Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошов мопед, скутер ва кичик ҳажмли мототранспорт воситаларини бошқариш учун нега ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилинаётганига изоҳ берди.

Унинг маълум қилишича, бундай талабни жорий этишда йўллардаги қоидабузарликлар ва улар оқибатида юз бераётган оғир йўл-транспорт ҳодисалари асосий омиллардан бири бўлган.

Хусусан, 2026 йилнинг 8 ойи давомида скутер ва мопедлар иштирокида 563 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Уларда 488 киши тан жароҳати олган, 89 киши ҳалок бўлган.

«89 та инсон — бу битта маҳалла дегани», — дея таъкидлади Зойир Йўлдошов.

Қоидабузарликлар сони ҳам кескин ошган. 2025 йил давомида мопед ва скутер бошқарган шахслар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ 300 га яқин ҳолат аниқланган бўлса, 2026 йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 4 312 тага етган. Шундан 162 ҳолатда мопед ва скутер ҳайдовчилари ҳам тегишли ҳужжатларсиз, ҳам маст ҳолатда транспорт бошқарган.

Талаб яқинда пайдо бўлган эмас

ЙҲХХ вакили мопед ва скутерлар учун давлат рақами белгиси ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномасини талаб қилиш яқинда бошланган жараён эмаслигини ҳам таъкидлади.

Ҳукуматнинг 2024 йил 17 июлдаги 429-сон қарори асосида мопед ва скутерлар учун алоҳида давлат рақами белгилари жорий қилинган.

Шу билан бирга, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг соддалаштирилган тартиби йўлга қўйилган.

«А-1» гувоҳномасини олиш осонлаштирилган

2018 йилда тасдиқланган тартибга кўра, мопед ва скутерларни бошқариш учун «А» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилинган. Янги соддалаштирилган тартиб билан эса «А-1» кичик тоифаси амалиётга киритилди.

Энг юқори конструктив тезлиги соатига 25 километрдан ошмайдиган, иш ҳажми 25 куб сантиметргача бўлган ички ёнув двигателига эга ёки номинал қуввати 0,25 киловаттгача бўлган кичик ҳажмли мототранспорт воситалари учун давлат рақами белгисини олиш талаб этилмайди. Уларни бошқариш учун «А-1» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси етарли.

«А-1» тоифасини олиш тартиби ҳам соддалаштирилган. Фуқаролар автомактабда ўқимасдан, имтиҳонга мустақил тайёрланиши мумкин.

Шунингдек, «А», «B», «C» ёки «D» тоифаларидан бири бўйича ҳайдовчилик гувоҳномасига эга шахслар «А-1» тоифасини алоҳида олиши шарт эмас.

Бошқа тоифалар учун назарий имтиҳонда 20 та тест саволидан камида 18 тасига тўғри жавоб бериш талаб қилинса, «А-1» тоифаси учун 16 та тўғри жавоб етарли.

ЙҲХХ вакилига кўра, ушбу талабларнинг асосий мақсади мопед ва скутер ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидалари бўйича зарур билимга эга бўлишини таъминлаш ва оғир оқибатли ЙТҲларнинг олдини олишдан иборат.

«Биз бундай одамларга қоидани билинг, гувоҳнома олинг, билимингиз бўлса, йўлда ўз ҳаётингизни асраб юришни ўрганасиз, дедик. Ҳуқуқ ва билимга эга бўлмаганларнинг ҳаётини асраш, бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф туғдирмаслиги учун мототранспортлардан фойдаланишларини вақтинча чеклаяпмиз», — деди Зойир Йўлдошов.