Олимлар 11 та йирик узоқ муддатли тадқиқотда иштирок этган 1,5 миллиондан ортиқ катта ёшли инсонлар маълумотларини таҳлил қилиш орқали ана шундай хулосага келишди. Тадқиқот натижалари JAMA Network Open журналида эълон қилинди.

Олимлар иштирокчиларнинг овқатланиш одатларини махсус сўровномалар орқали баҳолаб, уларнинг соғлиғини ўртача 18 йил давомида кузатиб боришди. Тадқиқотда шакар қўшилган ва сунъий равишда ширинлаштирилган ичимликлар истеъмоли ва жигар саратонининг турли шакллари ривожланишига қай даражада боғлиқлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Таҳлил натижаларига кўра, шакарли ичимликларни тез-тез истеъмол қилидиган одамларда жигар саратонининг энг кенг тарқалган икки тури — жигар ҳужайрали карцинома ва жигар ичидаги холангиокарцинома хавфи юқори бўлган. Шу билан бирга сунъий ширинлаштирувчи моддалар қўшилган ичимликлар истеъмоли билан мазкур касалликлар ўртасида боғлиқлик аниқланмаган.

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, шакарни суюқлик кўринишида мунтазам истеъмол қилиш жигар саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши ва узоқ муддат ичиб юрганда оғир касалликлар ривожланиши хавфини ошириши мумкин.