Асарлари эса неча-неча китобхон авлодга йўриқнома бўлиб хизмат қилади. Ўзбек адабиётининг ХХ аср адоғидаги муваффақияти ҳақида гап кетганда, асарларининг бадиий-эстетик салмоғи, қаҳрамонлар ички дунёсини маҳорат билан очиб бериши, тарихий воқелик моҳиятини тўғри англаши ва унинг ижтимоий-бадиий талқин билан ўзаро уйғунлигига эришиши жиҳатидан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг номи биринчилардан бўлиб тилга олинади.
Адабиётнинг бош вазифаси инсоншунослик экан, бадиий асарда одамларнинг тақдири ва ҳаёт йўли, давр, жамият ҳамда шахс муносабатлари, миллий ва маънавий-ахлоқий қадриятлар, адолат, инсоф-диёнат учун кураш, шунингдек, бу жараёнларга тўғаноқ бўладиган саноқсиз иллатлар бир-биридан узилмаган ҳолда тасвирланиши, буларнинг барчаси ўқувчи ҳукмига ҳавола этилаётган ҳар бир асарнинг бош мавзуси бўлиши керак. Одил Ёқубовнинг қисса ва романларида айни шу талабга қатъиян риоя қилинганини кўрамиз. Уларда инсоннинг, у ким бўлишидан, ҳаётда ва жамиятда қандай мавқега эгалигидан қатъи назар, кечинмалари, ҳис-туйғулари, орзу-умиди, ўзлигини топиш ва англаш йўлидаги уринишлари, ногаҳоний синов ва зарбаларга дош бера олиши ёки бунинг акси бўлган қўрқув, беғамлик, журъатсизлик каби иллатлар қуйма ифодасини топади. Ўқувчи кўз ўнгида ўтмишнинг ёруғ лаҳзалари билан бирга қора тунлари, қатлиомларигача яққол гавдаланади. Китобхон уларга ишонади, чуқур ҳис этади ва муайян муддат шу воқеалар таъсирида яшайди.
Адиб асарларида инсоннинг ҳар қандай шароитда ҳам виждон ва имон амрига содиқ қолиши, ҳалол ва пок йўлдан чалғимаслиги, бунинг учун ўзида жасорат ва маънавий куч топа билиши ғояси хуш-нохуш тарихий воқеалар, турли тақдирлар мисолида қизил ипдай бир-бирига уланиб, бир-бирини тўлдириб боради. Биз бугун шундай инсонлардан бири бўлган, яқин ўтмишда ҳам ҳалоллик ва ростгўйлик учун курашган олим Нормурод Шомуродовни (“Диёнат”) эслаймиз. Абу Али ибн Сино ва Абу Райҳон Берунийдек икки буюк аллома ўртасидаги гоҳ самимий, гоҳ зиддиятли муносабатлар замирига маҳорат билан сингдирилган янада буюк ҳақиқат — ҳукмрон доиралар хоҳиши ва илмий ҳалоллик ўртасидаги ахлоқий курашни кўз олдимизга келтирамиз (“Кўҳна дунё”). Али Қушчининг устози меросини сақлаб қолиш учун кўрсатган шогирдлик жасоратидан ҳайратланамиз (“Улуғбек хазинаси”).
Ўтган асрнинг 80-йилларида мамлакатимизда юз берган шафқатсиз қатағон фожиалари акс этган “Оқ қушлар, оппоқ қушлар” асарида ҳам туҳмат, даҳшатли қийноқ ва қамоқ азобларига дош берган имони бут, виждони пок одамларнинг кучли иродаси, маънавий юксаклигига дуч келамиз. Бу қаҳрамонлар бугунги ёш авлод тарбиясига ҳам ижобий таъсир кўрсатади, десак, муболаға бўлмайди.
Улуғ ёзувчи Чингиз Айтматов қадрдон дўсти Одил оғанинг “Улуғбек хазинаси” романини ўқир экан, ўзбек адабиётида (Айтматов суҳбатларидан бирида “туркий адабиётда ҳам” деган иборани ишлатган — муаллиф) янги, ёрқин асар пайдо бўлганидан фахрланиб, муаллифга ғоят таъсирчан, мазмунан жиддий, адабий тадқиқотдан қолишмайдиган қўлланма-мактуб ёзади:
“Адил. Бугун мен чуқур мамнуният билан, виждон амрига итоат этган ҳолда сенга аллақачон йўллашим лозим бўлган ушбу мактубни ёзмоқдаман. “Улуғбек хазинаси”ни, гарчи бир оз кечикиб бўлса-да, зўр қизиқиш ва мароқ билан ўқиб чиқдим.
Яхши китоб ҳақида завқ билан ёзиш мумкин. Сенинг асаринг юксак проза намунаси бўлибди. Бадиий жиҳатдан баркамол бўлган бу тарихий роман мени чинакамига ларзага солди. Ўқувчини тўлқинлантира олиш тарихий санъат асарига хос бирламчи аломатдир. Ва мен бу сафар туркий халқлар вакили сифатида дилимда чуқур мамнуният ва ғурур-ифтихор ҳиссини туйдим.
Улуғбек бизнинг бебаҳо ўтмишимиз бўлибгина қолмай, мана шу табаррук заминда эгаллаган ўрнимизни оқловчи сиймо ҳамдир. Улуғбек бизга дунёни муҳокама этиб, ҳукм чиқариш учун ҳуқуқ ва ваколат берадиган, дарду ҳасратимизни, чеккан алам ва изтиробларимизни ифода этувчи унутилмас зотдир, десам, муболаға бўлмаса керак...”.
Икки забардаст ёзувчининг самимий дўстлиги, ижодий ҳамкорлиги узоқ вақт давом этди. Улар Тошкент, Бишкек, Олмаота, Истанбул каби шаҳарларда тез-тез учрашиб, миллий адабиёт ривожи ва унинг бугунги вазифалари хусусида мириқиб суҳбатлашар, Одил ака бир гал ўзи айтиб берганидек, баъзан ўртада самимий тортишув ва баҳслар ҳам бўлиб турар эди. Бир мисол. Одил ака менга Чингиз Айтматовнинг “Новый мир” журнали бош муҳаррири А.Твардовскийга ёзган мактубини ўқиб бергани ёдимда. Мана ўша мактуб:
“Ҳурматли Александр Трофимович!
“Алвидо, Гулсари”нинг қайта ишланган янги (охирги) вариантини жўнатмоқдаман. Сизнинг асар сюжети динамикаси ва овул ҳаёти билан боғлиқ саҳналарга доир барча таклифингизни ҳисобга олдим. Матн анча такомиллашди деб ўйлайман.
Сиздан илтимосим — иккинчи бобдаги Танабойнинг от билан суҳбати ва халқ айтимлари қисқариб кетмасин. Борлиқни миллий идрок этишда булар абстракт экзотика эмас, балки фикр юритиш ва ҳис этиш услубидир. Агар биз асар тилини силлиқ газета тилидай соддалаштирсак, повесть нима мақсадда ёзилганини — ўзининг асосий моҳияти бўлмиш поэтик ҳақиқатини йўқотади. Мени тўғри тушунасиз деган умид билан қарорингизни кутаман.
Ҳурмат ва қалб ҳарорати билан, Чингиз Айтматов. 1966 йил”.
Одил аканинг айтишича, икки дўст бадиий асарда миллий колоритдан фойдаланишда меъёрни сақлаш, ҳаётийлик ва бадиий умумлашма уйғунлиги хусусида кўп мушоҳада юритган. Чунончи, Айтматовнинг ёзган мактуби сўнггида бундай жумла бор: “Албатта, романда камчиликлар ҳам бор. Бугун уларга тўхталиб ўтирмайман. Учрашганимизда батафсил гаплашиб оламиз. Бор бўл.
Р.S. Менда “Улуғбек хазинаси”нинг ўзбекчаси, бўлса яхши бўларди-да”.
Чингиз Айтматов қадрдон дўстини туғилган кунининг 70 йиллиги билан қутлаб, унга ушбу мактубни йўллаган:
“Ҳурматли Адилжан.
Биз сен билан бир вақт, бир тақдир ҳукмида эканмиз, мен туғилган кунингнинг 70 йиллигини ўзим учун жуда яқин, бизга тенгдош авлоднинг адабиёт ва ижтимоий ҳаётга доир тарихидай қабул қиламан.
Сенинг ижодинг боис, ўзбек насри янги адабий ривожланиш даражасига — риторик андозалардан дунёвий реализм эстетикасига кўтарилди. Катта ҳурмат ва қониқиш билан эътироф этаманки, сен ўзинг ташкилотчиларидан бири бўлган “Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеяси”нинг Тошкентдаги ишларига дастлабки кунлардан бошлаб фаол раҳбарлик қилиб келмоқдасан. Бу ишинг бугунги шароитда туркий дунё адабиётини ривожлантиришнинг янги йўлларини излашда катта аҳамиятга эга.
Адилжан дўстим, сен, мен ва Пиримқул Қодиров Ўшда содир бўлган воқеалар пайтида миллатдошларимизнинг қайғусига қайғудош, дардига дарддош бўлганимизни доимо эслаб тураман. Биз жабрдийдалар олдига миллий тотувликка даъват этувчи уч ака-ука сифатида борган эдик, қирғизлар ҳам, ўзбеклар ҳам бизни тушуниб, ҳурматимизни жойига қўйишди.
Ҳурматли Адилжан, сенга саломатлик тилайман, бундан бошқа ҳаммаси сенинг ақл-идрокинг ва иродангга боғлиқ”.
Ушбу қутловга Одил Ёқубов бундай жавоб ёзган:
“Илоё, ўша машъум қора кунлар сира қайтиб келмагай. Мен сендай буюк ёзувчи, айни замонда оддий ва камтар инсон билан замондош бўлганимдан тоабад ифтихор қиламан. Яратган Эгам мени сен билан узоқ йиллар дўст бўлиш, охирги йилларда эса олижаноб бир мақсад йўлида бирга ишлаш, сенинг дилбар суҳбатларингни олиш бахтига мушарраф қилди. Сўнгги пайтларда мен ҳам бу ҳақда кўп ўйлайман, айниқса, кечқурун, уйқум қочган дақиқаларда кўп эслайман. Чексиз қувонч ва миннатдорлик билан эслайман. Бизнинг бахтимизга, нафақат туркий халқлар, балки бутун жаҳон халқлари китобхонларининг бахтига ҳамиша соғ бўл, қаламинг бундан ҳам ўткирлашиб боравергай, қадрли дўстим!”.
Ҳаёт ва ижодда бўладиган ноёб воқеа — чин, самимий дўстлик ҳақида гап кетганда, Одил оғанинг яна бир дўсти — Пиримқул Қодировни эслаш жоиз деб ўйлайман. Уларнинг мактуб тарзидаги ёзишмалари икки ўртадаги муносабатнинг самимий ва дўстоналиги, адабиёт ҳаққи очиқ, аччиқ ва талабчан руҳда экани, кези келганда эса нозик пардали қочиримларга бойлиги билан алоҳида ажралиб туради. Адабиётшунослар бадиий асарда муаллифнинг қалб олами, дунёқараши, феъл-атвори ва турмуш тарзи ҳам кўринади, дейишади. Бу тўғри, албатта. Аммо эпистоляр жанр деб аталмиш мактубларда бу жиҳатлар янада яққол, худди кўзгуда акс этганидек тиниқ кўринади. Жаҳон адабиётининг мактуб шаклида ёзилган кўплаб бебаҳо намуналари бунга мисол бўла олади. Ўқувчи фикрини тиниқлаштириш учун узоққа бормай, Одил Ёқубов ва Пиримқул Қодировнинг ўзаро ёзишмаларидан айрим намуналар келтирамиз.
Одил ака қадрдон дўстининг “Уч илдиз” романи қўлёзмасини ўқиб, унга бундай хат ёзади:
“Пиримқул, салом!
Қалай, ишлар бешми? Романни тугатиб, эркин нафас олиб, ўйнаб юрибсизми? Кеча давомини олдим. Бу ёғини таҳрир қилиб қўйган эдим, уч-тўрт кунда (25 январда) олиб бориб топширишим мумкин. Таҳрир масаласида хат ёзган эдингиз, кўп фикрларингизга қўшилиб бўлмайди, албатта. Лекин сиз айтганингиздек қилиб, мумкин қадар қўл теккизмасликка ҳаракат қиляпман. Агар “Лит.издат” рози бўлса, мен — рози.
Яна шуни ҳам айтиб қўяйки, газеталарда (романингиздан) парча ўқиганлар ҳам тилининг ғализлигидан шикоят қилиб юришибди, сўнг фикр кўп такрорланади, чўзиб юборилган, дейишади. Бу фикрларнинг ҳаммасига бўлмаса ҳам, ўттиз фоизига қўшиламан: агар роман йигирма-йигирма беш фоиз қисқартирилганда, фақат ютарди. Бу гапни чин қалбимдан айтяпман. Айниқса, муҳаббат ҳақидаги жойлари меъёридан ошиб кетган. Бу нарса романнинг охирига яқинлашганда жуда билиниб қолар экан. Энг ёмони — муҳаббатдек азиз туйғу яхши ифодалаб (тасвирлаб демоқчиман) берилган жойлари ҳам меъёридан ошиб кетгандан кейин ёғли паловдек кўнгилга тегиб қолар экан. Бу сўзларга хафа бўлманг, мен дўстона танқид қиляпман. Агар ўзингиз келиб, романни биргаликда бир кўриб чиққанимизда эди, бу нарсани тузатиб юбориш мумкин бўларди.
Энди “Шарқ”қа келсак, мен бу тўғрида кўп гапиравериб, тўғрисини айтсам, қандайдир ёмон кўриниб қолдим. Мирмуҳсин тилига “придирка” қилиб, муаллиф яна ишласин, деганга олиб келяпти...”.
“Салом, дўстим Одил!
Бу охири (романнинг якуни) жуда қийнаяпти, кўп ручка ушлаганимдан бармоқларим зирқираб оғрийдиган бўлиб қолди. Ўзи беш-олти кунда битадиган иш қолган.
Қани энди, бир ҳафтага бориб келақолсам. Лекин ҳеч иложи йўқ. Агар икковимиз бевосита гаплашсак, бир-биримизни тез тушунишимиз мумкин эди, ҳар бир сатр қўл оғриғи билан ёзилаётган пайтда узун-узун хатлар ёзиб ўтирмас эдик. Лекин бошқа йўли йўқ. Гап бир неча жумлани сиз ўзингизча тузатганингизда эмас. Мен сизнинг буни жонкуярлик билан, самимий қилаётганингизни сезаман, бу мен учун жуда азиз, билинг. Гап кўпроқ менинг ёзганларимга танқидий кўз билан қараб, ўзингизнинг фикрларингизга озроқ танқидий кўз билан қарамаётганингизда, бу ўзингизга сезилмаслиги мумкин, лекин менга жуда сезиляпти.
Бир марта “ишонувчанлик” деган сўз йўқ деган эдингиз. Балки “сезувчанлик” ҳам йўқ, дерсиз? Бор. Бўлмаган тақдирда ҳам топиш керак эди, чунки шу нарса ҳаётда бор. Ҳаётда бор нарсани ўқувчи тушунади. Бири тушунмаса, бошқаси тушунади, ўқиганроғи тушунади. Умуман, “ўқувчи тушунади, тушунмайди” деган баҳсимизда кўпинча ўқувчининг хилма-хил эканини, ёзувчи илғорроқ, кўпроқ нарсага фаҳми етадиганроқ ўқувчиларни кўз олдига келтириб ёзиши кераклигини ҳисобга олмаймиз. Русча дегансиз. Ойбекнинг “Қуёш қораймас”ини ўқиётибсизми? Русча иборалар. Жумлаларни кўраётибсизми? Нега ҳамма “нельзя”лар фақат бошловчи ёзувчиларга айтилади? Ҳаётда бор кўп нарсалар биздан олдин рус тилида сўз, ибора ҳолича келтирилган бўлса, биз нега яна қайтадан велосипед ихтиро қилиб юришимиз керак, нега уларни баъзан ўз тилимизнинг қонунларига мослаб таржима қилиб киритишимиз мумкин эмас? Ахир рус адабий тилининг ўзи ҳам немис, француз, инглиз романлари XIX асрда кенг таржима қилинмасдан олдин қанақа эди-ю, кейин қандай тез ўсиб, бойиб кетди — бир тасаввур этинг... Биламан, сизнинг ўзингизни ҳам “русчадан таржима қилаётгандай ёзасан”, деювчилар кўп, шунинг учун бу жиҳатдан жуда эҳтиёт бўлиб юрасиз... Хатингизда келтирилган бошқа тузатишлар яхши. Лекин юқоридаги иккита нарса қолсин, илтимос қиламан.
Нашриётдагиларнинг “кулиши ё сўкиши” масаласига келсак, бундан ҳеч ҳам хавотирланмасангиз бўлади. Ҳар ҳолда бириникидан ёмон бўлса, бириникидан қолишмас.
Биласизми, Одил, мен муҳаррир бўлганимда, қанақа муаллифни орзу қилар эдим? Муҳаррирга мумкин қадар кам иш қолдирадиган муаллифни... Шунинг учун, кўргандирсиз, ўлиб-тирилиб тузатяпман, ҳамма нарсани ўз қўлим билан қилишга ҳаракат қиляпман. Киши юрак қони билан ёзган ҳар бир сатрни, ҳар бир ҳарфни ўз баданидаги бир ҳужайра, бир нерв, бир мускулдек ҳис қилади. Мен ҳар бир жумла устида шунчалик баҳслашаётганим ҳам шундан. Шундай долзарб пайтда ёзилган шу нарсаларни ҳисобга олиб таҳрир қиларсиз деб умид қиламан. Мабодо нашриёт сизга бир нарса деса, жавобгарликни менга ҳавола қилинг, кўнмади, деяверинг. Охирини беш-олти кунда юборишга ҳаракат қиламан” (1958 йил).
“Таҳрир” деган фавқулодда зарур адабий-ижодий фаолият, халқ тили билан айтганда, шамолда буғдой шопиришдек муҳим иш кундан-кунга камайиб бораётган, катта-кичик, номдор ва номи фақат беш-олтита тезоб муаллифгагина маълум бўлган “қўлбола” нашриётларда эса муаллиф матнига қўл урмаслик, у қандай келган бўлса, шундайлигича чоп этиш урф бўлаётган бугунги кунда бу мактублар муаллифлар учун ҳам, ноширлар учун ҳам катта аҳамиятга эгалигини, бундай “ҳотамтойлик” адабий жараён мавқеига путур етказиши мумкинлигини эътироф этишимиз зарур. Уч ака-уканинг бу борадаги йўл-йўриқлари доимо ҳаммамизнинг ёдимизда турмоғи лозим.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист