Қарорга асосан, ҳудудларда туризм инфратузилмасини комплекс ривожлантириш, соҳада янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш белгиланган. Бунда туризм ва унга ёндош соҳаларда 24 мингта янги иш ўрни яратиш ҳамда 16 мингта иш ўрнини “соядан чиқариш” (яширин иқтисодиётдан қонуний секторга ўтказиш) орқали 40 мингта иш ўрни ташкил этиш, соҳани лойиҳавий бошқарув тизимига ўтказиб 31 та туризм объектини ташкил этиш асосий мақсад қилиб белгиланган.

Мамлакатимиз 2026 йилнинг дастлабки уч ойида хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича дунёда энг юқори ўсиш қайд этилган ТОП-5 давлатлар қаторига кирган. Бу маълумотлар жаҳон туризм бозорида рақобатнинг тобора кучайиб бораётганини кўрсатади.

Жаҳон туризм бозорида ривожланган давлатлар ҳам ўз ўрнини маҳкам ушлаб туришга, замонавий туризм тенденцияларига мослашишга ҳаракат қилмоқда. Бунинг асосий сабаблари мазкур соҳа барча давлатлар учун сердаромад экани, қолаверса, туризмни ривожлантиришда янги иш ўринларини яратиш асосий омиллардан бири экани, яъни туризмда яратилган 1 та иш ўрни бошқа соҳаларда қўшимча 2 та иш ўрни яратилишига олиб келиши билан изоҳланади.

Туризмнинг мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли фаровонлиги учун нақадар муҳим аҳамият касб этиши, кўплаб иш ўрни ва даромад манбаи экани ҳақида гап кетганда, Президентимизнинг Марғилон шаҳридаги “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасининг очилиш маросимидаги нутқида келтирилган қуйидаги фикрлари ўринлидир.

“Сўнгги йилларда миллий меъморчилик ечимларини қўллаган ҳолда тарихий ва замонавий анъаналарни мужассам этган йирик туристик мажмуалар барпо этишга алоҳида эътибор беряпмиз. Хусусан, Самарқандда “Буюк ипак йўли” ва Имом Бухорий мажмуалари, Хоразмда “Арда Хива” халқаро туризм маркази ишга туширилди.

Яқинда азим пойтахтимизда очилган, Янги Ўзбекистон дурдонаси сифатида эътироф этилаётган Ислом цивилизацияси маркази ҳам бу борада улкан қадам бўлди. Таъкидлаш керакки, ушбу мажмуа экспозициясида Фарғона тарихига алоҳида ўрин ажратилган. Бу масканда тўртта йирик порталдан биттаси Қўқон портали деб аталади, Биринчи Ренессанснинг буюк намояндалари — Аҳмад Фарғоний ва Бурҳониддин Марғиноний боболаримиз фаолияти атрофлича ёритилган. Буларнинг барчаси — Фарғона вилоятига, бу замин фарзандларига юксак ҳурмат ва эҳтиром ифодаси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз”.

Шу ўринда айтиш мумкинки, “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуаси тўлиқ ишга тушгач, вилоятга йилига ўртача 200-250 минг нафар хорижий сайёҳ жалб этилиши кутилмоқда. Бунинг натижасида 2 мингта иш ўрни яратилади, бюджетга 52 миллиард сўм тушум ва 30 миллион долларлик хизматлар экспорти таъминланади.

Бутунжаҳон туризм ташкилоти маълумотлари таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, дунёдаги нотинч вазиятларга қарамай ­халқаро туризм бозорида 2026 йилнинг биринчи чорагида хорижий туристларнинг давлатлар бўйлаб ташрифи 2 фоизга ошганига гувоҳ бўламиз. Яъни 2026 йилнинг биринчи чорагида 307 миллион турист халқаро саёҳатни амалга оширган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 6 миллион нафарга кўп.

Бугунги жаҳон туризм бозори олдингисидан тубдан фарқ қилади. Эндиликда оммавий туризмдан индивидуал туризмга ўтиш, туризмнинг креатив турлари, хусусан, юқори даромадли сайёҳлик ҳисобланган люкс (Luxury) туризмга, бундан ташқари MICE (бизнес ва корпоратив мақсадларга қаратилган ишбилармонлик туризми), shoping (савдо ва харид туризми), тиббий, таълим, зиёрат, экологик, гастрономик каби турларга талаб кучаймоқда.

Жаҳон туризм бозорида таассуротларга асосланган саёҳатлар ҳам ривожланяпти. Одамлар энди фақат машҳур жойларни кўришнигина эмас, балки маҳаллий маданият, таомлар ва анъаналарни ҳис қилишни хоҳламоқда. Шу сабабли туризм бозорида гастрономик, маданий ва этнографик туризм тез суръатларда ривожланаётир.

Юртимизда ҳам агротуризм, экотуризм ва экстремал туризм имкониятларини бирлаштирган 508 гектар майдонни эгаллаган “Каркидон” туризм мажмуасида 45 та шале, 57 та замонавий меҳмон уйи, агротуризм ­мажмуаси, гуллар боғи, лавандазор, ­экобозор, сокин ҳудудлар ва ресторанлар ташкил этилган.

Туризм мамлакатни дунёга танитиш, янги иш ўринлари яратиш ва хизматлар экспортини кенгайтиришнинг самарали йўналишларидан бири. Шу боис, Тахтакўпир туманида Қоратеренг кўли, Хонобод туманида сунъий кўл, Хатирчи туманида “Кўксарой” сув омбори, Поп туманида Арашан кўли, Нуробод туманида “Собирсой” ва Каттақўрғон туманидаги “Каттақўрғон” сув омборлари атрофида ҳам йирик туризм мажмуаларини барпо этиш режалаштирилган.

Янги Ўзбекистонни барпо этишда туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида давлат томонидан бир қатор устувор вазифалар белгиланган. Хусусан, Президентимизнинг 2026 йил 16 февралдаги “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ташқи ва ички туризмни ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиш орқали сайёҳлар сонини ошириш белгиланган. Бунда 2030 йилга бориб, мамлакатимизда туризм соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 7 фоизга, туризм хизматлари экспортини 6 миллиард долларга, мамлакатимизга ташриф буюрадиган хорижий туристлар йиллик сонини 20 миллионга етказиш, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида ички сайёҳларнинг республика бўйлаб 25 миллионта сафарини амалга ошириш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига туризм кластерлари сонини 25 тага етказиш кўрсатиб ўтилган.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган туризм соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, замонавий бошқарув усулларини жорий этиш ҳамда ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга катта эътибор қаратилди. Саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг беш ойида Ўзбекистонга 5 миллион 352 минг хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга юқори. Уларга кўрсатилган туризм хизматлар экспорти ҳажми эса 2,2 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 38 фоизга ўсган. Мамлакатимизга давлатлар кесимида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан Хитойдан 3,4 баробар, Малайзиядан 2,1, Япониядан 1,6, Россиядан 1,4, АҚШ, Германия ва Франциядан 1,3 баробар, Британиядан 20 фоиз ва Туркиядан 19 фоиз кўп сайёҳлар ташриф буюрган.

Ички туризмни ривожлантириш мақсадида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида республика бўйлаб қарийб 9,8 миллион маҳаллий аҳоли саёҳатлари ташкил этилган.

Туристларга хизмат кўрсатувчи 302 та туризм ташкилоти ташкил этилиб, уларнинг сони 4,7 мингтага етди. Жорий йилнинг ўтган даврида жами 488 та жойлаштириш воситалари, шу жумладан, 74 та меҳмонхона,

212 та оилавий меҳмон уйлари, 139 та хостел ва 63 та бошқа турдаги жойлаштириш воситалари ташкил этилиб, уларнинг сони 7,3 мингтага, ўринлар сони эса 199,7 мингтани ташкил қилади. Ҳудудларда туризм қишлоқлари ва туризм маҳаллаларини ташкил этиш ишлари давом эттирилмоқда. Бугунги кунда улар сони 44 тага етказилди.

Туризм соҳасида рақамлаштириш йўналишида Миллий туризм ягона платформасини жорий этиш ишлари олиб борилмоқда. Платформа доирасида меҳмонхоналарни брон қилиш, авиа ва темир йўл чипталарини харид қилиш, музей ва маданий мерос объектларига онлайн чипта сотиб олиш ҳамда туристик хизматлар статистикасини юритиш имкониятлари яратилди.

Оилавий меҳмон уйи ва хостелларни реестрга киритиш ахборот тизими янги талқинда ишлаб чиқилиб, Ягона интерактив давлат хизматлари порталига интеграция қилинди.

Албатта, мамлакатимизга хориждан келаётган туристлар оқимини ошиб боришини таъминлаш мақсадида замонавий туризм турларини кенгайтириш мақсадга мувофиқ. Мамлакатимизга ташриф буюраётган туристларнинг асосий қисми тарихий-маданий туризм, яъни тарихий шаҳарлар, обидалар, маданий мерос объектлари ва зиёратгоҳларга келаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бунинг мавсумийликка боғлиқлиги ҳамда ташриф буюраётган туристларнинг асосий қисми нафақа ёшида эканлиги сабабли ёшларни ҳам кенг жалб қилиш мақсадида туризмнинг бошқа турларини, яъни MICE, тиббий, таълим, соғломлаштириш, зиёрат, экологик, аграр, гастрономик, этнографик, тоғ туризми каби турларини ҳам ривожлантириш, туристларнинг оқими паст ҳудудларда янги туризм кластерлари ва соғломлаштириш мажмуаларини ташкил этиш, маданий мерос объектларини рақамлаштириш, соҳада илмий тадқиқотларни амалиётга жорий қилишнинг самарали механизмини татбиқ этиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Алишер ЭШТАЕВ,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор