суришда намоён бўлади. Зеро, соғлом танқидий тафаккур тараққиётга тўсиқ эмас, аксинча, қарорлар сифатини оширувчи ва жамиятни хатолардан асровчи кучдир.

Шу нуқтаи назардан, ҳудудларда ташкил этилаётган зиёлилар учрашувлари ва жамоатчилик кенгашлари расмий тадбирлар доирасида қолиб кетмасдан, маҳаллий муаммоларни чуқур таҳлил қилувчи, аниқ ижтимоий лойиҳаларни ишлаб чиқувчи ақл марказларига айланиши лозим. Зотан, жамият ривожи учун тадбирлар сонидан кўра уларнинг натижаси, баландпарвоз шиорлардан кўра ҳаётга татбиқ этилган амалий ечимлар муҳимроқдир.

Зиёли қатлам ўртасидаги мулоқот майдонларини яратишга қаратилган амалий қадамлардан бири яқинда қўйилди. Жорий йилнинг 10-14 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда “Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи!” шиори остида Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг ҳудудий йиғилишлари бўлиб ўтди.

Йиғилишларда 2000 дан ортиқ олим ва профессор-ўқитувчи, шифокор ва муҳандис, маданият ва санъат намояндалари, нуронийлар ҳамда ижтимоий фаол ёшлар иштирок этди. Пойтахтдан ҳар бир ҳудудга таниқли олим, педагог ва ижодкорлардан иборат ишчи гуруҳлар борди. Аммо асосий сўз жойлардаги зиёлиларга берилди: муаммони яхши биладиган ва ечимини ҳам кўпинча ўзи кўра оладиган одамлар шулардир.

Муҳокамалар 7 та шўъбада ўтказилди. Кун тартибида “инсон қадри” ғояси ва фуқаролик ўзлиги, ўзбек тилининг мавқеи, миллатлараро тотувлик, рақамли медиамакон, креатив иқтисодиёт, яшил тараққиёт, инновацион тиббиёт ва таълим сифати каби масалалар бор эди. Мавзуларнинг ўзиёқ бугунги зиёлининг ташвиши фақат маънавият билан чекланмаслигини кўрсатиб турибди.

Муҳокамаларда зиёлилар 3000 дан ортиқ фикр-мулоҳаза ва мингга яқин таклиф билдирди. Аҳоли учун очилган махсус телеграм-ботга яна 600 тага яқин таклиф келиб тушди. Бу кенгаш фақат зиёлилар ўртасидаги суҳбат билан чекланиб қолмай, кенг жамоатчиликка ҳам эшигини очаётганидан далолат.

Ҳудудий босқич якунида энг фаол иштирокчилар орасидан 210 вакил республика йиғилишига сараланди. Улар орасида 18 ёшли талаба ҳам, 88 ёшли нуроний ҳам бор. Ёши, касби, вилояти ҳар хил бўлган бу инсонларни битта савол бирлаштиради: зиёли сифатида жамиятга нима бера оламан?

Бугунги кун зиёлиси шу саволга жавоб топа олиши керак. Бу жавоб амалий иш билан кўрсатилади, албатта. Зиёлиларни “миллат ойдинлари” деймиз. Қайси жамиятда зиёлиларнинг овози баланд янграса, шу жамият барча жабҳада тараққиёт сари олға юради.

Инглиз адиби Чарльз Диккенснинг: “Инсон бошқаларнинг камол топишига ёрдам бермас экан, ўзи ҳам том маънода камол топа олмайди”, деган ҳикмати зиёлиликнинг асл моҳиятини очиб беради.

Шу маънода, зиёлиларнинг жамият олдидаги масъулияти, таъбир жоиз бўлса, зиёлиликнинг энг олий мезони шахсий намуна ва виждон уйғоқлигидир. Илмий ҳалоллик ҳақида гапирган олим ўз тадқиқотида унга қатъий амал қилиши, маърифатга чақирган педагог доимий изланишда бўлиши, адолат ва фаолликка даъват этган ижодкор эса жамоатчилик ҳаётида олдинги сафда туриши керак.

Айниқса, бугунги ахборот асрида, ёшлар онги учун кураш кетаётган бир пайтда, зиёлилар замонавий рақамли майдонлар: ижтимоий тармоқларда, медиамаконда ҳам фаол бўлишлари, ёт ғояларга қарши маърифат ва мантиқ билан курашишлари, ёшлар учун ишончли маънавий мўлжал бўлиб хизмат қилишлари шарт.

Сўнгсўз ўрнида

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда таълим қамровини кенгайтириш, педагог мақомини конституциявий мустаҳкамлаш, илм-фанни молиявий рағбатлантириш ва ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш бўйича улкан пойдевор яратилди.

Бинонинг мустаҳкамлиги ва кўрки уни бунёд этувчиларга боғлиқ бўлганидек, Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлаш ҳам бевосита зиёлиларимизнинг фидойилиги, журъати ва ижтимоий фаоллигига боғлиқ.

Зотан, интеллектуал салоҳият инсон қадрини юксалтириш, одамлар ҳаётини енгиллаштириш ва жамиятда адолат ҳамда маърифат муҳитини қарор топтиришга хизмат қилгандагина ўз олий мақсадига етади.

Мақоламиз аввалидаги Алишер Навоий­нинг “Ҳунарни асрабон неткумдир охир,олиб тупроққами кеткумдир охир”, деган ўлмас байти ҳар бир зиёли учун ­дастуруламал бўлмоғи лозим.

Шундай экан, янги Ўзбекистон зиёлиларининг тарихий миссияси ўз билими ва иқтидорини асраб-авайлаш эмас, уни миллат тафаккурини янгилаш, жамиятни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштириш ва Ватан тараққиётини янги босқичга олиб чиқишга сафарбар этишдир.

Аброр ЮСУПОВ,

сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент