Кўча, жамоат транспорти, иш жойи, ўқув муассасалари - инсонлар кундалик ҳаётида энг кўп вақт ўтказадиган жойларда содир бўладиган, аммо кўпинча “майда-чуйда” деб қаралиб, эътибордан четда қоладиган ҳодисалардан бири бу шахсга нисбатан шаҳвоний хусусиятга эга ножўя хатти-ҳаракатлардир.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 411-моддаси айнан шу масалани тартибга солади ва сўнгги вақтда бу модда бўйича мурожаатлар сони ҳамда жамоатчилик эътибори сезиларли даражада ошиб бормоқда.

Қонунчиликка кўра, шаҳвоний шилқимлик деганда шахснинг ўзи учун номақбул бўлган, унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатлар тушунилади. Булар қаторига:

  • шахснинг ташқи қиёфаси ёки қадди-қоматини камситувчи тарзда тавсифлаш;
  • шаҳвоний мазмундаги имо-ишоралар қилиш;
  • рухсатсиз тегиниш;
  • номақбул шаклда чақириш ёки мурожаат қилиш каби ҳаракатлар киради.

Муҳим жиҳати шундаки, қонун бундай ҳаракатнинг бир марта қўпол шаклда содир этилишини ҳам, бир неча марта такрорланишини ҳам жавобгарлик учун етарли асос деб белгилайди. Биринчи ҳолатда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача жарима ёки беш суткагача маъмурий қамоқ, такрорий ҳуқуқбузарликда эса - беш бараваридан етти бараваригача жарима ёки ўн беш суткагача қамоқ назарда тутилган.

Амалиёт кўрсатишича, бу тоифадаги ишларда бир нечта аниқ тенденцияни кузатиш мумкин.

Биринчидан, мурожаатлар сони ортиб бормоқда. Бунинг сабаби ҳодисалар кўпайганида эмас, балки жамиятда ҳуқуқий саводхонлик ошиб, инсонлар ўзларининг ҳимояланиш ҳуқуқини англай бошлаганида. Айниқса ёш авлод, шаҳар аҳолиси ва меҳнат бозорида фаол қатнашаётган аёллар ўртасида бундай ҳаракатларга нисбатан “жим қолиш” эмас, балки мурожаат қилиш маданияти шаклланмоқда.

Иккинчидан, рақамли муҳитнинг таъсири сезиларли. Ижтимоий тармоқлар орқали (Инстаграм, Телеграм ва бошқа) тарқалган видеоёзувлар, овоз ёзувлари энди далил сифатида кўпроқ ишлатилмоқда, бу албатта исботлаш жараёнини бироз енгиллаштиради, аввалги йилларда бундай ишлар кўпинча фақатгина “у деди - бу деди” тарзидаги гувоҳлик кўрсатувларига таяниб кўрилар эди, ҳозирда эса кўп ҳолларда айнан видеоезувлар илова қилинмоқда.

Шуниси эътиборлики, кўпгина ҳолатлар гувоҳсиз, видеоёзувсиз содир бўлади, бу эса объектив томонни аниқлашни қийинлаштиради, шунинг учун ҳар икки томон ҳуқуқларини мувозанатлаштириш муҳим вазифага айланади.

Шуннигдек, кўплаб жабрланувчилар, айниқса аёллар, уялиш, ижтимоий тазйиқ, “шов-шув чиқариш”дан қўрқиш ёки оила аъзоларининг реакциясидан хавотирланиб, мурожаат қилишдан тийилади. Бу эса амалдаги статистиканинг реал ҳолатни тўлиқ акс эттирмаслигига олиб келади - мутахассислар буни “яширин ҳуқуқбузарлик” деб атайдилар.

Мавзунинг долзарблиги шуни кўрсатадики, фақат жазо чорасини қаттиқлаштириш билан муаммони тўлиқ ҳал қилиб бўлмайди. Ўйлаймизки, бир қанча йўналишда параллел иш олиб бориш мақсадга мувофиқ:

  • таълим муассасалари ва иш жойларида ҳурмат ва чегаралар мавзусида профилактик тушунтириш ишларини кучайтириш;
  • ходимлар ва ўқувчилар учун мурожаат қилиш механизмларини содда ва хавфсиз қилиш (масалан, аноним мурожаат каналлари);
  • жамоатчиликда “бу жиддий эмас” деган қарашни ўзгартириш, чунки кичик кўринган ҳаракатлар кўпинча жиддийроқ ҳуқуқбузарликларнинг бошланғич босқичи бўлади;
  • ҳуқуқни қўлловчи амалиётчилар учун бир хил ёндашувни таъминлайдиган методик тавсиялар ишлаб чиқиш, токи ўхшаш ҳолатлар турлича баҳоланмасин.

Хулоса сифатида айтиш кеакки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 411-моддаси кичик кўринса-да, аслида жамиятнинг ўзаро ҳурмат маданияти қай даражада шаклланганини кўрсатувчи ҳолатдир. Мурожаатлар сонининг ошиши ваҳима сабаби эмас, аксинча - жамиятнинг бундай ҳаракатларга нисбатан сезгирлиги ва бардошсизлиги ортиб бораётганининг белгисидир. Бироқ статистика орқасидаги реал одамлар - уларнинг ишончи, хавфсизлик ҳисси ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун нафақат қонун матни, балки унинг адолатли ва бир хилда қўлланилиши, шунингдек жамиятнинг ўзида чегараларни ҳурмат қилиш маданиятининг мустаҳкамланиши талаб этилади.

Фариза Умарова,
ЖИБ Янгиҳаёт туман судининг тергов судьяси