Устоз Эркин Воҳидовнинг 1968 йилда ёзилган “Ўзбегим” қасидаси ана шундай маънавий уйғонишнинг баланд пардаси эди. Ўзбекистон ҳали собиқ иттифоқ таркибида бўлганда шоир ўзбек номини қадимги тамаддун, илм-фан, шеърият, давлатчилик ва озодлик учун кураш билан бир қаторга қўйди. Биз, шогирдлари учун бу қасида фақат адабий матн эмас, устоздан қолган миллий ғурур ва фуқаролик масъулияти сабоғидир.
Қасидани туғдирган ҳамият
Эркин Воҳидов бизга айтиб берган хотирага кўра, қасиданинг туғилиши бир қарашда кичик, моҳиятан эса оғриқли воқеадан бошланган. Болалигидан аниқ фанлар, айниқса, фалакиётга қизиққан шоир 1966-1967 йилларда Москвадаги обсерваториялардан бирига киради. Деворда Коперник, Кеплер ва Галилей сингари жаҳон фалакиётининг бошқа буюк намояндалари саф тортиб турар, аммо 1018 та юлдуз жойлашувини жадвалга битган Мирзо Улуғбекнинг сурати йўқ эди. Шоир буни музейчилик нуқсони эмас, миллат тарихини умумбашарий хотирадан четлатган мафкуранинг “қилмиши” деб ҳис қилади. Шу бўш жой унинг ҳамиятига тегиб, элу юртнинг шонли ўтмишини тараннум этадиган асар ёзиш истагини уйғотади.
Қасидага ном ва оҳангни эса Алишер Навоий берди. Ҳазрат девонидаги бир байт шоирнинг бутун ўй-хаёлини банд этди:
Менга шоҳлар хилъати не,
эл томошо қилғали —
Ўзбаким бошида қалпоқ,
эгнида ширдоғи бас.
Навоийдаги “ўзбаким” ХХ аср шоири тафаккурида “ўзбегим” радифига айланди. Шу тариқа Москвадаги камситиш оғриғи билан Навоийдан келган миллий садо туташди, қарийб бир йил ёзилган қасиданинг маънавий ўзаги шаклланди.
Демак, “Ўзбегим” бир лаҳзалик илҳомдан туғилган фахрия эмас.
У кўрилган камситиш, англанган тарих ва Навоийдан олинган маънавий мададнинг синтези эди. Улуғбек суратининг деворда йўқлиги қасидадаги “осмонга қўйилган нарвон”га, Навоийнинг “ўзбаким”и эса бутун асарни бирлаштирган радифга айланди.
Пинҳон тарих ва икки Ренессанс
Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон, ўзбегим...
Биринчи мисрадаги энг оғир маъно “минг асрлар”дагина эмас, “пинҳон” сўзидадир. Шоир халқнинг тарихи йўқлигини эмас, ҳақиқати яширилганини айтади. Помир ва оқсоч Тиёншон, Афросиёб ва Ўрхун хати гувоҳликка чақирилади, “ўзбегим” радифи эса тарқоқ даврларни ягона миллий тақдирга боғлайди.
Қасидадаги тарихий номлар қуруқ саноқ ёки безак эмас: ҳар бири миллий хотиранинг узилган ҳалқасини қайта улайдиган далилдир. Радифнинг ҳар бандда қайтиши эса этник мансубликни билдирувчи сўзни қадр-қиммат, тарихий хотира ва маънавий бирлик формуласига айлантиради.
Эркин Воҳидов миллат улуғворлигини ҳудуд забти билан эмас, инсоният тафаккурига қўшган маърифати билан ўлчайди. Хоразмий алгоритм ва аниқ тафаккурни, Беруний қомусий билимни, Форобий фалсафа ва комил жамият ғоясини ифода этиб, Биринчи Шарқ Ренессансининг маънавий насабномасини тузади. Иккинчи Ренессанс эса Улуғбек ва Навоий тимсолларида юксалади:
Туздию Мирзо Улуғбек Кўрагоний
жадвалин,
Сирли осмон тоқига илк қўйди
нарвон, ўзбегим.
Мир Алишер наърасига
акс садо берди жаҳон,
Шеърият мулкида бўлди
шоҳу султон, ўзбегим.
Москва обсерваториясидаги алам биринчи байтда бадиий адолатга айланади: деворда йўқ сиймо қасидада осмонга нарвон қўйган аллома бўлиб қад ростлайди. Улуғбек миллат тафаккурини коинотга кўтарган бўлса, Навоий унинг тилини жаҳон минбарига олиб чиққани шоирнинг фавқулодда метафоралари орқали алоҳида урғуланади.
Тарих жароҳати ва эрксевар қон
“Ўзбегим”дек қасидалар фақат шонли ўтмиш мадҳиясидан иборат эмас. Шоир шамшир ўйнатиб ўтган хоқону султонларни, қурбон умрлар, таланган мулк ва вайрон юртни ҳам яширмайди:
Ўтдилар шўрлик бошингдан
ўйнатиб шамширларин,
Неча хоқон, неча султон,
неча минг хон, ўзбегим.
Ёғди тўрт ёндин асрлар
бошингга тийри камон,
Умри қурбон, мулки торож,
юрти вайрон, ўзбегим.
Бироқ ўзбек халқи қасидада фақат ожиз қурбон сифатида тасвирланмайди. Кўрган мислсиз жабрлари ортидан Шоҳ Машрабдек исён кўтаради:
Давр зулмига ва лекин бир умр
бош эгмадинг,
Сен — Муқанна, сарбадор — сен,
эрксевар қон, ўзбегим.
Муқанна ва сарбадорлар халқ вужудида асрлар давомида оққан эрксеварлик қонининг рамзига айланади. 1968 йил шароитида “давр зулми”, “бош эгмаслик” ва “эрксевар қон”ни бир бандда бирлаштириш очиқ сиёсий баёнот эмас эди, аммо замондош ўқувчи қалбида қарамлик ва озодлик ҳақидаги саволни муқаррар уйғотар эди.
“Давр зулми” деган ифода, айниқса, теран: у зулмни битта ҳукмдор ё босқинчидан кенгроқ, бутун тарихий-сиёсий тизим даражасига кўтаради. “Бир умр бош эгмадинг” эса халқ жисман мағлуб этилиши мумкинлигини, аммо унинг маънавий иродасини батамом бўйсундириб бўлмаслигини англатади. Тарихий жабр шу тариқа ожизлик хулосаси эмас, тобланган ирода манбаига айланади.
Илк тақдимотда сукутни ёрган олқиш
Қасида битгач, устоз уни ҳали ҳеч қаерда ўқимаган эди. 1968 йилларда Ёзувчилар уюшмасидаги “Бир шеър кечаси”да қоида қатъий эди: шоир битта шеър ўқийди — олқиш олсагина давом этади, акс ҳолда минбардан тушади. Эркин Воҳидов минг ҳаяжон билан “Ўзбегим”ни ўқийди. “Ўқияпман, ўқияпман... давра сув қуйгандек жим. Ўқиб ҳам бўлдим. Сукунат...”, дея хотирлаган эди устоз.
Бу бефарқлик эмас, сўзнинг қудрати ва уни очиқ олқишлаш хавфини бирдек ҳис қилган сукут эди. Шунда энг орқа қатордаги бир инсон тик туриб қарсак чалади. Якка олқиш сукут деворини ёради: бутун зал оёққа қалқиб, қарийб беш дақиқа қарсак чалади. Кейинги навбатдаги Абдулла Орипов минбарга чиқиб: “Бугун мен шеър ўқимайман. Рухсат берсангизлар, Эркин ака “Ўзбегим”ни яна бир марта ўқиб берсалар”, дейди. Қасида қайта ўқилади, қўлёзма қўлма-қўл кўчирилади. Шу куни асар муаллиф мулкидан халқ маънавий мулкига айланди.
Бир кишининг тик туриши бутун давранинг қалбидаги туйғуни ҳаракатга келтирди. Олқиш энди шеърнинг бадиий қимматига берилган баҳо эмас, халқнинг ўз номи ва тарихини баралла эшитиш эҳтиёжининг ифодаси эди. Абдулла Ориповнинг ўз навбатидан кечиши эса буюк истеъдоднинг буюк истеъдод олдидаги самимий эътирофи бўлганди.
“Лек”ка жо бўлган жасорат
Қасида матбуотда эълон қилингач, Марказқўмнинг масъул ходимларидан бири шоирни чақириб, асарда Ленин, инқилоб, рус халқи, Москва ва Кремлнинг “халқимизга таъсири” айтилмаганини танбеҳ қилади, шу мавзуларни киритишни, қофияни эса шоирнинг ўзи топишини талаб этади. Бу таҳрир эмас, қасиданинг бош қаҳрамони халқнинг ўзи эканига дахл қилиш эди.
Менга Пушкин бир жаҳону
менга Байрон бир жаҳон,
Лек Навоийдек бобом бор,
кўксим осмон, ўзбегим.
Мутасадди “лек” зидлов боғловчисини “ҳам” боғловчисига алмаштиришни таклиф этади. Устоз бу таклифга “Кечирасиз, қасиданинг бутун кучи шу “лек” сўзига жо қилинган”, дея қатъий жавоб беради. Яъни “ҳам” Навоийни Пушкин ва Байрон билан бир қаторга тизар эди, “лек” эса уларнинг буюклигини инкор этмай, Навоийнинг лирик қаҳрамон учун бобо, миллий хотира ва маънавий илдиз сифатида мутлақо бошқа мақомини белгиларди. Шоир бир боғловчини эмас, халқнинг ўз тарихига мустақил баҳо бериш ҳуқуқини ҳимоя қилди.
Бу ерда жаҳон адабиёти миллий адабиётга қарши қўйилмайди. “Менга Пушкин бир жаҳон”, “менга Байрон бир жаҳон” — умумбашарий маданиятга эҳтиром, “лек Навоийдек бобом бор” — ўз маънавий қибласини англашдир. Воҳидов маҳоратини қарангки, биргина зидлов боғловчисига мустабид мафкура билан миллий ўзлик ўртасидаги катта тарихий зиддият сиғдирилган.
“Ўзбегим” “Гулистон” журналида босилгач, хотираларда қайд этилишича, таҳририят фаолиятига чек қўйилди, журнал вақтинча ёпилади, Эркин Воҳидовнинг давлат ишида ишлашига тўсиқ қўйилади ва шоир қарийб беш йил ишсиз қолади. Ўша кезларда Абдулла Орипов ҳам “Тилла балиқча” ва “Биринчи муҳаббатим” шеърлари учун тазйиққа учрайди. Асарни тўхтатиш қийин бўлгач, муаллифларни ижтимоий жиҳатдан яккалашга уринилган эди.
Шоирни асраган тунги қўнғироқ
Шароф Рашидовнинг рафиқаси Хурсаной ая Рашидованинг 1991 йил “Саодат” журналида чиққан “Тунги қўнғироқ” суҳбати босимнинг жиддийлигини кўрсатади. Унинг гувоҳлигига кўра, республика Давлат хавфсизлик қўмитаси раиси кечаси Шароф Рашидовга қўнғироқ қилиб, Эркин Воҳидовни “тергов қилиш” учун шошилинч рухсат талаб қилади. Шунда Рашидов “Қўйинг, Эркин Воҳидовни сиздан кўра яхшироқ биламиз. Тегманг, шоирни безовта қилманг”, деб талабни рад этади. Бу архив ҳужжати эмас, Хурсаной Рашидованинг гувоҳлиги, аммо унинг маъноси улкан: республика раҳбари бир ижодкор билан бирга эндигина уйғонаётган миллий хотирани ҳам қақшатқич зарбадан асради.
Тазйиққа қарши адабий вазифа
Шароф Рашидов ҳимояни бир рад жавоби билан чекламайди. Эркин Воҳидов хотирлашича, у икки шоирни чақириб, халқ олқишига сазовор оташин шеърларини эътироф этади ва айни ижодий камол палласида кучларини жаҳон адабиёти дурдоналарига сафарбар этишни таклиф қилади: Эркин Воҳидовга Гётенинг “Фауст”ини, Абдулла Ориповга Дантенинг “Илоҳий комедия”сини таржима қилиш вазифасини беради, шунингдек, сара шеърларини Москвада чоп эттиришга ваъда қилади. Бу таъқиб ва ишсизликдан синиб қолмаслик учун икки истеъдодни улкан ижодий мақсад билан банд этиш сиёсати эди.
Қабулхонадаги яна бир ижодкор бу суҳбатдан хабар топиб, ўз шеърларини ҳам улар қатори Москвада чиқаришни сўрайди ва розилик олади. Буни эшитган Воҳидов агар ўша асарлар билан бир нашрда чиқса, ўз шеърлари босилмаганини маъқул кўришини айтади, Орипов ҳам сафдошини қўллайди. Оқибатда икки даҳонинг тўпламлари чиқмай, учинчи ижодкорнинг китоби Москвада босилади. Аслида, бу рад этиш асло кибр эмас, адабий мезон ва ўз ижодий қадрини арзонлаштирмаслик шарти эди.
Арслон ва қумурсқалар зарбулмасали
Орадан йиллар ўтиб, 1982 йилда Абдулла Орипов воқеани Эркин Воҳидовга бағишланган “Арслон чорлаганда...” шеърида рамзга айлантирди:
Биз ҳам юксакларга тиккандик кўзни,
Бизда ҳам бор эди матонат, бардош.
Арслон чорлаганди қошига бизни,
Лекин қумурсқалар бўлди сафардош.
Жами тирикликка таниш бу хатар,
Қумурсқа яралган ёппа таларга.
Дўстим, алам қилар, арслон бехабар,
Ем бўлиб кетсак шу қумурсқаларга.
Устоз Эркин Воҳидовнинг жавобида рамзлар доираси яна кенгайди:
Биламан, азизим, менга ҳам аён,
Қумурсқа зотининг надир ташвиши.
Арслоннинг бошида лек ўзга хаёл,
Қумурсқалар билан қанчалик иши?!
Улар еб битирса бизни беомон,
Билмам, ким ғам чекар,
ким бўлар мамнун.
Лекин қарсак чалиб, кулар у замон,
Арслоннинг ёнида ўтирган маймун.
“Арслон” — катта давлат ва миллат ташвиши билан банд раҳбар, “қумурсқалар” — истеъдодни майда манфаат ва ҳасад билан емирадиган муҳит, “маймун” эса бу емирилишдан манфаатдор сохта садоқат тимсолидир. Икки шеър шахсий хафагарчилик эмас, истеъдод ва муҳит, катта ният ва амалдорлик ўртасидаги зиддият ҳақидаги зарбулмасал бўлиб қолди.
Шароф Рашидовнинг тутуми ҳам шу рамзий манзарада аниқроқ кўринади: у икки шоирни шунчаки машҳур ижодкор эмас, миллатнинг келажак маънавий тафаккурини белгилайдиган сиймолар сифатида англаган. Тунги қўнғироқдаги ҳимоя ва кейинги катта таржима вазифалари ўзбек адабиётининг икки буюк йўлини асрашга хизмат қилди.
Китобдан олдин халққа кирган қасида
Шерали Жўраев хотирасига кўра, 1968 йилда иккинчи курс талабаси бўлган хонанда Эркин Воҳидов маҳалласидаги тўйда шоирнинг шифокор қўшнисидан ҳали матбуотда чиқмаган қасидани эшитади. Аввал нусха беришга чўчиган суҳбатдош кейин матнни тўй столидаги сариқ қоғозга кўчириб беради. Шерали Жўраев талабалар шаҳарчасига қайтиб, рубоб топади, шеърни бир кечада ёдлайди ва тонггача куй басталайди. Уч-тўрт кундан сўнг Чиғатой қабристони ортидаги хонадонлардан бирида “Тарихингдииир” деб энг баланд пардадан бошланган илк ижро даврани жим қилади, қўшиқ тугаганда эса ҳовли ҳайқириққа тўлади.
Бу саҳна асарнинг кейинги тақдирини рамзий ифодалайди. Аввалига эшитишга тайёр бўлмаган давра биринчи нидодан кейин сукутга чўмади. Чунки “Тарихингдир” қўшиқнинг бошланишигина эмас, тарихидан узоқлаштирилган халққа қаратилган маънавий бонг эди. Шу тариқа қасида китоб саҳифасига кирмасидан аввал халқ қалбига кирди.
Истиқлолгача бўлган йигирма уч йил
“Ўзбегим” 1968 йилда ёзилди, Ўзбекистон 1991 йилда давлат мустақиллигига эришди — ўртада йигирма уч йил. Бир шеърни истиқлолнинг бевосита сиёсий сабаби дейиш тўғри эмас, аммо сиёсий ўзгариш маънавий заминсиз содир бўлмайди. Атоқли аллома Омонулла Мадаевнинг гувоҳлигича, мактаб ўқувчилари ва талабалар қасидани тўлиқ ёд олган, учрашувларда ўқиган, Афросиёб, Ўрхун-Энасой битиклари, Муқанна, сарбадорлар, Улуғбек, Навоий, Бобур, Машраб, Нодира, Фурқат ва Муқимий ҳаёти ва ижодига қизиқиш кучайган. Шеър ҳиссиётдан билимга, билимдан ўзликни англашга етаклаган.
Шу маънода, “Ўзбегим” яширин сиёсий дастур эмас, миллий онгнинг шеърий дастури эди. У халқни аввал майдонга эмас, ўз қалби ва тарихига қайтарди. Аммо ўзини англаган инсон аввалгидек қарам бўлиб қололмайди.
Таъкидлаш жоизки, қасида шеър ва қўшиқ ҳолида авлодлар хотирасида яшаб, истиқлол учун зарур бўлган энг муҳим шартни — миллатнинг ўз кучига ишончини мустаҳкамлади. У сиёсий шиор бермади, лекин сиёсий мустақилликни қабул қила оладиган маънавий инсонни тарбиялашга хизмат қилди.
Мустақил давлат ва янги Ўзбекистон эътирофи
Янги Ўзбекистон даврида хотира тирик таълим ва тарбия кучига айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 июнда Марғилондаги Эркин Воҳидов номидаги боғни реконструкция қилиш лойиҳаси билан танишиб, майдонни 9 гектардан 16 гектарга кенгайтириш, ижодкорлар хиёбони ва шоир ҳайкалини барпо этиш, масканни ёшлар маънавиятига хизмат қилдириш вазифасини белгилади. 2018 йил 14 майдаги қарор асосида Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ташкил этилди, 2018 йил июнь ойида Ижодкорлар боғида мемориал музей очилди.
Учинчи Ренессансга қўйилган маънавий нарвон
Эркин Воҳидов Биринчи ва Иккинчи Ренессанс сиймоларини ХХ аср ўзбек ўқувчисининг маънавий дунёсига қайтариб, Учинчи Ренессанс ғоясининг заминини тайёрлаган ижодкорлардан биридир. Аммо Ренессанс ўтмиш билан фахрланишнинг янги шакли бўлиб қолмаслиги керак: Беруний билан мақтаниб, кашфиёт қилмасак, Хоразмийни улуғлаб, замонавий илмни эгалламасак, Навоийни буюк деб, она тили тақдирига бефарқ бўлсак, тарихий фахр тасаллидан нарига ўтмайди.
Устоз Ренессанснинг тайёр натижасини эмас, уни яратишга қодир инсон қиёфасини берди: тарихини биладиган, она тилини севадиган, жаҳон маданиятига очиқ, аммо ҳеч ким олдида ўзини кам ҳис қилмайдиган инсонни. Биз, сонсиз мухлислари учун “Ўзбегим”нинг улуғ сабоғи ҳам шу — мерос билан фахрланиш баробарида унга муносиб бўлиш масъулияти. Мирзо Улуғбек қасидада сирли осмон тоқига нарвон қўйган эди, Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим”и эса тарихий хотира билан келажак тафаккурини боғлаб, истиқлол тоқи орқали Учинчи Ренессанс сари қўйилган маънавий нарвон бўлиб қолди. Энди шу нарвондан кўтарилиш ўзлигини англаган, илмга таянган ва озод фикрлайдиган авлоднинг вазифасидир.
Рустам МИРВОҲИД,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори,
шоир