Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан яратилган ушбу китоб ва 40 қисмли мультфильмда мураккаб ҳуқуқий тушунчалар қуруқ қоидалар ёки мураккаб юридик атамалар орқали эмас, балки қизиқарли воқеалар ҳамда Одилбек, Адолатхон ва Миттивойнинг қизиқарли саргузаштлари орқали ёритиб берилган.
Тақдимот тадбирида Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси молиявий кўмагида 1 000 нусхада чоп этилган инглиз тилидаги китоблар Таълим ва илм-фан вазирлигига топширилди.
Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати – болаларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга мўлжалланган 14 турдаги интерактив ҳуқуқий ўйинларнинг таълим тизимига тақдим этилгани бўлди.
Шунингдек, “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази ва Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Ушбу ташаббус хорижий тилларни ўрганаётган болалар учун замонавий миллий ҳуқуқий контент яратиш ҳамда ёшларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш билан бирга, Ўзбекистоннинг ҳуқуқий-маърифий тажрибасини халқаро майдонда кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Тақдимотда Адлия вазири Акбар Тошқулов ва Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси раҳбари Андре Альгермиссен ҳамда қатор вазирлик ва идораларнинг мутасаддилари иштирок этди.