“АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашиш ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий ва эзгу тилакларини етказиш мен учун катта шарафдир” – бу сўзларни эшитарканмиз, қалбимизда яна бир бор фахр ва мамнуният туйғуси жўш уради. Зеро, бу оддий дипломатик учрашув баёни эмас, балки икки буюк давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик кўпригининг яна бир поғонага кўтарилаётганидан далолат берувчи тарихий лаҳзадир.

Дунёнинг энг нуфузли минбарларида юртимиз номини шараф билан тилга олиш, Президентимизнинг эзгу тилакларини жаҳоннинг етакчи давлатлари раҳбарларига етказиш – бу нафақат бир шахснинг, балки бутун бир халқнинг иззат-икроми, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги муносиб ўрни эканини англатади. Бир вақтлар ўз чегаралари ичида қолиб кетган, овози узоқларга етмаган юртимиз бугун жаҳон сиёсатининг фаол иштирокчисига, ишончли ҳамкорига айланганидан ҳар биримизнинг кўксимиз ғурурга тўлади.

Мана шу лаҳзада кўнглимдан не – не туйғулар ўтди. Чунки бу сўз шунчаки бир мамлакатнинг ташқи сиёсати эмас, балки асрлар қаъридан оқиб келаётган буюк бир маънавиятнинг ифодаси эди. Бизнинг халқимиз ҳеч қачон қон тўкиш, босқинчилик, бошқаларни ерга уриш томонида бўлмаган. Аксинча, Буюк ипак йўли чорраҳасида яшаб, у карвонлар билан бирга нафақат мовут ва ипакни, балки илм, ҳикмат ва инсонпарварликни ҳам олиб юрган. Беруний осмонга боқиб юлдузларни санади, Ибн Сино инсониятни дардлардан халос қилиш йўлини излади, Алишер Навоий “Одами эрсанг демагил одами, ониким йўқ халқ ғамидин ғами“ деб бутун башариятга меҳр – оқибатни тарғиб қилди. Мана шу мерос – эзгулик ва тинчлик йўлидаги азалий садоқат – бугун жаҳон минбаридан баралла айтиляпти. Буни эшитиб, қандай фахрланмаслик мумкин? Қандай кўнгил тўлқинланмайди?

Мен бугун олий ўқув юртига раҳбарлик қилаётган инсон сифатида бу нутқдаги ҳар бир сўзни ўзимча ўлчаб, ўз вазифам билан солиштириб тингладим. Айниқса, “Бола – давлатнинг энг катта масъулияти”, “Давлатнинг қудрати, аввало, инсон қадрини қанчалик ҳимоя қила олиши билан белгиланади” – бу сўзлар жаҳон аҳлига хитоб қилиб айтилган, бироқ уларнинг энг чуқур маъноси бизнинг – устоз ва мураббийларнинг кундалик ҳаётида рўёбга чиқади. Ва ҳайратланарли бир уйғунлик юз берди: деярли шу кунларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида педагоглар билан учрашиб, мана шу улуғ ғояларни амалий вазифага айлантирди. “Ўқитувчи – меҳр дарёси, ўқитувчи – эзгулик булоғи, ўқитувчи – маърифат қуёши!" – деди давлатимиз раҳбари. Бу сўзларни эшитарканман, бир умр таълим даргоҳида меҳнат қилган инсон сифатида кўзларим намланди. Зеро, бу – бир касбга эмас, бутун бир миллат виждонига айтилган эътироф эди.

Жаҳон минбарида янграган “Технологик тараққиётнинг марказида инсон ва унинг тақдири туриши шарт” – деган ҳақиқат устозлар учрашувида яна бир бор тасдиқланди. Президентимиз ҳақли равишда таъкидладики, бугун сунъий интеллект билим олиш ва меҳнат қилиш усулларини тубдан ўзгартирмоқда. Бироқ ҳеч бир технология, ҳеч бир ақлли машина боланинг қалбига устоз каби йўл топиб, унга Ватанга муҳаббат ва масъулият туйғусини сингдира олмайди. Мана шу ҳақиқат – жаҳон минбаридан янграган “инсон марказда” ғоясининг энг тиниқ ифодасидир. Чунки энг илғор технология ҳам, агар уни ишлатаётган инсоннинг гўзал хулқи, ақлида маърифати бўлмаса, инсониятга бахт эмас, фалокат келтириши мумкин. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари умрини ёшлар камолотига бағишлаган педагогларга алоҳида миннатдорлик билдирди, уларнинг фидойи меҳнатини эъзозлади.

Учрашувда таълим ва илм-фан фидойиларига давлат мукофотлари топширилди. Қувонарлиси, мукофотланганлар орасида нафақат устозлар, балки таълим ривожига ҳисса қўшаётган тадбиркорлар ва хорижий ҳамкорлар ҳам бор эди – бу эса жаҳон минбарида янграган биродарлик ва ҳамкорлик ғоясининг амалий кўринишидир. Таълимнинг барча бўғинларидаги илғор педагоглар учун буюк маърифатпарвар Абдулла Авлоний номидаги алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш таклиф қилинди. Бу – ўтмишдаги маърифат жафокашларига эҳтиром, бугунги устозларга эса янги илҳом демакдир.

Президентимиз таълимни ривожлантириш Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг энг муҳим бўғини эканини таъкидлади. Ва қуйидаги рақамлар бунинг ёрқин далили. Кейинги ўн йилда 1 миллион 800 минг ўринли боғчалар, 1,5 миллион ўринли мактаблар барпо этилди, 10 мингдан зиёд таълим муассасаси замонавий кўринишга келтирилди. Бироқ энг эътиборли жиҳат шуки, давлатимиз раҳбари бинолардан ҳам муҳимроқ масала – ўқитиш мазмуни ва сифати эканини қайд этди. “Биз болаларимизни пахта даласидан – мактаб партасига, ўқитувчиларни – таълим жараёнига қайтардик,” – деди президент. Мана шу бир жумлада бутун бир даврнинг инсонпарварлик мазмуни жо бўлган. Чунки бола пахта даласида эмас, партада – билим нурида камол топиши керак. Бу – жаҳон минбарида янграган “инсон қадри” ғоясининг энг таъсирли амалий ифодасидир.

2018- йилдан бошланган янги авлод дарсликларини яратиш иши бугун ўз самарасини бермоқда. Хорижий тажриба ўрганилиб, 8-синфгача бўлган дарсликлар янгиланди. Биргина жорий йилда 400 нафардан зиёд мутахассис иштирокида 324 та дарслик қайта ишланди. Диққатга сазовор жиҳати – бу дарсликлар болаларда миллий қадриятлар, табиатга масъулиятли муносабат, рақамли ва молиявий саводхонлик билан бирга мустақил ҳамда танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган. 2030-йилга қадар юқори синфлар учун дарсликлар ҳам янгиланади. Биз, устозлар, бу ўзгаришларнинг нақадар муҳимлигини яхши биламиз: чунки танқидий фикрлай оладиган, ўз фикрига эга бўлган ёш – мана шу келажагимизнинг ҳақиқий пойдеворидир.

Ислоҳотлар натижаси ўқувчиларимизнинг ютуқларида яққол кўринмоқда. PISA рейтингида 15 ёшли ўқувчиларимиз табиий фанлар бўйича 32 поғона юқорилаб, 48-ўринни эгаллади. Шу йилнинг ўзида ёшларимиз нуфузли олимпиадаларда 228 та медалга сазовор бўлди. Мактаб давридаёқ хорижий тил ва фанлардан халқаро сертификат олган ўқувчилар сони 100 минг нафарга етди. Бу рақамларни эшитарканман, қалбим қувончга тўлади. Зеро, бу медаллар, бу сертификатлар ортида минглаб устозларнинг тун-у кун меҳнати, фарзандларимизнинг тийраклик тўла нигоҳлари, уларнинг ёруғ келажагига бўлган ишончимиз турибди.

Педагогларни қўллаб-қувватлаш ҳам ўз самарасини бермоқда. Халқаро ва миллий сертификатга эга ўқитувчилар сони беш йилда 29 мингдан 143 мингга ошди, мактабларда ўқитувчи етишмаслиги уч баробар камайди. Бугун 40 минг муаллим 1 минг доллардан, яна 1,5 минг нафари эса 2 минг доллардан юқори маош олмоқда. Бу – устоз меҳнатининг қадрланаётганининг, “инсон қадри” ғоясининг айнан ўқитувчи тимсолида рўёбга чиқаётганининг исботидир. “Йил ўқитувчиси” танлови энди боғча тарбиячилари ва техникум усталарини ҳам қамраб олади – демак, меҳр дарёсининг ҳар бир томчиси, маърифат қуёшининг ҳар бир нури қадрланади.

Президентимиз келгуси вазифаларга тўхталар экан, мактаб битирувчиси катта ҳаётга касб ва хорижий тилни эгаллаб чиқиши зарурлигини таъкидлади. Мактаб директорларига қўшимча ваколатлар берилади, ҳамкорликка тайёр тадбиркорлар учун шароит яратилади. Ёшларни мактабданоқ касбга тайёрлаш ва таълим босқичлари ўртасидаги узвийликни таъминлаш бўйича комиссия тузилади. Иқтисодиётнинг технологик ривожи учун математика, физика, кимё ва биологияни чуқур ўқитишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу фанлар ўқувчилар сони 25 нафардан ошган синфларда икки гуруҳга бўлиб ўқитилади – демак, ҳар бир болага алоҳида эътибор, алоҳида меҳр. Миллий сертификатга эга ўқитувчиларга 50 фоиз устама тўланади, ҳар йили минг нафар педагог хорижда стажировка ўтайди, олимпиада ғолибларини тайёрлаган устозлар тўғридан-тўғри олий тоифага эга бўлади. Мана шу рағбатлар ортида яна ўша ғоя турибди: устозни эъзозлаш – ёшнинг келажагини эъзозлаш демакдир.

Бошланғич синфлар учун ҳам фан олимпиадалари йўлга қўйилади. Келаси йилдан 4-синфлар ўртасидаги танлов ғолиблари компьютер билан, уларнинг устозлари эса пул мукофотлари билан рағбатлантирилади. Янги ўқув йилидан 100 та мактабда математика, информатика ва табиий фанлар инглиз тилида ўқитилади, бу лойиҳа педагогларига 100 фоиз устама белгиланади. Мактаблар фаолиятини баҳолаш учун “сифат индекси” жорий этилади; илғор мактаблар ўз тажрибаси билан бошқаларга кўмаклашса, уларнинг жамоаси 30 фоиз устама олади. Ўқитувчилар малакасини оширишда мажбурий курслар ўрнига касбий ривожланиш ваучерлари берилади – яъни устоз ўз натижасига қараб ўзи танлайди. Бу – педагогнинг шахсига, унинг эркига, унинг қадрига бўлган ҳурматнинг ифодасидир.

Жаҳон минбарида янграган инсонпарварлик ғояси, айниқса, алоҳида эҳтиёжга эга болаларга муносабатда ёрқин акс этади. Икки йилда инклюзив шароит яратилган мактаблар сони қарийб беш баробар ошиб, 3 минг 591 тага етди. Тошкентда иш бошлаган кўп функционал инклюзив ресурс мактаби тажрибаси тез орада Хоразм, Жиззах, Самарқанд вилоятларида, сўнгра барча ҳудудларда жорий этилади. Мана шу – “Давлатнинг қудрати инсон қадрини қанчалик ҳимоя қила олиши билан белгиланади” деган ҳақиқатнинг энг таъсирчан исботи. Чунки ҳар бир боланинг – жисмоний имконияти чекланган фарзанднинг ҳам – тенгдошлари билан бир муҳитда, бир меҳр остида таълим олиши, мана шу – чинакам инсонийлик, чинакам адолатдир.

Мактабгача таълимда ҳам боғча боланинг қобилияти кашф этиладиган масканга айланиши зарурлиги таъкидланди. Ўйин орқали таълим беришга қаратилган дастур бўйича 180 минг тарбиячи ўқитилмоқда, йил якунига қадар бу дастур 38 мингдан ортиқ боғчанинг барчасига киритилади. Тошкентда ЮНEСКО шафелигидаги минтақавий марказ ва Италиянинг машҳур Режжио Эмилия маркази фаолият бошлади. Ишли оналарни қўллаб-қувватлаш учун эса келаси йил 1-январдан 2–3 ёшли фарзандини оилавий боғчага берган аёлларнинг бадал пули бюджетдан қопланади. Мана шу нозик ғамхўрликларда она қадри, бола қадри, оила қадри – бир сўз билан айтганда, инсон қадри ва қадриятларимиз яққол кўзга ташланади.

Касбий таълимда сўнгги икки йилда 104 та техникумга халқаро дастурлар жорий этилди. Техникумларнинг 25 минг корхона билан ҳамкорлиги 100 мингдан зиёд ёшга ўқиш билан бирга даромад топиш имконини берди. Дуал таълимда стипендия 1 миллион 300 минг сўмгача тўланмоқда. Илк бор ўтказилган “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касб танловида 170 минг ўқувчи иштирок этди; энг муносиблари 2028 йилда Токиодаги касблар бўйича жаҳон чемпионатига тайёрланади. Ёшларимизнинг жаҳон майдонида ўз иқтидорини намойиш этиши – бу “Биз инсоният томонидамиз” деган буюк шиорнинг амалий рўёбидир.

Олий таълим ҳақида сўз борар экан, мамлакатимизда талабалар сони 1 миллион 600 мингга етгани, еттита олийгоҳ 17 та фан бўйича халқаро рейтингларга киргани қайд этилди. Бироқ, олий таълим муассасаси раҳбари сифатида мен Президентимизнинг адолатли танқидини алоҳида масъулият билан қабул қилдим. Давлатимиз раҳбари университетлардаги дарсликлар мазмуни ва мутахассислар тайёрлаш сифати бугунги талабга тўлиқ жавоб бермаётганини очиқ айтди. Бу – бизга қарата айтилган огоҳлантириш, айни пайтда ишончнинг ифодасидир. Ректорларнинг таълим сифати ва натижаси учун масъулияти оширилади. Давлат университетлари кузатув кенгашлари аъзоларининг учдан икки қисми хусусий сектор ва хорижий олийгоҳлар вакилларидан шакллантирилади, кенгашлар ҳар йили камида 50 та дарслик яратади, битирув ишлари эса иқтисодиётнинг амалий масалаларига қаратилади.

Олийгоҳларда “корхона – олийгоҳ – мақсадли кадр” тамойили асосида дуал таълимни ривожлантириш кўзда тутилган. Тизим келаси йилдан 75 та, 2028- йилдан барча олийгоҳларда йўлга қўйилади. Ишга олинган талабага тўланган маошнинг ярмини давлат қоплайди, яхши натижа кўрсатган ёшлар иккинчи курсдан давлат гранти асосида ўқийди. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари дунёнинг энг кучли 300 университети филиалларини мамлакатимизга жалб этиш вазифасини белгилади; муҳандислик, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, сунъий интеллект ҳамда тиббиёт йўналишларига устуворлик берилади. Мана шу режаларни эшитарканман, келажакка бўлган ишончим янада мустаҳкамланди. Зеро, буларнинг барчаси – бир мақсадга, ёшларимизнинг етук, билимли, рақобатбардош инсонлар бўлиб вояга етишига хизмат қилади.

Олий таълим муассасаси ректори сифатида, жаҳон минбаридан янграган эзгу ғояларни ҳам, устозлар билан учрашувда белгиланган дадил вазифаларни ҳам бутун қалбим билан қўллаб-қувватлайман. Чунки бу икки воқеа бир-бирининг мантиқий давомидир: жаҳонга “инсон қадри” ҳақида айтилган сўз ўз юртимизда аниқ ислоҳотларга, аниқ рақамларга, аниқ фарзандларимизнинг тақдирига айланмоқда. Биз даргоҳимизда ёшларни шунчаки техникани биладиган эмас, гўзал одоби, ақлида маърифати бор инсонлар қилиб тарбиялашга интиламиз. Токи эртага улар ҳам жаҳон минбарларида ўз юртини шараф билан намоён эта олсин, инсоният томонида, эзгулик томонида тура олсин.

Президентимиз учрашув якунида айтган сўзлар менга энг теран ҳақиқат бўлиб туюлди: “Устозни эъзозлаш – бир касб эгасини эмас, бутун бир миллат келажагини эъзозлаш деганидир.” Мана шу бир жумлада жаҳон минбаридан янграган “Бола – давлатнинг энг катта масъулияти” деган ғоя билан бир хил томир уриб турибди. Чунки болани тарбиялайдиган – устоз, миллат келажагини қурадиган – устоз, инсон қадрини энг аввал дарс соатида улуғлайдиган – яна ўша устоздир.

Юрагимиз тўла ишонч билан айтамиз: халқимиз ва Президентимиз бошлаган бу эзгу ишлар – жаҳон минбарида янграган ҳақиқат ёки мактаб партасида экилган билим уруғи – албатта ўз самарасини беради. Экилган ҳар бир уруғ бир кун униб чиқади, берилган ҳар бир меҳр бир кун ўз мевасини беради. Биз эса – устозлар ва ёшлар – "ҳозиргидан кўра яхшироқ дунё", инсон қадри юксак бўлган Ватан қолдириш йўлида ҳамиша биргамиз. Зеро, бизнинг муқаддас бурчимиз – бугун партада ўтирган фарзандларимизни эртанги куннинг ёруғ нурларига элтиб қўйишдир. Шу ишонч, шу умид, шу меҳр бизни олдинга етаклайди – инсоният томонида, эзгулик томонида, билим ва келажак томонида!

Баҳодиржон Шермуҳаммадов

Фарғона давлат университети ректори

 

Ҳамкорлик материали