Тўловларни тўлаш, валюта айирбошлаш, бирор турдаги кредитни расмийлаштириш ва бошқа кўплаб масалалар туфайли исталган вақтда тижорат банкларига киришимиз мумкин. Улар таклиф этаётган хизматлар танловида эса имкониятимиз анча кенг. Шунга қарамай, бу йўналишда янги турдаги таклифларга ҳам эҳтиёж катта.

Кейинги вақтларда Ўзбекистонга ислом қоидаларига асосланган молия тизими кириб келгани ва уни амалиётда жорий этиш бошлангани ҳақидаги хабарлар юртдошларимиз орасида қизғин кутиб олиниб, кенг муҳокама қилинаётгани боиси шунда. Кўпчилик буни анчадан буён кутаётганини айтса, баъзилар тўла ислом тамойилларига асосланган банкларнинг очилишига ишончсиз қарамоқда. Аммо барибир юртимизда исломий молия тизимини босқичма-босқич ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар фаоллашгани одамларда алоҳида қизиқиш уйғотяпти.

Аслида, мамлакатимизда исломий молия тизимини жорий этиш ҳаракатлари 2020 йилдан бошланган. Ўтган йиллардаги ўрганиш ва таҳлиллардан сўнггина аниқ амалий ишга ўтилмоқда. Энди мамлакатимизга ислом молия тизими нафақат кириб келди, балки амалиётда ташкил этиш ишлари бошлаб юборилган. Ҳатто, 2027 йилда юртимизда биринчи исломий банк очилиши кутиляпти. Айни пайтда эса қатор тижорат банклари ислом молия хизматларини кўрсатишга тайёргарлик кўрмоқда.

Биз учун нисбатан янги бўлган мазкур тизим жорий йил 27 март куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади. Унинг қабул қилиниши ислом молиясини ташкил этиш йўлида ташланган муҳим қадамлардан бўлиб, мамлакатимиз молия тизимида янги босқични бошлаб бериши айтилмоқда. Гап фақат кўплаб давлатлардаги каби юртимизда ҳам ислом молиясининг қўлланишида эмас, балки замонавий механизмларни ишга тушириш орқали аҳолининг банк-молия йўналишидаги хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада ошириш ҳамда танловини кенгайтириш ҳақида боряпти.

Маълумотларга кўра, баъзи мамлакатларда одамлар диний ақидалари сабаб анъанавий тижорат банклари хизматларидан фойдаланмайди, молиявий олди-бердилардан узоқ юради. БМТ Тараққиёт дастури таҳлилларида келтирилишича, бундай омиллар Ўзбекистонда ҳам мавжуд. Хусусан, аҳолининг қарийб 68 фоизи ва тадбиркорларнинг 60 фоизи муайян сабабларга кўра анъанавий банк хизматларидан фойдаланмайди. Улар учун исломий банк хизматларининг таклиф этилиши бу бўшлиқни тўлдириши мумкин. Қабул қилинган янги қонун айни эҳтиёжни таъминлаш баробарида мамлакатимизга йиллик 5 миллиард долларгача баҳоланаётган исломий капитални жалб этиш имкониятини очиши кутилмоқда.

Фойда нимадан олинади?

Исломий банкларни ташкил этиш ҳақида гап борганда, нега бу жараён юртимизда анча чўзилгани, аниқ вазифалар белгиланганидан кейин ҳам амалий ҳаракатларга тезда ўтилмагани кўпчиликни қизиқтиради. Иқтисодчи мутахассислардан бири билан суҳбат давомида шу масала ҳақида сўрадим. Айтишича, мазкур механизмни жорий этиш кўпчилик ўйлаганидек осон эмас. Ислом молияси ниҳоятда катта тизим ва уни амалиётга жорий этиш жиддий молиявий ҳаракатлар, илмий асослар ҳамда аниқ ислоҳотларни талаб қилади. Ўзбекистон амалиётида ҳам бунга бирмунча вақт керак бўлгани боиси шунда. Ўтган давр мобайнида қатор давлатлар тажрибаси ўрганилиб, халқаро мутахассислар иштирокида таҳлил қилинган. Чет давлатларда кузатилган камчилик ва қийинчиликлар бизда ҳам такрорланмаслигига эътибор қаратилган. Ана шу жиҳатларни ўзида жамлаган қонун қабул қилингач, юртимизда исломий банк фаолиятини йўлга қўйишга расман киришилди.

Қонун доирасида Солиқ ва Фуқаролик кодекслари ҳамда яна 7 та қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Миллий қонунчиликка “исломий банк фаолияти”, “исломий молия операциялари” ва “инвестициявий омонат” каби муҳим тушунчалар қўшилди.

Қонунда келтирилган таърифга кўра, исломий банк фаолияти ислом ҳуқуқи (шариат) меъёрлари ва тамойиллари бўйича кўрсатиладиган банк хизматлари бўлиб, унда даромад “пул эвазига пул” эмас, балки реал активлар (савдо, лизинг, фойда ва таваккалчиликни тақсимлаш билан ҳамкорлик)дан келиб чиқади. Унда фоизлар, ҳаддан ташқари ноаниқлик, қимор, молиялаштириш, қарзни чегирма билан сотиш ва сотиб олиш, ­жарималарни монетизация қилиш тўғридан тўғри тақиқланади. Хўш, у ҳолда банклар ислом молиясидан қандай фойда кўради?

— Ислом банкчилигида молиявий операцияларнинг бир қанча турлари бор ва уларнинг ҳар бири фойда олишнинг турли йўналишларини назарда тутади, — дейди “Мезон” таълим компанияси директори Мухторжон Акрамов. — Масалан, муробаҳа, яъни олдиндан тўлов асосида молиялаштиришни олайлик. Бунда реал молия билан ишланади. Айтайлик, тадбиркорга иш фаолияти учун бирор техника зарур. Исломий банк ана шу техникани сотиб олиб беради ва унга ўзининг харажат ёки фойдасини қўйган ҳолда ­тадбиркорга сотади. Масалан, 100 миллион сўмга техника олса, уни 125 миллион сўмга беради. Бунда 25 миллион сўм исломий банкнинг фойдаси ва бу сумма токи қарз узилмагунига қадар ўзгармайди. Келишув асосида тўлов муддати белгиланади ва тадбиркор техника учун кўрсатилган суммани ўша давр ичида ойма-ой тўлаб беради. Бу ерда ҳеч қандай қўшимча устама, йиллик фоиз бўлмайди.

Қонунга кўра, банклар 6 турдаги исломий молиявий операцияларни амалга ошириши кўзда тутиляпти. Бу операцияларга фойдани тақсимлаш шарти асосида мижозни молиялаштириш ёки пул маблағларини инвестициявий омонатларга жалб этиш (музораба), вакиллик шартномаси орқали пул маблағларини бериш ёки инвестициявий омонатларга жалб этиш (вакала), товарни насияга сотиш орқали мижозни молиялаштириш (муробаҳа), товарлар учун олдиндан ҳақ тўлаш орқали мижозни молиялаштириш (салам), биргаликдаги фаолиятни (шерикчилик) амалга ошириш ёки юридик шахсларнинг устав капиталида иштирок этиш орқали мижозни молиялаштириш (мушорака) ҳамда мол-мулкни кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара (лизинг)га бериш киради.

Мазкур молиявий операцияларни қонунда белгиланган тартибда ташкил этилган ва Марказий банк томонидан бериладиган тегишли лицензияга эга юридик шахслар амалга оширишга ҳақлидир. Яъни қонун билан исломий банк фаолияти учун алоҳида лицензия жорий этилмоқда. Бунда асосан иккита модель назарда тутилган. Биринчиси, мутлақо янгидан ташкил этиладиган исломий банклар лицензия асосида иш бошлайди. Иккинчиси эса амалда ишлаб келаётган банклар ҳам исломий банк фаолиятини амалга оширувчи лицензия орқали бир вақтнинг ўзида икки йўналишдаги хизматларни кўрсатиши мумкин. Оддий банкларда исломий хизматлар учун алоҳида “исломий дарча”лар очилади.

Лицензияга эга банклар бевосита ислом молияси асосида белгиланган хизматларни кўрсатиши мумкин. Уларга алоҳида солиқ имтиёзлари берилиши ҳам назарда тутилган. Лицензияни олишнинг эса аниқ талаблари белгиланган бўлиб, мазкур ҳужжатнинг амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади ва лицензияларни ёки уларга доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш тақиқланади.

Демак, лицензия банкларга исломий молиявий операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини беради. Бу — фаолият юритиш учун рухсатнома дегани. Аммо банклар бу фаолиятни қандай юритиши эса алоҳида масала. Яъни шариат қоидаларига асосланган молиявий хизматлар кўрсатиш талаблари қонунда белгиланган бўлса-да, амалиётда унинг қўлланишини назорат қилиш ҳам муҳим. Акс ҳолда, одамларда исломий банклар ҳам анъанавий молия ташкилотлари каби ишлайди қабилидаги фикрлар пайдо бўлиши мумкин.

— Ислом молиясини жорий этишда халқаро тажриба ва шаръий стандартлар ўрганилгани бежиз эмас. Ана шу стандартлар асосида миллий дастур ишлаб чиқилади ва аҳолига тақдим этилаётганида мавжуд меъёрларга амал қилинишига жиддий эътибор қаратиляпти, — деди Мухторжон Акрамов. — Мазкур талаблар ижросини Марказий банк ва тижорат банкларида ташкил этиладиган Шариат кенгашлари назорат қилади. Ушбу кенгашларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво маркази мутахассисларидан иборат гуруҳ бевосита ишлайди. Яъни исломий банкларнинг фақат номи эмас, балки талаб ва механизмлари ҳам айнан шариат қоидаларига мослаштирилади. Албатта, ислом банкларида ҳам фойда кўриш деган тамойил мавжуд, аммо бу шариат қоидалари, мезонларига асосланади.

Қонун билан исломий банклар ва тижорат банкларидаги “исломий дарча”ларда кўрсатиладиган исломий молия операциялари, уларни амалга ошириш тартиблари белгилаб қўйилган. Ана шу талаблардан четга чиққан молия ташкилотларига тегишли тартибда чоралар кўрилади. Яъни шариат кенгашларининг назорати орқали исломий банкларда юзага келиши мумкин бўлган нотўғри ҳаракатлар, турли молиявий хатарларда давлат ўртада туриб, кафолат бўлади.

Тадбиркорлар учун манфаатлими?

Қонун уч ойдан кейин расман кучга киради ва юртимиз тижорат банкларида бирин-кетин “исломий дарча”лар иш бошлайди. Ҳозир 10 дан ортиқ банк исломий молия хизматларини жорий этишга тайёргарлик кўрмоқда. Баъзиларида эса синов тариқасида “исломий дарча”лар очилиб, унинг функцияларига қизиққан аҳоли ва тадбиркорларга тушунчалар бериб бориляпти.

Молиявий хизматларнинг мазкур турига, айниқса, бизнес эгалари катта қизиқиш билдирмоқда. Аммо аксариятимиз ислом молияси шариат қоидаларига асосланишинигина биламиз, бироқ бу айнан қандай талаб ва шартлар экани, қўллаш механизмлари борасида деярли тушунчага эга эмасмиз. Шу боис, ҳукумат томонидан қабул қилинган лойиҳа бошқарув режасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ислом молияси соҳасидаги саводхонлигини ошириш, исломий банк маҳсулотлари ва хизматлари моҳиятини тушунтиришга қаратилган кенг қамровли молиявий тарғибот ва ўқув дастурларини олиб бориш вазифалари белгиланган.

Унда мутахассислар аҳоли ва тадбиркорлар билан мулоқотлар давомида ислом банкчилиги ва инструментларининг амалиётда қўлланиш хусусиятлари ҳақида тушунча бермоқда. Ўзбекистон банклари ассоциациясида қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган ўқув семинарларда ҳам ҳар гал юзлаб тадбиркорлар иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб оляпти.

— Очиғи, ислом молияси ҳақида эшитганман, аммо ҳеч қандай тушунчам йўқ. Шу боис, кўпроқ маълумот олишга қизиқяпман. Чунки тадбиркор бўлганим боис, молиявий хизматлардан кўп фойдаланаман ва бу борада доим қулай шартлардаги таклифларни излашга интиламан, — дейди Тошкент шаҳридаги “Ауксин” МЧЖ раҳбари Умаржон Очилов. — Ҳозирча ислом молияси ҳақидаги маълумотларни ўрганиб, таҳлил қиляпман. Хулосалар барибир амалиётда фойдалана бошлаганимиздан кейин пайдо бўлади. Агар шартлари бизга қулай бўлса, албатта, ислом молия хизматларидан фойдаланаман. Бу ҳам молиявий хизматлар борасидаги танлов имкониятимизни оширади. Қолаверса, бошқа тижорат банкларида ҳам янги таклифларни шакллантиради. Масалан, охирги марта тижорат банкидан 18 фоизли имтиёз асосида 450 миллион сўм кредит олганман. Аслида, 24 фоиз, лекин ўқишни битирган ёшларни иш билан таъминлаганим учун имтиёзли фоизда берилган. Шу каби таклифлар ҳам тадбиркорларни қизиқтиради. Яқинда кўмирни қайта ишлаш бўйича янги лойиҳа бошлаш арафасидаман ва бунинг учун маблағ зарур. Ислом молия хизматлари очилгач, таклифлари маъқул келса, улардан ҳам фойдаланиш ниятим бор.

Ислом банклари ҳам, одатий тижорат банклари ҳам ўз талаблари доирасида таклиф беради, инсонлар эса ўзига маъқулини танлайди. Бунда молия хизматларининг икки тури бир-бирига хавф сифатида шаклланмайди. Аксинча, одамларга бериладиган молиявий таклифларни оширади. Таклиф тури қанча кўп бўлса, хизматлар сифати шунча ортиб боради. Бу эркин бозор иқтисодиёти ва соғлом рақобат тамойилларидан бири.

 Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири