Президентимиз Шавкат Мирзиёев кейинги ўн йилда мамлакатимизда инсон қадри ва ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашга қаратилган изчил ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг мустақиллигини ошириш, ваколатларини кенгайтириш ва давлат сиёсатидаги муносиб ўрнини таъминлаш, шунингдек, халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жорий йил 31 октябрда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил топганига роппа-роса 30 йил тўлади. Миллий марказ директори, академик Акмал САИДОВ билан суҳбатимиз айни шу мавзуга бағишланди.

— Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳимоя қилиш ва илгари суриш борасида давлат сиёсатининг ягона тизимини шакллантиришга кўмаклашувчи миллий институт сифатида ташкил топган, — деди А.Саидов. — Миллий марказ БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича иккинчи жаҳон конференцияси (Вена, 1993 йил) тавсиялари ҳамда Париж тамойилларига мувофиқ ташкил этилган.

1997 йил 5 март куни Миллий марказнинг тантанали очилиши бўлди. Шу кундан бошлаб у миллий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик, демократлаштириш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини йўлга қўйди.

Ўтган давр мобайнида Миллий марказ ўз фаолиятининг асосий йўналишлари доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишга изчил кўмаклашиб келмоқда. Бунда, хусусан, Ўзбекистоннинг халқаро шартномалар бўйича даврий маърузаларини тайёрлаш, инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши устидан миллий мониторинг олиб бориш, қонунчиликни такомиллаштиришда иштирок этиш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни ривож­лантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, илмий-маърифий ва нашриёт фаолиятини юритиш масалалари алоҳида аҳамиятга эга.

— Миллий марказнинг 30 йиллик фаолияти солномасига мухтасар назар солиш мумкинми?

— Истиқлол йилларида Миллий марказ мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бўйича халқаро мажбуриятларини бажариш борасидаги стратегик йўналишларни белгиловчи ягона давлат институтига айланди. Бинобарин, бундай вазифа бошқа ҳеч қандай давлат органига юкланмаган эди.

Миллий марказнинг бошқа миллий институтлардан фарқи шундаки, унинг фаолияти нафақат мамлакат ичидаги, балки Ўзбекистондан ташқаридаги алоқаларни ҳам қамраб олади: у ҳукуматга халқаро мажбуриятларни бажаришда кўмаклашади, халқаро институтлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлайди ва ривожлантиради, халқаро ҳамжамиятни мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари ҳолати ҳақида хабардор қилади.

Энг муҳими, Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси ва “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат дастури Миллий марказ фаолиятида янги босқични бошлаб берди.

Ўттиз йиллик давр мобайнида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширишга кўмаклашувчи етакчи миллий институт сифатида шаклланди ва мус­таҳкамланди. Ушбу даврда Миллий марказ фаолиятининг қатор муҳим натижаларини ажратиб кўрсатиш мумкин.

Биринчи муҳим натижа — институционал мустаҳкамланиш. Миллий марказ 2008, 2013 ва 2018 йиллардаги давлат қарорлари орқали моддий-техник, кадрлар ва ресурс салоҳияти жиҳатидан изчил барқарорлашиб борди, 2023 йилда эса унинг мақоми жаҳонда илк бор конституциявий даражада мустаҳкамланди.

Хусусан, бу борадаги энг муҳим қонунчилик янгиликларидан бири Президентимизнинг 2018 йил 10 декабрдаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори бўлди. Бу қарор Миллий марказнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш ҳамда халқаро мажбуриятларни бажаришдаги ролини янада кучайтиришга хизмат қилди.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 22 июндаги тегишли фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекис­тон Республикасининг Миллий стратегияси ва Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”, шунингдек, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини кўриб чиқиш юзасидан давлат органлари ўртасидаги ҳамкорлик тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Иккинчи муҳим натижа — халқаро мажбуриятлар ижроси. Миллий марказ БМТнинг асосий инсон ҳуқуқлари шартномалари бўйича ўнлаб даврий маърузаларни тайёрлаш, шунингдек, ногиронлар ҳуқуқлари, аёллар ва болалар ҳуқуқлари конвенциялари, Иқтисодий-ижтимоий-маданий ҳуқуқлар пакти каби йўналишларда миллий ҳаракатлар режалари ижросини мониторинг қилишда фаол иштирок этди.

Миллий марказ инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига мувофиқ БМТнинг устав ва шартномавий органларига миллий маърузаларни тайёрлаш ва тақдим этиш бўйича асосий ижрочи ҳисобланади. Бугунги кунга қадар 52 та маъруза тақдим этилган.

Учинчи муҳим натижа — қонунчиликни такомиллаштириш. Миллий марказ 1996-2025 йиллар мобайнида 300 дан ортиқ қонун лойиҳасининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мувофиқлигини экспертиза қилди. Қонунчиликни халқаро шартномалар билан такомиллаштириш бўйича 400 га яқин таклиф бериб, 60 та қонун ҳужжатининг қабул қилинишида ташаббус кўрсатди. Давлат органлари сўровлари бўйича мингдан ортиқ таҳлилий материал ва маълумотнома тайёрлади.

Миллий марказ томонидан ­бевосита ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойи­ҳалари ишлаб чиқилди. Жумладан, 2023-2024 йилларда омбудсман, болалар ­омбудсмани, зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими ва Тадбиркорлик кодекси каби муҳим қонунлар қабул қилинишида иштирок этди.

Тўртинчи муҳим натижа — халқаро мавқенинг юксалиши. Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта 2024-2025 йилларда БМТнинг ЭКОСОС, Инсон ҳуқуқлари қўмитаси ва ХМТ Маъмурий кенгаши каби нуфузли тузилмаларга сайланди. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, Миллий ­марказ ва мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорлик натижаларининг амалий кўрсаткичи бўлди.

Хусусан, 2021 йилда Ўзбекистон тарихида биринчи марта БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолигига сайланди, Президентимиз ушбу кенгашнинг 46-сессиясида аёллар ролини ошириш, ёшлар ҳуқуқлари конвенцияси, қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм каби бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

Халқаро майдонда Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси сифатида фаол иштирок этди. Буни 2023 йил 13-15 март кунлари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк мамлакатимизга расмий ташриф буюриб, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасидаги ютуқларни юқори баҳолагани ҳам яққол тасдиқлайди.

Ўз навбатида, 2024 йилга келиб хал­қаро майдонда мамлакатимиз нуфузи кескин ошди: июнда тарихда биринчи марта БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ЭКОСОС) аъзолигига 185 давлат овози билан сайланди. 7 июнда Женевада Халқаро меҳнат конференциясининг 112-сессия­сида Ўзбекистон Европа ҳудудидан энг кўп овоз тўплаб, ХМТ Маъмурий кенгаши аъзолигига, 29 майда эса Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пактнинг 40-сессиясида Ўзбекистон вакили биринчи марта БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзолигига сайланди.

Бешинчи муҳим натижа — аҳоли ҳуқуқий маданиятининг юксалиши. Ўтган даврда Миллий марказ “Инсон ҳуқуқлари уйи”, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” ҳамда “Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари” журналлари, шунингдек, давлат органлари ходимлари учун мунтазам малака ошириш дастурлари орқали жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини қарор топтиришга муносиб ҳисса қўшди.

Бу борада 3 та муҳим рақамга эътиборингизни қаратиш билан кифояланаман: 1996 йилдан 2026 йилнинг биринчи ярмигача, яъни 30 йил ичида Миллий марказ томонидан:

— халқаро даражадаги ва республика миқёсидаги 4 мингдан ортиқ конференция, семинар, давра суҳбати, мониторинг ташрифи, ўқув курси ва турли учрашув ўтказилган;

— 40 дан ортиқ ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, уларда белгиланган долзарб вазифалар изчиллик билан бажарилган;

— жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 37 минг 700 та мурожаат кўриб чиқилган.

— Янги Ўзбекистон шароитида Миллий марказ қай даражада янгиланди, қандай ташаббуслар ҳисобига қанақа натижаларга эришилди?

— Янги Ўзбекистон ислоҳотлари даврида Миллий марказнинг янгиланиши, даставвал, унинг институционал мақоми ва мустақиллиги янада оширилиши мисолида яққол намоён бўлди. Президентимизнинг 2018 йил 10 декабрдаги қарорига мувофиқ, Инсон ­ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг мақоми тубдан юксалди.

Қарорда Миллий марказ ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотларидан, шунингдек, мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга ошириши қатъий белгилаб қўйилди. Давлатимиз раҳбари Миллий марказ директори мақомини вазир даражасига тенглаштирди ва у бевосита Президент томонидан тайинланиши тартибини жорий этди.

Бугунги кунда Миллий марказ ҳар йили мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари ва халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши ҳолати тўғрисида бевосита Ўзбекистон Президентига ва Олий Мажлис палаталарига ахборот тақдим этиб бормоқда.

Президентимиз ўз чиқишларида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг мувофиқлаштирувчилик ролини дои­мий равишда қўллаб-қувватлаб келади. Айнан мамлакатимиз етакчиси ташаббуси ва тегишли фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия доирасида Миллий марказ зиммасига қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва мониторинг тизимини такомиллаштириш каби стратегик вазифалар юклатилган бўлиб, улар муваффақиятли бажарилди.

Биргина мисол: давлатимиз раҳбари ташаб­буси билан Миллий марказ таркибида янги тузилма — Инсон ҳуқуқлари бў­йича ахборот-кутубхона маркази — “Инсон ҳуқуқлари уйи” ташкил этилди. Ушбу марказ олдига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар хронологиясини юритиш ҳамда тизимлашган илмий-ҳуқуқий манбаларни фуқаролар ва тадқиқотчилар учун кенг очиб бериш вазифаси қўйилган.

Эътибор беринг: Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумининг ташаббускори ҳам шахсан Президентимиздир. Айни шу муҳим ташаббус асосида янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг долзарб муаммоларга бағишланган Самарқанд форумини ўтказиш изчил, хайр­ли ва самарадор анъанага айлангани ҳар қанча таҳсинга сазовор.

Жорий йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форуми ўтказилди. Анъанавий тарзда ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган ушбу халқаро анжуман қисқа вақт ичида инсон ҳуқуқларининг турли соҳаларига тааллуқли долзарб масалаларни муҳокама этиш ва самарадор ечимлар топиш борасида дунё миқёсида кам учрайдиган ноёб, қулай ва ўзига хос мулоқот майдонига айланди.

— Бешинчи Самарқанд форумининг юбилей мажлисида ҳам Миллий марказ фаолияти ҳақида сўз юритилди, шундай эмасми?

— Форумнинг юбилей мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 30 йиллигига бағишланди. Иштирокчилар “Халқаро мажбуриятлардан самарали амалга ошириш сари: инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий имплементация механизмларининг роли” мавзуси доирасида батафсил фикр алмашди.

Хусусан, ЕХҲТнинг Демократик инс­титутлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича ­бюроси директори Мариа Телалиан ўз мурожаатида инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда халқаро мажбуриятларни амалиётга татбиқ этишда кучли ва мустақил миллий инсон ҳуқуқлари инс­титутларининг ўрни муҳимлигини таъкид­лади. Бунда жамиятнинг давлат ва инсон ҳуқуқлари институтларига ишончига алоҳида эътибор қаратди.

ЕХҲТ вакили, шунингдек, мустақил миллий инсон ҳуқуқлари институтлари инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан уларнинг миллий даражадаги ижроси ўртасида, шунингдек, фуқаролар билан давлат институтлари ўртасида боғловчи бўғин вазифасини ўтай олишини қайд этди.

Миллий инсон ҳуқуқлари институтлари глобал альянси раиси, Марокаш Инсон ҳуқуқлари миллий кенгаши президенти Амина Буаяч халқаро мажбуриятларни амалга оширишда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий муассасаларнинг муҳим ролини ҳамда уларнинг мустақиллиги, фуқаролик жамияти ва ҳуқуқ эгаларининг иштироки зарурлигини таъкидлади. У инсон ҳуқуқлари бўйича миллий муассасалар самарадорлигини, аввало, инсонлар ҳаётидаги реал ўзгаришлар бўйича баҳолашни таклиф этди.

Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти президенти Васип Шаҳин мавжуд халқаро стандартларни самарали амалга ошириш ва уларни миллий ҳамда маҳаллий даражада инсон ҳуқуқларининг ҳақиқий кафолатларига айлантириш зарурлигини қайд этди. Камситишга қарши курашиш, қийноқларнинг олдини олиш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари мониторингини олиб боришда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий муассасаларнинг ролига алоҳида эътибор қаратди.

Россия Федерациясида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Яна Лантратова инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизими тажрибасини тақдим этар экан, инсон ҳуқуқларининг универсал хусусиятини халқлар тарихи ва анъ­аналарини ҳисобга олган ҳолда уйғунлаштириш зарурлигини таъкидлади. Болали оилалар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоя қилиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий муассасалар ўртасида тажриба алмашиш муҳимлигини қайд этди.

Ўз навбатида, “UPR Info” халқаро ноҳукумат ташкилоти ижроия кенгаши раиси Жанни Магаззени Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг халқаро механизмлар ­тавсияларини бажаришга доир интеграциялашган ёндашувни ривожлантиришга қўшган ҳиссасини эътироф этди.

Шундай қилиб, бешинчи Самарқанд форуми иштирокчилари қайд этганидек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Рес­публикаси Миллий маркази ўтган ўттиз йил мобайнида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни илгари суриш, Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича тизимлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, тадқиқот ва институционал ривожланиш масалаларида етакчи ўрин тутиб келмоқда.

Миллий марказнинг ушбу юбилей санаси мисолида, форум иштирокчилари фикрича, миллий институтлар ҳамда ижро этиш, ҳисобот бериш ва мониторинг бўйича миллий механизмларнинг халқаро мажбуриятларни амалиётга самарали татбиқ этишдаги ўрни ва ролини баҳолаш учун кенг имконият туғилди.

— Конституциявий ислоҳотлар ва Миллий марказ фаолияти мавзусига ҳам тўхталсангиз.

— Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги фармони билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекис­тоннинг тараққиёт стратегияси қабул қилиниши асносида Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ муҳокамаси бошланди. Миллий марказ лойиҳанинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа хал­қаро шартномаларга мувофиқлиги юзасидан расмий хулоса тақдим этди. Шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО ва EХҲТнинг таклифларини мувофиқлаштирди.

Ўзбекистон конституциявий тараққиётида 2023 йил 30 апрель бурилиш нуқтаси бўлди, бинобарин, айни шу санада ўтказилган умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинди. Конституция 65 фоиз янгиланиб, инсон ҳуқуқларига оид нормалар сони уч баравар кўпайди ва 50 дан ортиқ моддани ташкил этди.

Аёллар, болалар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳамда ижтимоий адолат тамо­йилларига конституциявий мақом берилди. Конституциямизда Миранда қоидалари, “Habeas corpus” ва “pro bono” (бепул юридик ёрдам) институтлари ўз аксини топди.

Бош қонунда “ўлим жазоси тақиқланади”, деган норма белгиланиб, у Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг Иккинчи факультатив протоколига тўлиқ мувофиқлаштирилгани улкан аҳамиятга молик воқеа бўлди.

Шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тўғрисида алоҳида модда киритилди, натижада Ўзбекистон дунёда биринчилардан бўлиб бу институтларнинг мақомини конституциявий даражада мустаҳкамлади.

Айни вақтда “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ижроси доирасида Миллий марказ томонидан “Инсон ҳуқуқлари — 2030” стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва у ўрнатилган тартибда муҳокамалардан ўтказилмоқда. Бу ҳужжат инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ҳимоя қилиш ва илгари суриш соҳасидаги устувор мақсад ва вазифаларни ўрта ҳамда узоқ муддатли истиқболда белгилаб берувчи стратегик асос вазифасини ўтайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида республика миқёсида профилактика инспекторлари учун семинар-тренинглар ўтказилди. Ушбу тренинглар жорий йилнинг ўтган даврида барча вилоятларда “Инсон ҳуқуқлари: халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” ўқув модули асосида ташкил этилиб, 5200 дан ортиқ тингловчини қамраб олди.

Мухтасар айтганда, кейинги ўн йилда янги Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сиёсати бутун жаҳонда эътироф этилаётгани бежиз эмас. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ: қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари — биз учун олий қадрият”.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Санжар ЭШМУРОДОВ суҳбатлашди.