Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, ҳисобот давомида фуқаролар томонидан 6 млн 11,9 мингта харид чеки рўйхатдан ўтказилган. Фақат июнь ойининг ўзида 139,4 минг нафар фойдаланувчи 603,4 мингта чек бўйича 5,1 млрд сўмдан ортиқ ижтимоий кешбэк олган.
Ҳудудлар кесимида энг катта тўлов Андижон вилоятига тўғри келиб, у ерда 96,3 млрд сўм қайтарилган. Кейинги ўринларда Тошкент шаҳри — 15,2 млрд сўм ва Самарқанд вилояти — 14,1 млрд сўм қайд этилган. Шунингдек, Тошкент вилоятида 12,5 млрд сўм, Фарғона вилоятида 8,7 млрд сўм, Наманган вилоятида эса 5,9 млрд сўм ижтимоий кешбэк тўланган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 майдан бошлаб «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган жисмоний шахслар чакана савдо объектларидан айрим маҳсулотларни харид қилганда одатдаги 1 фоизлик кешбэк ўрнига, харид суммасидан ҳисобланган 12 фоиз ҚҚС ижтимоий кешбэк сифатида қайтариб берилади.
Ижтимоий кешбэкни олиш учун фуқаролар «Soliq» мобил иловаси орқали харид чекидаги QR-кодни сканер қилиши керак.