Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ушбу маълумот юзасидан изоҳ берди.

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видео тадбиркорлар билан очиқ мулоқотдан узиб олинган. Унда Давлат экологик экспертизаси маркази мутахассиси Аҳрор Йўлдошев экологик экспертиза учун белгиланган тўлов миқдори ҳақида тушунтириш берган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 11 майдаги 234-сон қарорига мувофиқ, атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг III тоифасига кирувчи, табиий газ, кўмир ва бошқа турдаги ёқилғида ишлайдиган иситиш тизимларига эга иссиқхона хўжаликларини давлат экологик экспертизасидан ўтказиш учун БҲМнинг 6,5 баравари миқдорида тўлов белгиланган. Бу бугунги кунда 2 миллион 860 минг сўмни ташкил этади.

Шунингдек, иссиқхона қозонларига сертификат бериш, лаборатория тадқиқотлари, инструментал ўлчовлар ҳамда атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш хизматлари давлат экологик экспертизаси ваколатига кирмаслиги таъкидланди.

Шундай қилиб, иссиқхона хўжаликларини давлат экологик экспертизасидан ўтказиш учун 38 миллион сўм эмас, 2 миллион 860 минг сўм тўлов амалга оширилади.