Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда 12 та тижорат банки орқали таълим кредитлари ажратилмоқда. Президентнинг 2021 йил 30 июлдаги ПҚ-52-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган жамғарма мазкур кредитларни молиялаштириш учун банкларга ресурс маблағларини жойлаштириб келмоқда.
Таълим кредитлари одатда Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича ажратилади. Бироқ айрим тоифадаги талаба ва ўқувчилар учун фоиз тўловлари жамғарма томонидан қоплаб берилади. Натижада улар фоизсиз таълим кредити олиш имкониятига эга бўлади.
Фоизсиз таълим кредити қуйидаги тоифаларга ажратилади:
- республикадаги давлат, хусусий ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда профессионал таълим ташкилотларида кундузги шаклда контракт асосида таҳсил олаётган хотин-қизларга;
- Қорақалпоғистон Республикасидаги умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларини тамомлаб, вилоятлардаги давлат олий таълим муассасаларига қўшимча қабул параметрлари асосида ўқишга кирган ёшларга;
- «Камбағал оилалар реестри»га киритилган оилалар фарзандларига, агар уларнинг ўзлаштириш кўрсаткичи 70 фоиздан юқори ёки GPA бали 3,5 ва ундан юқори бўлса;
- муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган аскарларга.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур имтиёзлар ёшларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.