Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 25 ноябрдаги 639-сон қарори билан профилактика инспекторлари фаолиятини маҳалла ҳудудида ташкил этиш ва аҳолига янада яқинлаштириш чора-тадбирлари белгиланди.

Ҳужжатга мувофиқ, маҳаллалардаги профилактика хизмати инспекторлари хоналари эшигининг ташқарисига махсус алоқа тугмалари ўрнатилади. Бу орқали фуқаролар куннинг исталган вақтида инспектор билан тезкор ва тўғридан-тўғри боғланиши, унга хабар ёки мурожаат юбориши мумкин бўлади.

Янги тартибга кўра, профилактика инспекторлари фуқароларнинг мурожаатларини «E-material» ахборот тизими орқали кўриб чиқади, улардан овозли шаклда тушунтиришлар олади. Шунингдек, қабул қилинган қарорларни электрон шаклда расмийлаштириш ва тасдиқлаш имкониятига эга бўлади.

Бунда профилактика инспекторларига алоқа тугмалари орқали мурожаат қилиш билан бир қаторда, ички ишлар органларининг қисқа рақамлари ва «112» ягона диспетчерлик хизматига қўнғироқ қилишнинг амалдаги тартиби ҳам сақланиб қолади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 25 ноябрдаги 640-сон қарори билан ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга кўра, масъул давлат органлари, таълим ва тиббиёт ташкилотлари хизмат фаолияти давомида аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида ички ишлар органлари ҳамда «Инсон» ижтимоий ёрдам марказларини хабардор қилиши белгиланмоқда.

Бу талаб, жумладан, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари, вояга етмаганларнинг эрта никоҳи ҳамда 16 ёшгача бўлган қизларнинг ҳомиладорлиги ҳолатларига ҳам тааллуқли.

Янги низомда ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги хабарларни расмийлаштириш, уларни «112» ягона диспетчерлик хизмати орқали «E-material» электрон тизимига реал вақт режимида узатиш тартиби ҳам назарда тутилган.

Шунингдек, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, барча таълим, маданият, спорт ва тиббиёт ташкилотларининг мазкур йўналишдаги мажбуриятлари белгиланган.

Ҳар икки қарор 2026 йил 25 ноябрдан кучга кирган.