Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов ва Лаша Гуджеджиани ўзаро келишув шартномасини имзолади.
Швейцарияда ўтказилган Lausanne Grand Slam 2026 турнири Гуджеджиани учун Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувидаги илк мусобақа бўлди. Унда терма жамоамиз бир олтин, икки кумуш ва икки бронза медалини қўлга киритиб, 77 давлат орасида кучли олтиликдан жой олди.
Шунингдек, Японияда ўтказилган XX Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси икки олтин, икки кумуш ва уч бронза медали билан умумжамоа ҳисобида мезбонлардан кейин иккинчи ўринни эгаллади.
Маълумот учун, Лаша Гуджеджиани Ўзбекистонга келгунига қадар беш йил давомида Грузия терма жамоаси бош мураббийи бўлиб ишлаган. Унинг қўл остида Грузия терма жамоаси Токио-2020 Олимпия ўйинларида бир олтин ва уч кумуш, Париж-2024 Олимпия ўйинларида эса бир олтин ва икки кумуш медални қўлга киритган.
2025 йилда Грузия терма жамоаси унинг раҳбарлигида жаҳон чемпионатининг жамоавий баҳсларида ғолиб бўлиб, тарихий натижа қайд этган. Лаша Гуджеджианининг ўзи ҳам спортчилик фаолияти давомида икки марта жаҳон чемпионати совриндори бўлган.
Ўзбекистон дзюдо федерацияси янги бош мураббийга муваффақият тилаб, унинг раҳбарлигида терма жамоа олдиндаги нуфузли мусобақаларда, жумладан, Лос-Анжелес-2028 Олимпия ўйинларида юқори натижаларга эришишига умид билдирган.