Адлия вазирлигининг маълум қилишича, мазкур ҳужжат сўнгги йилларда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган лойиҳалар орасида энг кўп кўрилганлардан бири бўлиб, у қарийб 16 минг марта кўрилган. Муҳокама жараёнида лойиҳа юзасидан 130 та таклиф ва мулоҳаза келиб тушган.
Қайд этилишича, қарор лойиҳаси соҳадаги амалдаги тизим ва қонунчилик таъсирини баҳолаш натижалари асосида ишлаб чиқилган. Унинг асосий мақсади Солиқ кодексида белгиланган солиқ солишнинг мажбурийлиги ва адолатлилиги тамойилларини таъминлашдан иборат.
Таҳлилларга кўра, 2024 йилда 2 020 нафар хонанда солиқ декларацияси топширган бўлиб, уларга жами 1,1 млрд сўм даромад солиғи ҳисобланган. Бу бир нафар ижрочи ҳиссасига ўртача 544,5 минг сўмни ташкил этган. 2025 йилда эса 305 нафар хонанда декларация тақдим этган бўлиб, уларга 154 млн сўм солиқ ҳисобланган (ўртача 505,6 минг сўм).
Ушбу кўрсаткичлар соҳада солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, ягона ва шаффоф рақамли ҳисоб тизимини жорий этиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Мазкур лойиҳа манфаатдор вазирлик ва идоралар, жумладан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Рақобат қўмитаси ҳамда Солиқ қўмитаси билан келишилган ҳолда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Адлия вазирлиги муҳокамада фаол иштирок этган фуқароларга миннатдорлик билдириб, келиб тушган барча таклиф ва мулоҳазалар атрофлича ўрганилиши, шу асосда лойиҳа такомиллаштирилиб, юқори турувчи идораларга киритилишини маълум қилди.