Айни пайтда ушбу мезон доирасида ҳар бир халқ тарихида миллий ғурур ва ифтихор билан эсланадиган унутилмас ва буюк саналар бўлади. Бу йил халқимиз 1991 йилдаги тарихий воқеа — Ўзбекистон мус­тақиллиги эълон қилинганининг 35 йиллик шонли санасини нишонлаш бахтига муяссар бўлиб турибди. Бу давр фуқароларимиз учун ўз тақдирини ўзи белгилаш, миллий давлатчиликни тиклаш ва жаҳон ҳамжамиятида тенг ҳуқуқли субъект сифатида ўз ўрнини топиш борасидаги мураккаб, аммо шарафли зафарнома йўли бўлди.

Президентимизнинг 2026 йил 1 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мус­тақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ушбу қутлуғ санани янги Ўзбекистоннинг бугунги улкан сало­ҳияти ва жаҳон майдонидаги нуфузига мос юксак даражада нишонлашни таъминлайди. Зеро, мустақиллик халқимизнинг матонати, аждодлар орзуси ва янги Ўзбекистонни барпо этишдаги эзгу саъй-ҳаракатларимизнинг мустаҳкам асосидир.

Қарорда белгиланган “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғоя умуммиллий бирдамлик, бунёдкорлик ва келажак учун муштарак масъулият тимсоли сифатида мустақиллик байрамини янада кўтаринки руҳда, ҳамжиҳатлик ва катта тараддуд билан қарши олишга ўзига хос даъват бўлди десак, муболаға эмас.

Ўзбекистон халқи учун истиқлол нафақат давлат суверенитетининг эътирофи, балки миллий давлатчилик анъаналарини қайта тиклаш, халқнинг асрий орзу-интилишларини рўёбга чиқариш ва инсон қадрини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар даврининг бошланиши бўлди.

Тарихий тафаккур шуни кўрсатадики, ҳар қандай мустақил давлатнинг ­барқарор тараққиёти, аввало, мустаҳкам конституциявий пойдеворга таянади. Давлат мус­тақиллиги халқнинг сиёсий иродасини ифода этса, Конституция ана шу иродани ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлайдиган, давлат ва жамият ҳаётининг асосий қоидаларини белгилайдиган Бош қонун сифатида майдонга чиқади. Шу маънода, мустақиллик ва Конституция бир-бирини тўлдирувчи, мамлакат тараққиётининг узвий боғлиқ икки стратегик таянчидир.

Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичида ушбу уйғунлик янада чуқур мазмун касб этмоқда. Конституция­нинг янги таҳрири инсон қадрини энг олий қадрият сифатида эътироф этиб, “инсон — жамият — давлат” тамойилини мамлакат тараққиётининг конституциявий асосига айлантирди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли конс­титуциявий ислоҳотлар, қонун устуворлиги, ­ижтимоий давлат тамойилларини қарор топтириш ва инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгаришлар Ўзбекистон танлаган тараққиёт йўлининг тўғри ва изчил эканини тасдиқламоқда.

Конституцияда миллий давлатчилик ҳуқуқий асослари сифатида давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши, ҳокимиятлар бўлиниши принципи, халқ ҳокимиятчилиги асослари ва давлат суверенитети кабилар қатъий белгиланди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг олий қадрият сифатида эълон қилиниши мамлакатимиз тараққиётининг устувор йўналишини акс эттирди. Ўтган даврда конституциявий ислоҳотлар изчил равишда амалга оширилди: давлат бошқаруви модернизация қилинди, ҳокимиятлар бўлиниши принципи такомиллаштирилди, суд ҳокимиятининг мустақиллиги босқичма-босқич мустаҳкамланди.

Узоқ муддатли тараққиёт стратегиясини белгилаб берувчи ҳаётий дастур

Ўзбекистоннинг жадал ва барқарор ривож­ланиши миллий давлатчиликда мус­таҳкам ҳуқуқий ва институционал пойдевор яратилганидан далолат беради. Айниқса, кейинги йилларда мамлакат ҳаётида бош­ланган кенг кўламли ислоҳотлар мазкур тараққиётни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Бу жараён дунё ҳамжамияти томонидан “Янги Ўзбекистон” феномени сифатида эътироф этилмоқда. Бу атама том маънода давлат ва жамият ривожланишининг янги фалсафаси, халқчил бошқарув маданияти ҳамда конституциявий тараққиётнинг замонавий моделини билдиради.

Мазкур жараённинг энг муҳим хусусия­ти шундаки, тараққиёт марказига давлат эмас, инсон масаласи қўйилди. Бу эса “давлат — жамият — инсон” эмас, балки “инсон — жамият — давлат” деган мутлақо янги конституциявий формуланинг ҳаётга татбиқ этилишида ўз ифодасини топди.

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон қадрини юксалтириш, ҳуқуқ ва эркинликларнинг ишончли кафолатларини яратиш, давлат бошқарувини халқ манфаатларига хизмат қилувчи очиқ ва самарали тизимга айлантиришдан иборат бўлди. “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойил бутун давлат сиёсати учун амалий дастурга айланиб, давлат назорат қилувчи ва жазоловчи эмас, балки халқ манфаатига хизмат қилувчи институт сифатида белгилаб қўйилди. Бу эса давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатларнинг мазмунан янгиланишига, жамиятда очиқ мулоқот, ҳисобдорлик ва масъулият муҳитининг қарор топишига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2023 йил 30 апрелида умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрири ушбу феноменнинг ҳуқуқий пойдеворини янада мустаҳкамлади. Унда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат принципи, Конституциянинг тўғридан тўғри амал қилиши, қонун устуворлиги, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш каби муҳим қоидалар мустаҳкамланди. Натижада Конституция нафақат давлат тузилишини белгиловчи ҳужжат, балки мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиясини белгилаб берувчи ҳаётий дастурга айланди.

Бинобарин, “Янги Ўзбекистон” феномени адолат, инсон қадри, қонун устуворлиги, ижтимоий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятига асосланган янги конституциявий тараққиёт модели бўлиб, мустақил Ўзбекис­тоннинг бундан кейинги барқарор тараққиёт йўлини белгилаб берадиган стратегик ғоядир. Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичида Конституциянинг аҳамияти янада теран мазмун касб этиб, у кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳуқуқий мезонига ­айланди. Асосий қонунимизнинг ҳаётбахш кучи шундаки, мамлакатда унинг устунлигининг сўзсиз тан олиниши, бутун ҳудудда тўғридан тўғри амал қилиши ва ягона ҳуқуқий маконни ташкил этишида яққол намоён бўлади.

Конституция ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаб, давлат органлари ва жамият фаолияти учун асосий мезон вазифасини ўтайди. Шу боис, Конституцияга ҳурмат — қонунга, қонунга ҳурмат эса мустақилликка ҳурмат демакдир. Демак, Конституцияга таянган давлатгина ўз мустақиллигини мустаҳкам сақлай олади, қонун устувор бўлган жамиятгина барқарор тараққиёт ва фаровонликка эришади.

Конституциявий суд — қонун устуворлигини таъминлаш воситаси

Ҳуқуқий демократик давлатнинг муҳим белгиларидан бири Конституциянинг олий юридик кучини амалда таъминлайдиган самарали конституциявий назорат тизимининг мавжудлигидир. Зеро, қонун устуворлиги қонуннинг мавжудлиги билангина эмас, унинг Конституцияга мувофиқлиги, бир хил қўлланиши ва инсон ҳуқуқларини амалда ҳимоя қила олиши билан белгиланади. Ана шу эзгу мақсадга хизмат қиладиган муҳим институт эса Конституциявий суд саналади.

Демократик анъаналар қарор топган жамиятларда Конституциявий суд алоҳида ўрин тутади. У Асосий қонундаги норма ва принципларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилишини таъминлайди, инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмунида бузилган тақдирда уларни тиклайди. Шунингдек, зарур ҳолларда конституциявий нормаларни шарҳлайди.

Ўзбекистонда ҳокимиятларнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқларига бўлиниши принципига риоя этилиши, ҳар бир давлат органининг ўз ваколати дои­расида фаолият юритиши ва улар ўртасидаги мувозанат механизмларининг сақланиши ҳуқуқий давлат барпо этишда муҳим ­аҳамият касб этади.

Президентимиз таъкидлаганидек, “Асосий қонуннинг ҳимоячиси бўлган Конс­титуциявий суд бошқа судлардан фарқли ўлароқ, фақат Конституцияга бўйсунади ҳамда Асосий қонуннинг устунлиги принципини таъминлайди. Конституциявий суд қонун чиқарувчи ҳамда ижро этувчи ҳокимият чиқарган ҳужжатларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий принцип ҳамда Конс­титуция нормаларига амал қилинишига эътибор қаратади”.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган концептуал аҳамиятга эга фикрлари Конституциявий суднинг фао­лияти туб мазмун-моҳиятини, функционал вазифалари асосий йўналишларини тўлиқ очиб беради. Конституциявий суднинг қабул қилган қарор, ажрим ва хулосалари Конституция норма ва принципларининг республиканинг бутун ҳудудида бевосита амал қилинишини таъминлаш ва ҳаммада унга сўзсиз итоаткорликни шакллантиришда судловнинг ўзига хос олий ҳимоя воситаси сифатида вужудга келди. Ҳозир Конституциявий суд давлат ҳокимияти органлари ва мансабдор шахс­лар фаолиятида адолат, қонунийлик ҳамда инсон ҳуқуқларига таянган одил бош­қарув маданиятини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Яқин тарихга назар солсак, 1993 йил 6 май куни “Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциявий суди тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши билан мамлакатда конституциявий одил судлов йўли орқали конституциявий назорат тизимини амалга оширишга дастлабки ҳуқуқий асос яратилди. Хорижий амалиётни чуқур ўрганиш, ривож­ланган мамлакатлар амалиётини қиёслаш натижасида орадан кўп ўтмай, 1995 йил 30 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун асосида Конституциявий суд расман ташкил этилди. Унинг биринчи таркиби шакллантирилди ва у тўлақонли конституциявий орган сифатида ўз фаолиятини бошлади. Муҳим жиҳати, мазкур қонуннинг 1-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Конституция­вий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўрадиган суд ҳокимияти органи ҳисобланиши мустаҳкамланган эди.

Конституциямизнинг 16-моддасига асосан “Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш юзасидан қабул қилинади. Бирорта қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конс­титуциянинг принцип ва нормаларига зид бўлиши мумкин эмас”лигига оид муҳим конституциявий қоида-талабнинг амалда бўлиши учун масъул орган ҳисобланади.

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли конституциявий ислоҳотлар Конституциявий суднинг ҳуқуқий мақоми ва ваколатларини янги босқичга олиб чиқди. Конституциянинг янги таҳрири ҳамда у асосида қўшимча ва ўзгартишлар киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун суднинг мустақиллигини янада мус­таҳкамлади, унинг Конституция устуворлигини таъминлаш борасидаги институционал салоҳиятини кенгайтирди.

Президентимизнинг 2025 йил 18 декабр­даги “Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциявий суди фаолиятини янада тако­миллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-­тадбирлар тўғрисида”ги тарихий фармони қонун устуворлигини мутлақ қадрият сифатида қарор топтириш, инсон қадрини давлат сиёсатининг марказига қўйиш ва конституциявий адолатни амалий мазмун билан бо­йитишга қаратилган муҳим институционал қадам бўлди.

Бугунги кунда Конституциявий суднинг фаолияти очиқлик, шаффофлик ва замонавий рақамли технологиялар асосида такомиллаштирилмоқда. Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, давлат органлари фаолиятида Конституциянинг тўғридан тўғри амал қилишига кўмаклашиш, конституциявий адолатни қарор топтиришга қаратилган чора-тадбирлар ушбу институтнинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамламоқда.

Умуман олганда, Конституциявий суд фаолиятини такомиллаштириш ва рақамли технологияларни жорий этишга доир фармон ижроси изчил таъминланмоқда. Қабул қилинган қарорлар доимий назоратда бўлиб, манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда ижро интизоми тартибга солинмоқда. Бу жараён Конституциявий судни замонавий, очиқ ва жамоатчилик ишончига сазовор инс­титут сифатида ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ахборот тизимини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш, замонавий рақамли технологияларни жорий этиш орқали рақамли конституциявий суд шаклланади. Зеро, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш йўлидан дадил бораётган янги Ўзбекистон учун энг олий ҳуқуқий мезон Конституция бўлса, энг олий қадрият инсондир. Ана шу икки буюк ғоя мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини белгилаб беради.

Президентимизнинг 2026 йил 16 февралдаги “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор ­йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармони мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичини бошлаб берган муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатдир. Фармонда белгиланган устувор вазифалар Конституциямизда мустаҳкамланган инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий давлат барпо этиш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш каби конституциявий тамойилларни ҳаётга изчил татбиқ этишга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда бошланган кенг кўламли ислоҳотлар ҳозирда янги сифат босқичига кўтарилиб, унинг амалий натижалари ҳаётимизда яққол сезилмоқда. Унинг замирида давлат бошқарувининг бош маъно ва мазмуни сифатида чинакам халқчил сиёсат ётибди, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Буни нафақат мамлакатимиз ичкарисида, балки халқаро майдондаги эътирофлар ҳам тасдиқлаб турибди. Мазкур шиддатли ва ортга қайтмас ислоҳотлар марказидан инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш тамойили ўрин олган. Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, “Янги Ўзбекистонда ислоҳотлар аввало инсон манфаати йўлида, унинг ҳаётини фаровон қилиш учун хизмат қилиши керак”.

Конституциянинг янгиланиши, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, жамиятда очиқлик ва жавобгарлик муҳитини шакллантириш каби ташаббуслар фуқароларнинг давлатга ишончини мустаҳкамламоқда.

Ўзбекистоннинг сўнгги ўн йиллик тараққиётини фақат статистик кўрсаткичлар билан баҳолаш етарли эмас. Бу миллий давлатчилик тафаккури янгиланган, фуқаролик жамияти институтлари мустаҳкамланган, иқтисодий эркинлик ва тадбиркорлик муҳити кенгайган, ташқи сиёсатда очиқ ва прагматик йўналиш қарор топган даврдир.

“Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя асосида адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш, давлат хизматларини халққа яқинлаштириш, ёшлар ва хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш, таълим ва инновацияга устувор аҳамият бериш — буларнинг барчаси Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишга қаратилган стратегик қадамлар.

Президентимиз илгари сурган Учинчи Ренессанс айнан шу ҳақиқатни англашдан келиб чиққан. Инсон капиталига сармоя киритиш ижтимоий сиёсат, давлат хавфсизлиги, иқтисодий барқарорлик ва миллий рақобатбардошлик масаласидир. Мактабгача таълим қамровининг кенгайиши, замонавий мактаблар барпо этилиши, янги университетлар ва хорижий олий таълим муассасалари филиалларининг очилиши, илмий-тадқиқот фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган қарорлар камида бир неча ўн йиллик истиқболни кўзлаган стратегик тафаккур ва ёндашув ҳосиласидир.

Ижтимоий давлат ва ҳуқуқий кафолатлар

Конституциянинг янги таҳририда Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат сифатида мустаҳкамланиши мамлакатимиз ­конституциявий тараққиётида мутлақо янги босқични бошлаб берди. ­Ижтимоий давлат тамойили ҳар бир инсоннинг меҳнат қилиш, таълим олиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, ­ижтимоий ҳимоя ва муносиб турмуш даражасига бўлган ҳуқуқларини таъминлашни давлатнинг устувор вазифаси сифатида белгилайди. Бугунги кунда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган давлат дастурлари айнан ижтимоий давлат ғоясининг ҳаётга татбиқ этилаётганини кўрсатади. Шу маънода, ижтимоий давлат мақоми Конституциямиздаги энг муҳим янгиликлардан бири бўлди.

2025 йилда Конституциянинг 57-моддаси асосида меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг ҳуқуқларини таъминлаш ва ижтимоий давлат принципини рўёбга чиқариш борасида тизимли ишлар қилинди.

Жумладан, ногиронлиги бўлган шахс­ларнинг бандлигини таъминлаш тизими такомиллаштирилди, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган тадбиркорларга солиқ имтиёзлари проактив шаклда берила бошлади. Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар аъзоларини банд қилган тадбиркорлик субъектлари учун компенсация тақдим этиш тартиби йўлга қўйилди. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида 6 та янги молиявий ёрдам тури жорий этилди.

Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Фаол ҳаётга қадам” дастури ишга туширилди. Давлат ижтимоий суғуртаси тизими такомиллаштирилди, хусусан, фуқароларни давлат ижтимоий суғуртаси билан мажбурий ва ихтиёрий асосларда қамраб олиш тартиби, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тўлаш асослари мустаҳкамланди.

Конституцияда хусусий мулк дахлсизлигининг кучайтирилиши мамлакат тарақ­қиёти учун муҳим ҳуқуқий кафолат бўлди. Хусусий мулк дахлсизлиги инвестиция муҳити барқарорлиги, рақобат ва янги иш ўринлари яратилишини таъминлайди. Шу билан бирга, мулкдорлар синфининг шаклланиши иқтисодий мустақилликни мустаҳкамлашнинг асосий омилидир. Иқтисодий жиҳатдан кучли жамиятгина сиёсий барқарорликни сақлай олади. Шу боис, хусусий мулк ва тадбиркорликни конституциявий ҳимоя қилиш янги Ўзбекистоннинг рақобатбардош иқтисодиётини барпо этиш ва халқ фаровонлигини оширишнинг пойдевори ҳисобланади.

Замонавий конституционализм давлат ҳокимиятини ташкил этиш билан бирга инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Конституциянинг янги таҳририда экологик ҳуқуқлар, фуқаролик жамияти институтлари ва сўз эркинлигига оид нормаларнинг кучайтирилиши барқарор тараққиётнинг муҳим кафолати бўлди.

Фуқароларнинг соғлом атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқи ва табиий бойликлардан оқилона фойдаланишнинг давлат томонидан белгиланиши келажак авлодлар манфаатларини ҳимоя қилади. Шунингдек, жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари эркинлигининг конституциявий кафолатланиши самарали давлат бошқарувини таъминлайди. Зеро, эркин фикр, очиқ мулоқот ва жамоатчилик иштирокисиз самарали давлат бошқарувини тасаввур этиб бўлмайди.

Умуман олганда, ушбу нормаларнинг Асосий қонунимизда мустаҳкамланиши янги Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг ишончли кафолатидир.

Конституциявий маданият — ортга қайтмас ислоҳотларнинг маънавий-ҳуқуқий таянчи

Ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш фақат мукаммал қонунларни қабул қилиш билан чекланмайди. Унинг ҳақиқий муваффақияти, энг аввало, жамиятда Конституцияга ҳурмат, қонунга итоат ва ҳуқуқий онгнинг қай даражада шакллангани билан белгиланади. Шу маънода, конс­титуциявий маданият янги Ўзбекистон тараққиётининг маънавий-ҳуқуқий пойдевори ҳисобланади.

Конституциявий маданият Конститу­цияни давлат ва жамият ҳаётини белгилаб берувчи энг олий ҳуқуқий ва маънавий қад­рият сифатида англаш, унинг нормаларига кундалик ҳаётда амал қилиш ва давлат қарорларини Конституция мезонлари асосида баҳолай олиш деганидир. Асосий қонунимиз ҳаёт қомуси сифатида қабул қилинган жамият­дагина қонун устуворлиги мустаҳкамланиб, фуқаролик жамияти ривожланади.

Айниқса, ёшлар онгида конституциявий қадриятларга ҳурматни шакллантириш стратегик аҳамиятга эга. Зеро, ҳуқуқий таълим ва фуқаролик масъулиятига асосланган конс­титуциявий маданият жамиятда ҳамжиҳатликни кучайтириб, миллий тараққиётнинг барқарорлигини таъминлайди.

Бугунги глобал ўзгаришлар даврида конс­титуциявий маданиятга нисбатан қўйилаётган талаблар ҳам янги мазмун касб этмоқда. Рақамли трансформация, сунъий интеллект технологияларининг кенг жорий этилиши, катта ҳажмдаги маълумотлар айланмаси инсон ҳуқуқлари, шахсий ҳаёт дахлсизлиги, ахборот хавфсизлиги ва алгоритмлар адолатлилиги билан боғлиқ мутлақо янги конституциявий масалаларни кун тартибига чиқармоқда.

Конституциявий назорат институтлари рақамли трансформация шароитида янги ҳуқуқий муносабатларни Конституция нуқтаи назаридан баҳолаш, инновациялар билан инсон ҳуқуқлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш ҳамда миллий конституциявий қадриятларни асраб-авайлаш вазифасини бажаради.

Янги Ўзбекистонда шаклланаётган конс­титуциявий маданият ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Конституцияга ҳурмат, инсон қадрига эҳтиром, қонун устуворлигига садоқат ва давлат институтларига ишонч қанчалик юксак бўлса, мамлакатимиз мустақиллиги ҳам шунчалик мустаҳкам, жамиятимиз бирдамлиги эса шунчалик барқарор бўлади.

Қисқача айтганда, мамлакатимиздаги буюк ислоҳотлар нафақат замонавий ва қуд­ратли давлат, балки юксак инсоний қад­риятларга таянган адолатли жамият барпо этишга қаратилган ва узоққа мўлжалланган, ортга қайтмас миллий танловдир.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ана шу тарихий танлов, миллий бирдамлик ва бунёдкорлик иродасининг ёрқин тимсолидир. Бу сана биздан истиқлол неъматларини қадрлаш билан бирга Конституция устуворлиги, инсон қадри ва Ватан тараққиёти учун янада катта масъулият билан меҳнат қилишни талаб этади. Бугун бизни бирлаштирадиган энг буюк куч — ягона Ватан тақдири учун ягона халқ бўлиб, масъулиятни зиммага олиш иродасидир. Мус­тақил Ўзбекистонимизнинг байроғи ҳамиша баланд, осмони мусаффо, халқимизнинг бахту иқболи абадий бўлсин!

Мирзо Улуғбек АБДУСАЛОМОВ,

Конституциявий суд раиси,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист