Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган ҳамда ­“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз” бош ғояси асосида ўтказилаётган “Мустақиллик тўйи”нинг нав­батдаги манзили қардош Туркия бўлди ва у ерда “Бир илдиз, бир маърифат: Ўзбекис­тон — Туркия дўстлиги кўприги” мавзусида олимлар ва зиёлилар форуми тарзида давом этди.

Бир илдиздан тарқалган, бир булоқдан сув ичган, тақдири ва келажаги чамбарчас боғлиқ икки халқнинг мақсадлари ягона, орзу ва интилишлари ҳамоҳангдир. Зотан, бизни муштарак тил, ўзаро уйғун анъана ва қадриятлар, азалий дўстлик ҳамда асрлар давомида шаклланиб, мустаҳкамланиб келаётган маданий алоқалар боғлаб туради.

Туркия жанубида жойлашган, чор тарафдан Ўртаер денгизи, Суриянинг Ҳалаб вилояти ҳамда Ғазантеп ва Адана вилоятлари билан туташган Ҳатай шаҳри марказидаги Мустафо Камол университети жамоаси ва талабалари билан суҳбат ҳар икки халқнинг тарихий илдизлари, муштарак илму маърифати, тил ва маданият уйғунлиги борасидаги илмий баҳслар ва ижодий мулоқотлар билан бошланди.

Ҳатайнинг Овакент маҳалласидаги уч юз ватандошимизга “Бир дастурхон — икки қардош халқ” шиори остида дастурхон ёзилиб, ўзбекча ош тортилди. Маҳалла раиси Абдулваҳоб Юнуснинг сўзларидаги самимият ва меҳр бундай ифода этилади: “Зилзиладан жабр кўрмаган одам қолмади, болаларимизнинг ўқиши, иш фаолиятимиз тўхтади, ҳамма бирдек ғамгин бўлиб қолди. Қиш куни эмасми, кийимларимизда, озиқ-овқатда ҳам тақчиллик бўлди. Шунда Ўзбекистондан катта ёрдам келди, кўнглимиз тоғдек кўтарилди, қурувчилару мутасаддилар яна равон ҳаёт тарзимизга қайтишимизга кўмаклашди. Энг муҳими, ватандошларимиз бизни уйли қилди, бундан ортиқ бахт борми? Ҳалигача эсласам, кўзимга ёш келади. Тиббиёт асбобларини кўтариб бизга ёрдамга шошган, болаларимизга, ҳатто, ўқиш учун китобу дафтаргача етказган ватандошларимизнинг ёрдамларини қандай айтмайин? Минг раҳмат сизларга!”.

Ҳатай ҳокими Хайриддин Қуюнкуюр зилзиладан кейинги уч йил ичида шаҳар қайтадан тиклангани, бунда Ўзбекистон халқининг ҳам катта ҳиссаси борлиги ҳақида гапирар экан, бундай дейди: “Қи­йин кунингда елкангдан тутиб турган дўс­тингнинг қўли катта мадад бўлар экан. 2023 йил февраль ойида Туркияда юз берган кучли зилзила оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистон халқи ўша оғир кунларда Ҳатай аҳли билан руҳан яқин ва баҳамжиҳат бўлди. Ўзбекистон ­ташаббуси билан Ҳатайнинг Арсуз туманида 306 та хонадондан иборат турар жойлар барпо этилди ва бу масканга “Ўзбекистон маҳалласи” номи берилди. Кенг ва шинам кўчалар, боғлар, болалар майдончалари, мактабу боғчалар, Самарқанд ва Тошкент номлари берилган кўчалар, Бухоро жоме масжиди — буларнинг барчаси умумий қад­риятларимизнинг бебаҳо ифодаси бўлиб кўзни қувнатади. Шаҳар инсонни тарбиялайди, инсон шаҳарни гўзаллаштиради”.

У шундай дея бизни Ўзбекистоннинг “Дўстлик” боғи сари чорлайди ва фахр билан қўшиб қўяди: “Шаҳримиз Туркиянинг 81 шаҳридан 31 тасигагина берилган ­“катта шаҳар” мақомига эга. Келганингиздан мамнунмиз, ота юртимиз Бухоро ва Самарқандни кўргандек бўлдик”.

Осмонга суяниб турган Торос тоғ тизмалари оша қуёшнинг заррин нурлари ҳозиргина ёққан ёмғир томчиларини аллалар экан, таниқли мақом устаси Азиз Ражабий ижросида танбур нолалари жўрлигида янг­раган Навоий сатрлари даврага жон киритади:

Қаро кўзим, келу мардумлиғин энди фан қилғил,

Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил...

Илму фан, ижод пойтахти

Анқара ижтимоий фанлар университетидаги анжуман Ўзбекистонда истиқлол йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, янги Ўзбекистоннинг инсон қадри тамойилига асосланган эзгу ­ислоҳотларини мужассам этган “Мус­тақиллик зафарномаси” китоби тақдимотига уланди. Тадбирда ректор Мусо Козим Апижоннинг Ўзбекистон ва ўзбек алломалари ҳақидаги таассуротлари, ўзбек ва турк таълим-маърифатини юксалтириш ҳамда бугунги шиддатли даврда маънавий масалаларда ҳам фаол бўлиш борасида ҳар икки давлат олимлари бирлашмоғи лозимлиги ҳақидаги фикрлари тингланди. Шунингдек, университет олимлари — профессорлар Азим Апижон, Хайри Каплан, Маҳмуд Есад Эрқоя сингари турк ойдинлари маърузаларида илгари сурилган тарихий шахсларнинг маданият борасидаги қарашлари, илоҳиёт ва маданиятнинг янгича талқинлари, маърифатли жамиятнинг юрт тараққиётидаги ўрни ҳақидаги илмий фараз ва хулосалар қизғин илмий мунозараларга айланиб кетди.

Зиёлиларимиз яхши билишади, яқиндагина давлатимиз раҳбарининг тегиш­ли фармонига мувофиқ туркиялик таниқли олим ва давлат арбоби, Ренессанс университети фахрий профессори ­Камол Явуз Атаман “Маърифат элчилари” лойи­ҳаси доирасида халқларимиз ўртасида илмий-маърифий алоқаларни ривож­лантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун “Дўстлик” ордени билан мукофотланган эди. Анқара ­ижтимоий фанлар университетидаги учрашув унинг “Мен таниган Ўзбекистон” асарининг турк тилидаги нашри тақдимоти билан бош­ланди. Муаллифнинг сатрларида бундай эътирофлар тилга олинган: “Хўжа Аҳрор Валий, Алишер Навоий каби буюк шахсларни, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Замахшарий каби улуғ уламоларни, Нажмиддин Кубро, ­Абдухолиқ Ғиждувоний, Юсуф Ҳамадоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби тасаввуф пирларини, Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино, Абу Наср Форобий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби жаҳоншумул олим ва файласуфларни яқиндан билиш шартдир”.

Айниқса, муаллифнинг “Туркистон жадидчилик ҳаракатининг буюк намоян­даларидан бири, шоир, адиб ва ­ёзувчи ­Абдулҳамид Чўлпоннинг машҳур ҳамда юракларни ларзага солувчи “Гўзал Туркис­тон, сенга не бўлди?” шеъри бу муқаддас заминга мансуб ва у ҳар бир инсон қалбида чуқур из қолдирган. У қисқа умр кўрганига қарамай, яратган асарлари, бошдан кечирган азоб-уқубатлари, таъқиб­лар, зулмлар ва шаҳидлик қисмати билан халқ хотирасидан абадий жой олди. У бу заминнинг ҳеч қачон сўнмайдиган, порлоқ чўлпон юлдузига айланди” деган битиклари китобхонни яқин тарихга қайтаради ва фахр бағишлайди.

Муаллиф Чўлпоннинг муқаддас хотирасига ва “Гўзал Туркистон, сенга не бўлди?” деган тарихий саволига чуқур эҳтиром кўрсатган ҳолда янги Ўзбекистоннинг Осиё осмонида порлаётган юлдуз ўлароқ юксалиб бораётганига бўлган ишончини қуйидаги мисралар билан ифода этади:

Гўзал Чўлпон, қара, бир замон келди,

Ҳар бир инсон қалби қувончга тўлди,

Ёшлар бахтли ҳаёт сари йўл олди,

Туркистонга боқ — бир юлдуз туғилди,

Номи янги Ўзбекистон бўлди.

Имзоланган ҳамкорлик меморандумида ижтимоий фанлар йўналишидаги алоқаларни ўзбек ва турк олимларининг илмий мулоқотига асосланадиган қўшма конференция ва форумлар тарзида давом эттиришга келишиб олинди.

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Бекзод Абдиримовнинг хулосалари ҳам қизиқарли. Олим ўз тадқиқотларини турк заминида олиб бораётгани, Жалолиддин Мангубердининг ҳарбий меросини ўрганиш асносида Силванда унинг дафн этилган жойини аниқлашга қаратилган изланишлари, Онадўлидаги хоразмлик­лар (ҳорзумлулар) тарихи, қадриятлари ва тарихий хотирасини ўргангани ҳақида сўзлади. У қишлоқларда манба излагани ва манбадан ташқари яна бир муҳим нарса — руҳий яқинликни топгани, номларда, хотираларда, меҳмондўстликда, инсонларнинг бир-бирига муносабатида таниш бир руҳни ҳис қилганини таъкидлади. Мамлакатнинг 81 вилоятидан 12 тасида бўлиб, Шонлиурфадан Истанбулгача бўлган элчалар, қишлоқлар ва маҳаллаларни кезган тадқиқотчи 100 йил олдин жадид бобомиз, ойдинимиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Истанбул манзарасига маҳлиё бўлиб ёзган “Қараган ила тўймайсан... Истанбул манзараси фавқулодда бир манзараки, ­Оврўпо ва амриқойилар-да мунинг ошиқидур. Биз-да албатта!” сатрларини бундай шарҳлайди:

“Оддий бир ўзбек олими сифатида 1453 йилда фатҳ этилган Константинополнинг ёриқ девори остида ўтириб, бир пиёла турк чойини ичишдан бахтиёрлик туяман. Шарқий Европанинг иқтисодий, сиёсий, маънавий маркази бўлган бу диёр­да, яна ҳам қувончлиси, бир вақтнинг ўзида 5 минг кишига хизмат кўрсатадиган, 4 миллион босма нашр, 120 миллион электрон файл, 28 минг қўлёзма манбага эга дунёнинг энг улкан кутубхоналаридан бири — Анқара халқ кутубхонасида тадқиқотларимни давом эттирмоқдаман”.

Тадқиқотчининг сўзларини тинглаб, Қозизода Румийнинг Самарқандда мударрислик қилгани, Али Қушчи сўнгги йилларини Истанбулда ўтказгани, Абдурауф Фитрат, Муҳаммадшариф Сўфизода, Саид Аҳрорий каби жадид боболаримиз Туркияда таълим олгани хаёлимиздан ўтади. Замоннинг маърифатпарварлари ва ойдинлари шижоати ҳамда илму фан муҳити Тошкент билан Анқарани, Самарқанд билан Коняни, Бухоро билан Бурсани, Хива билан Эдирнени боғлагани, ҳозир Истанбулда Абу Райҳон Беруний номидаги университет фаолият юритаётгани, Туркия китоб фондларида Алишер ­Навоий асарларининг 100 дан ортиқ қўлёзмаси сақланаётганининг хосияти кўнглимизни тўлқинлантиради.

Маданий мулоқотда адабиёт инсон руҳиятининг кўзгуси, халқнинг қалби ва миллий ўзлиги экани, бу жараён Алишер Навоий ва Юнус Эмродан бошланган маънавий мероснинг ёрқин кўринишларида давом этаётгани, Нобель мукофоти соҳиби Ўрхон Памук асарларини ўзбек китобхонлари севиб ўқиётгани ҳам қувончлидир. Туркия ёзувчилар уюшмасида имзоланган “Меҳр қанотларида” ижтимоий лойиҳаси ўзбек ва турк болалар адабиёти учун янги номларни, янги асарларни кашф этиш имкониятини беради. Туркия ёзувчилар уюшмаси раиси, профессор Муҳаммад Энес Қалъанинг таъкидлашича, ушбу ижтимоий лойиҳа нодир қадриятларнинг болаларча талқини, меҳру оқибатнинг шарқона эътирофи сифатида тортиқ қилинади. Энг муҳими, икки эл фарзандлари болалар адабиётининг ёш муаллифлари билан яқиндан танишади, жамланмага киритилган асарлар муаллифлари иштирокида мулоқот тадбирлари бўлиб ўтади.

“Шоирлар эзгуликнинг элчиларидир”, дейишади. Менинг турк тилида чоп этилган мўъжазгина “Hasret Türküsü” (“Соғинч қўшиғи”) китобим ҳам зиёлилар форумининг адабиёт муҳиблари учун совға бўлганидан бахтиёрман. Таржимон Маъруфжон Йўлдошев томонидан турк тилига ўгирилган шеъру ҳикояларим жамланган ушбу асар ҳақида сўзлаганимда, адабиётнинг кўнгилларга таржимаси эзгуликдан иборат бўлмоғи нақадар сурурли эканини ўзбек шоираси ва олимаси сифатида чуқур ҳис қилдим.

Орифлар ҳузурида

Ҳар биримизнинг онгу шууримизни, қалб ва кайфиятимизни буюк алломаларимизнинг ўтли ва безавол сатрлари бир лаҳза ҳам тарк этмайди. Инсониятни бирликка, муҳаббатга чорлаган мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Бизни орифлар кўнгилларидан излангиз” деган ўгити биз учун фақатгина фалсафий хитоб эмас, балки халқларимизнинг маънавий туташув нуқтаси эканини сафаримизнинг ҳар дақиқаси ва сониясида англаб бордик. Маданиятшунос ва санъатшунос олимлар томонидан дунёнинг ҳар бир гўшасида кўнгил зийнати саналмиш ижодга берилган баҳонинг нақадар тотимли экани ва бу борадаги файласуфона қарашлар тафаккуримизни чархлади. Санъат жамиятнинг бебаҳо хазинаси, инсон тафаккурининг бебаҳо кашфиётидир. Ҳар бир халқнинг санъати шу миллатни дунёга танитади, жаҳон саҳналарида шу халқнинг ­номидан сўз айтишга шароит яратади. Зеро, санъат таржима талаб қилмайди. Истанбул маданият университети ректори, профессор Гулфетдин Челек ҳамда таниқли адабиётшунос олим Аҳмад Кочакнинг “Миллий қадриятларимиз бошида маънавият туради, бу тушунчада халқимизнинг энг юксак қад­риятлари, хусусан, ҳалоллик, тўғрилик, ватанпарварлик, юртга муҳаббат каби фазилатлар мужассам. Икки мамлакат олимлари маънавият билан боғлиқ тизимли тадқиқотлар олиб боришса ва мана шундай ҳикматли илмий мулоқотларнинг хулосаларини ҳаётга татбиқ этишса, жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳитга катта таъсир кўрсатиш мумкин. Албатта, таклифу хулосаларнинг аниқ ва манзилли бўлиши катта эътибор талаб этади” деган хулосалари ҳам университет билан “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ўртасида қўшма меморандум тузилишига асос бўлди.

Анжуманда файласуф олим Илҳом Сувонов мазмунли маъруза қилиб, таълимни тарбия билан уйғунликда олиб бориш, таълим халқларни ўзаро билимига шерик қилиши, маърифат эса бир-бирининг тақдирига бефарқ бўлмасликка ўргатиши, билим инсон имкониятларини кенгайтирса, маънавий масъулият шу имкониятларни эзгу мақсадга йўналтиришга ёрдам бериши, шу боис, таълим ҳамкорлигини инсоннинг илми, дунёқараши ва жамиятга муносабати билан боғлиқ ҳолда баҳолаш муҳимлиги борасидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Тадбир давомида турк талабаларининг хонишларига жўр бўлиб, туркча қўшиқларни хиргойи қиламиз. “Ниҳол” мукофоти совриндори Адолат Исмоилова жонли овозда ижро этган “Мустаҳзод” ашуласи суҳбатларимизга зийнат беради, беихтиёр турк қардошларимиз ҳам куй-қўшиқларимизга қўшилади.

Машҳур турк ижодкори, таниқли продюсер ва сценарий муаллифи Маҳмуд Бўздоғ ҳамда “Бўздоғ-фильм” ижодкорларининг турк ва ўзбек кино санъати намояндалари билан ҳамкорлигида яратилган, буюк саркарда ва сўнгги хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди ҳаёти ва унинг мўғуллар босқинига қарши курашига бағишланган “Мендирман Жалолиддин” сериалининг жаҳон кино санъати дурдонаси сифатида намойиш этилиши ҳам икки халқ санъатининг муаззам кўриниши экани эътироф этилди. Қадимий ва навқирон Хива шаҳримизнинг “Туркий дунё маданияти пойтахти” деб эълон қилингани эса навбатдаги суҳбатимизга мавзу бўлади.

Орифларнинг теран ҳикмати, олимларнинг фидокорона меҳнати ва комил таълим-тарбия тизими келгусида икки буюк халқнинг бағридан яна янги-янги Алишер Навоийлар, мавлоно Румийлар, Мирзо Улуғбеклар, Ибн Синолар ва Юнус Эмроларни етиштиришига ҳамда уларни бутун дунёга танитишига ишончимиз катта. Зеро, бугунги кунда берилган соғлом таълим ва илғор тарбия эртанги куннинг буюк кашфиётлари, маънавий юксалишлари ва цивилизациялараро мулоқоти учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Инсонларни чегаралар ажратиб туради, санъат ва адабиёт эса бирлаштиради. Илму фан олимларимизни маърифий ва илмий мулоқотларга чорлайди, бу мулоқотлардаги илмий натижалар эса ҳар икки халқнинг тафаккури ва дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилади.

Зиёлилар бирлашса, кўнгиллар яқин бўлса, йўллар қисқаради. Истеъдод эгаларининг ойдин сафарлардаги ёрқин фаолият­лари маданият, маърифат ва санъатнинг олтин занжирлари бўлиб элларни яқинлаштиради, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик эса ватан равнақига хизмат қилади!

Шу шарафли вазифага хизмат қилмоқ ҳаётимизнинг мазмуни бўлмоғи керак!

Сайёра ТЎЙЧИЕВА,

“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, профессор