Мажлисда таъкидланганидек, кейинги йилларда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда ўзбек тили мамлакат ҳаётининг турли соҳаларида, шунингдек, халқаро майдонда кенг қўлланилмоқда, уни ўрганишга қизиқиш эса ортиб бормоқда.
Шу муносабат билан соҳа мутахассислари томонидан олиб борилган илмий тадқиқотлар асосида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имло қоидаларини такомиллаштириш зарурати юзага келган.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, амалдаги 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан иборат алифбони жорий этиш таклиф қилинмоқда. Шунингдек, айрим ҳарфларнинг қўлланилишига оид қоидаларга аниқлик киритилиши назарда тутилган.
Муҳокамалар чоғида депутатлар янги алифбони амалиётга босқичма-босқич жорий этиш юзасидан қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, қонун кучга киргунига қадар расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта, қимматли қоғозлар, давлат органлари ва ташкилотларининг рамзий белгилари, пешлавҳалари, кўрсаткичлари ҳамда бошқа атрибутлар белгиланган муддатгача амалда бўлиши назарда тутилмоқда.
Бу ёндашув давлат идоралари ва ташкилотларида мавжуд ҳужжатлар, бланкалар, пешлавҳалар ва бошқа моддий воситаларни бир вақтнинг ўзида алмаштириш заруратини бартараф этиши таъкидланди. Шу орқали давлат бюджети маблағларининг асоссиз сарфланишининг олди олиниши, қўшимча харажатлар юзага келмаслиги ҳамда алифбодаги ўзгаришларни молиявий жиҳатдан мақбул тарзда босқичма-босқич амалга ошириш имкони яратилиши қайд этилди.
Алифбони такомиллаштириш, аввало, ўзбек тили имлосини соддалаштириш, ёзувда бир хилликни таъминлаш ва рақамли технологияларга мослашувни кучайтиришга хизмат қилади. Бу эса электрон давлат хизматлари, ахборот тизимлари, сунъий интеллект ва автоматик матнни қайта ишлаш технологияларида ўзбек тилидан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.
Мажлис якунида қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб, кўриб чиқиш учун Сенатга юборилди.