Бугунги “Шарқ мақомининг янги тенденциялари: анъана ва инновация ўртасидаги боғлиқлик” мавзусидаги конференцияда мақом ва достончилик санъатининг бугунги ривожланиш йўналишлари ва миллий анъаналарни асраб-авайлаш, шунингдек мақом ижрочилигининг тарихий меросини кенг тарғиб этиш масалалари муҳокама этилди. Ушбу тадбир бир қатор мамлакатлардан ташриф буюрган санъатшунос-олимлар, профессор-ўқитувчилар, мусиқашунослар ҳамда мақом ижрочиларини бир жойга жамлаган.
– Миллий анъаналарни асраб-авайлаш, ривожлантириш мавзуси барчамиз учун муҳим мавзу ҳисобланади. Чунки бугунги глобаллаштириш даврида ўз этник тарихини асраш, ривожлантириш, шунингдек, миллий меросимизни бевосита келажак авлодга ўз ҳолича етказиб беришдек буюк мақсад йўлида қардош халқ сифатида бир майдонда иштирок этаётганимиздан бениҳоя мамнунмиз, – дейди конференция иштирокчиси, Қурманғози номидаги Қозоқ миллий консерваторияси ректори Гавҳар Тасбергенова.
Дарҳақиқат, мақом санъати Ўзбекистон маданиятида алоҳида ўрин тутади ва миллий бойлигимизнинг муҳим қисми ҳисобланади. III Халқаро мақом санъати фестивали ушбу бетакрор мусиқий санъатни асраб-авайлаш, оммалаштириш ва янада ривожлантиришга бевосита хизмат қилади.