Бу ҳақда ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти ахборот хизмати маълум қилди.

Ҳужжат ички ишлар органлари ходимларининг тарихий, маънавий-маърифий билимларини ошириш ва китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган.

Тадбирда ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Саттаров, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, вазирлик ва марказ масъул ходимлари, шунингдек, «Энг яхши китобхон» кўрик-танловининг республика босқичи иштирокчилари қатнашди.

Таъкидланганидек, давлат раҳбари ташаббуси билан барпо этилган марказ халқимизнинг бой тарихий, илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ғурур, тарихий хотира ҳамда аждодлар меросига ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.

Меморандумга мувофиқ, ички ишлар органлари ходимлари, курсантлар ва тингловчиларнинг билимларини ошириш, уларда Ватанга садоқат ва миллий ғурур туйғуларини мустаҳкамлаш, буюк аллома ва мутафаккирлар меросини чуқур ўрганиш бўйича тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Шунингдек, марказда маънавият соатлари, очиқ дарслар, илмий-маърифий учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш, конференция ва семинарлар ўтказиш, ходимлар учун экскурсиялар уюштириш, қўшма маърифий, медиа ва рақамли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

«Энг яхши китобхон» танлови ғолиблари аниқланди

Тадбир доирасида ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ўтказилган «Энг яхши китобхон» кўрик-танловининг республика босқичи ҳам якунланди.

Танлов натижаларига кўра:

  • 1-ўрин — Тошкент шаҳар ИИББдан лейтенант Камронбек Исмоилов;
  • 2-ўрин — Навоий вилояти ИИБдан капитан Бунёд Тўймуродов;
  • 3-ўрин — Беруний тумани ИИБдан лейтенант Элмира Ўрозматова.


Ғолиб ва совриндорлар Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан пул мукофотлари ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Мазкур ҳамкорлик ички ишлар органларида китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтириш, ходимларнинг маънавий-маърифий салоҳиятини ошириш ҳамда уларда ватанпарварлик ва хизмат бурчига садоқат туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган.