Шу йил октябрь ойида жаҳон ҳамжамиятининг эътибори яна Самарқандга қаратилди. АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар, Марказий Осиё ва АҚШ ташқи ишлар вазирларининг C5+1 форматидаги учрашуви ҳамда Америка — Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестициялар кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу сиёсий ва иқтисодий мулоқотларнинг аҳамияти, эришилган келишувлар ҳамда Марказий Осиёнинг жаҳон сиёсатидаги янги ўрни ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, таниқли дипломат ва сиёсатчи Содиқ САФОЕВ билан суҳбатлашдик.
— Содиқ Солиҳович, Марко Рубионинг Ўзбекистонга тарихий ташрифи халқаро ҳамжамият ва оммавий ахборот воситаларида жуда катта қизиқиш уйғотди. Сиз ушбу ташриф аҳамиятини нималарда кўряпсиз?
— Дарҳақиқат, Самарқандда бўлиб ўтган музокаралар, учрашувлар ва анжуманларни ҳеч иккиланмасдан тарихий воқеа дейиш мумкин. Марко Рубиога Ўзбекистонга жўнаб кетиши олдидан “Жаноб Давлат котиби, бутун дунё инқирозлар ва низолар гирдобида турган бир пайтда нега айнан Ўзбекистонга, Самарқандга кетяпсиз?” дея савол беришди. Унинг жавоби шундай бўлди: “Тўғри, ҳозир бутун дунёда муаммолар кўп, аммо биз келажакни ҳам ўйлашимиз керак. Ўзбекистон бугун жадал ривожланаётган, кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошираётган давлат. Бундай мамлакат билан ҳамкорлик қилиш бугунги қийинчилик ва зиддиятларга ечим топишда ҳам ёрдам беради”.
Ушбу жавобда янги Ўзбекистонга, мамлакат раҳбарининг халқаро майдонда эгаллаган мавқеига нисбатан ҳурмат ва ишонч мужассам десам, янглишмаган бўламан.
Шубҳасиз, Самарқандда эришилган келишувлар ва муҳокама этилган масалалар Президентимиз ташқи сиёсатининг, янги Ўзбекистон дипломатиясининг энг салмоқли натижаларидан бири бўлди.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев Марко Рубио билан учрашувда “Бугун биз янги тарих саҳифасини очяпмиз, янги тарих яратяпмиз”, деди. Шу маънода, ушбу ташрифнинг айнан ҳозир амалга оширилишига сабаб бўлган омиллар ва ундан кўзланган мақсадлар нималардан иборат деб ўйлайсиз?
— Марко Рубио Регистон майдонида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларига берган интервьюсида бу саволга жавоб бўладиган муҳим бир фикрни алоҳида таъкидлаб ўтди: “Сўнгги йигирма йилда америкалик сиёсатчилар Марказий Осиёга муносиб даражада эътибор қаратмади. Энди бу вазиятни ўзгартиришимиз керак”. Менимча, ташрифнинг айнан ҳозир ўтказилишига икки асосий омил сабаб бўлди.
Биринчидан, Марказий Осиё, аввало, минтақанинг юраги бўлган Ўзбекистон ўзгарди. Ҳамкорлик бир-бирини тушуниш, қарашлар ва манфаатлар уйғунлигига таянади. Масалан, сиз гапи гапингизга қовушадиган, сизнинг дунёқарашингизга яқин бўлган одам билан ҳамкорлик қиласиз, албатта. Давлатлар ҳам шундай. Қадриятлар ишончни, ишонч эса ҳамкорликни мустаҳкамлайди.
Тан олиш керак, 2016 йилгача мамлакатимиздаги сиёсий ва иқтисодий тизим ташқи ҳамкорликка унчалик очиқ эмас эди. Валюта конвертацияси билан боғлиқ муаммоларни кўпчилик яхши эслайди. Ҳадиксираш, ишончсизлик ва эскича иқтисодий ёндашувлар устун эди. Ҳатто айрим мутасаддиларимиз хорижликлар билан мулоқотда “Бизга инвестиция керак эмас, иқтисодиётимизни ўзимиз ривожлантира оламиз”, деган қарашни илгари сурарди.
Ўша йиллари америкалик ишбилармонлардан нега Ўзбекистонга дадил кириб келмаётганини сўрасак, улар иқтисодиёт, қонунчилик ва давлат бошқарувидаги ёпиқликни асосий тўсиқ сифатида кўрсатардилар. Бугун бу муаммоларнинг барчаси Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли ўз ечимини топди.
Илгари ҳатто қўшни давлатлар билан ҳам очиқ сиёсат олиб бормаганимиз туфайли Марказий Осиёда парокандалик, бир-бирига рақобат кўзи билан қараш кайфияти кучайган эди. Минтақа манфаатлари ва келажаги муштарак ягона макон сифатида қабул қилинмасди. 2017 йилдан бошлаб муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва ташаббуслари шарофати билан вазият тубдан ўзгарди. Бугун сиёсатчилар “Марказий Осиё руҳи” деган иборани бежиз тез-тез тилга олмаяпти.
Иккинчидан, Америка Қўшма Штатларининг ёндашуви ҳам ўзгарди. Ҳозирги маъмурият мафкуравий масалалардан кўра, давлатларни иқтисодий манфаатлар орқали яқинлаштиришга кўпроқ урғу бермоқда. Бу бизнинг манфаатларимизга ҳам мос. Марко Рубио буни очиқ ифодалаб, АҚШ Марказий Осиё давлатлари, биринчи навбатда, Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини айтди.
— Содиқ Солиҳович, сўзларингиздан келиб чиқиб, яна бир муҳим жиҳатга тўхталсак. Муҳтарам Президентимизнинг йиллар давомидаги саъй-ҳаракатлари туфайли Марказий Осиё бугун жипс ва ишончли минтақа, халқаро майдонда эса ягона сиёсий субъект сифатида намоён бўлмоқда. Сиз бу жараённи қандай баҳолайсиз?
— Тўғри таъкидладингиз. Бугунги Марказий Осиё ҳақиқатан бирлашяпти. C5+1 форматининг ўзи ҳам бунинг ёрқин далили. Бу ерда “C5” — Марказий Осиёнинг беш давлати, “+1” эса йирик халқаро шерикни англатади. Бир йил ичида шундай еттита юқори даражадаги мулоқот ўтказилди. Самарқандда Европа Иттифоқи билан бошланган учрашувлар Россия, Хитой, Италия, Япония ва Жанубий Корея билан давом этди. АҚШ билан мулоқот эса Вашингтонда, Оқ уйда Президентлар даражасида бўлиб ўтди.
Шу ўринда табиий савол туғилади. Нега илгари Марказий Осиёга четда қолган минтақа сифатида қаралар, унинг аҳамияти асосан Афғонистон, Россия ёки Хитойга яқинлиги билан ўлчанар эди-ю, бугун у жаҳон сиёсатининг диққат марказига чиқди? Аввало, олдин минтақада стратегик мавҳумлик бор эди. “Эртага нима бўлади?” деган саволга аниқ жавоб йўқ эди. 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон раҳбарияти олиб борган сиёсат натижасида бу муҳит ўзгарди. Бугун Марказий Осиё — ўз йўналишини аниқ англаётган, тобора жипслашаётган ва йирик умумий бозор сифатида шаклланаётган минтақа. Бу хорижий инвесторлар учун яхши сигнал. Улар алоҳида бир давлат билан чекланиб қолмай, қарийб 100 миллион аҳолига эга катта бозорга кириш имкониятини кўряпти.
АҚШ, Европа Иттифоқи, Япония, Хитой, Жанубий Корея ва Россия минтақадаги қоида ҳамда тамойиллар жаҳон андозаларига тобора яқинлашаётганини кузатяпти. Чунки ёндашувлар ўзаро мос келмаса, узоқ муддатли ва чуқур ҳамкорликни йўлга қўйиш қийин.
Яна бир муҳим омил — табиий бойликлар ва хомашё манбалари. Литий, рух, уран ва мис каби стратегик минералларсиз сунъий интеллект, яримўтказгичлар ва нанотехнологиялар билан боғлиқ замонавий ишлаб чиқаришни ривожлантириб бўлмайди. Шу маънода, Марказий Осиё йирик иқтисодиётларга таъминот манбаларини диверсификация қилиш, битта бозорга қарамликни камайтириш имконини беради.
— Самарқандда эришилган иқтисодий келишувлар Ўзбекистонга қандай наф келтиради?
Энг муҳими, улар билан мулоқотда 200 та ўзбек компанияси раҳбарлари ҳам иштирок этди. Илгари бундай тадбирларда асосан вазирлик, идора ва уюшмалар мутасаддилари қатнашарди. Амалдор билан тадбиркорнинг тили эса ҳар доим ҳам бир-бирига мос келавермайди. Бу сафар ўзбекистонлик ишбилармонлар аниқ таклиф, бизнес-режа ва ғоялари билан тенгма-тенг мулоқот қилди. Бу ҳам мамлакатимизда юз берган ўзгаришларнинг амалий ифодасидир.
Айримлар “АҚШ компаниялари биздан фақат ўз манфаати учун фойдаланади”, деган фикрни билдиряпти. Албатта, бизнес манфаатсиз ишламайди. Аммо Ўзбекистон ҳам бу мулоқотни ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб олиб боряпти. Бир йилда икки томонлама савдо ҳажми 30-34 фоизга, Ўзбекистоннинг АҚШга экспорти эса 60 фоизга ошди. Муҳими, экспортимизнинг катта қисмини пахта, металл ёки бошқа хомашё эмас, ахборот технологиялари хизматлари ташкил этяпти. Бу келажакда бизга катта самара беради.
— Содиқ Солиҳович, гапларингизни тинглар эканман, Президентимизнинг Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқи ёдимга тушди. Давлатимиз раҳбари 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш мақсадини белгилаган эди. Табиийки, кўпчиликни бу улкан маррага қандай эришилади деган савол ўйлантиради. АҚШнинг 200 та йирик компанияси аниқ режа ва таклифлар билан Самарқандга келгани ана шу саволга амалий жавоблардан бири эмасми?
— Бу — жуда катта мақсад. Қиёслаш учун, 2016 йил якунида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 52 миллиард доллар эди. Бугун бу кўрсаткич 160 миллиард долларга етган. Яқин келажакда уни 300 миллиард долларга, аҳоли жон бошига даромадни эса 10 минг долларга етказиш мақсад қилинган.
Бунинг учта муҳим омили бор. Биринчиси — сиёсий ислоҳотлар билан уйғун ҳолда иқтисодиётни либераллаштириш ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиш. Иккинчиси — хусусийлаштириш, давлат тасарруфидаги корхоналарда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш. Учинчиси — хорижий инвестициялар.
2016 йилда Ўзбекистонга йилига қарийб 2 миллиард доллар инвестиция киритилган бўлса, бугун бу рақам 35-40 миллиард долларга етмоқда. Албатта, инвестор фойда олиш учун келади. Бироқ у ўзи билан янги технология, иш ўринлари, бошқарув тажрибаси ва янги бозорларни ҳам олиб киради.
Самарқанддаги йиғилишда Boeing, General Electric ва BlackRock каби йирик компаниялар иштирок этди. Буни, ҳеч муболағасиз, жаҳон бизнеси етакчиларининг ўзига хос паради дейиш мумкин. Халқимизда “Буларни туя сўйиб чақирсанг ҳам келмайди” деган гап бор. Бу компаниялар ҳукумат топшириғи билан эмас, аниқ иқтисодий манфаат ва истиқболни кўргани учун келди.
— Ушбу компаниялар билан музокаралардан қандай аниқ натижалар кутиляпти?
— Самарқандда ҳар икки томон манфаатига мос аниқ келишувларга эришилди. 200 та Америка ва 200 та Ўзбекистон компанияси ўртасида тўғридан тўғри мулоқот бўлиб ўтди. Натижада умумий қиймати қарийб 12 миллиард долларга тенг бўлган 54 та келишув ва истиқболли ташаббуслар тўплами шакллантирилди, тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси ташкил этилди.
27 октябрда Ўзбекистонда Google Pay ва Apple Pay тўлов хизматлари ишга туширилди. GE Aerospace билан авиация технологиялари соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилди. Boeing компаниясидан 22 та замонавий самолёт, жумладан, Dreamliner харид қилиш режалаштирилди. Бир қарашда, самолёт хариди оддий тижорий келишувдек туюлиши мумкин. Аслида, ҳар бир янги самолёт ортида янги иш ўринлари, қўшимча авиайўналишлар ва туризм имкониятлари туради. Бугун мамлакатимиз ривожини чеклаб турган омиллардан бири маҳаллий ва халқаро авиақатновлар сони камлигидир. Йўналишлар кўпайса, сайёҳлик индустриясига ҳам, аҳолига ҳам наф келади. Самарқанд, Бухоро ва Хивада туризм ривожи маҳаллий иқтисодиётга қандай таъсир кўрсатаётганини барчамиз кўриб турибмиз. Қолаверса, бу билан Ўзбекистон дунёга янада очилади.
Энергетика соҳасида кичик модулли реакторлар ва электр тармоқларини модернизация қилиш бўйича ҳам келишувларга эришилди. Энергетика — иқтисодиётнинг асосий таянчларидан бири. Иқтисодий ўсиш қўшимча энергия қувватларини талаб қилади.
Замонавий иқтисодиёт сунъий интеллект ва ахборот технологияларига таянади. Уларнинг асосида эса маълумотларни қайта ишлаш марказлари туради. Ҳозир Ўзбекистонда яна иккита шундай марказ қурилмоқда. Битта йирик маълумотлар маркази жуда катта миқдорда электр энергияси истеъмол қилади. Агар мамлакатимизни ахборот технологиялари марказига айлантирмоқчи бўлсак, янги энергетик қувватлар яратишимиз шарт. АҚШнинг юқори технологияли компаниялари билан мулоқотлар ана шу имкониятни кенгайтиради.
Президентимиз Америка — Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестициялар кенгаши йиғилишида Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги хомашё эмас, инсон капитали — ёш, истеъдодли ва малакали мутахассислар эканини алоҳида таъкидлади. Шу боис, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малака ошириш бўйича ҳам қатор келишувларга эришилди.
Далласдаги Техас университети билан ҳамкорликда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг Муҳандислик физикаси институти қошида Квант маркази ташкил этилган ва у бугун самарали фаолият юритмоқда. Colorado School of Mines — Колорадо кончилик мактаби билан геология ва тоғ-кон саноати учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, миллий мутахассислар малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.
Яна бир қувонарли жиҳат шуки, АҚШ инвестициялари Ўзбекистонга кириб келиши билан бирга мамлакатимиз тадбиркорлари ҳам Америка иқтисодиётига сармоя киритмоқда. Масалан, AKFA Group Кентукки штатининг Боулинг-Грин шаҳрида йирик корхона қурмоқда. Корхона ишга тушгач, маҳсулотлар Шимолий, Марказий ва Жанубий Америка бозорларига экспорт қилинади. Олинган даромад Ўзбекистонда янги ишлаб чиқаришлар ва иш ўринлари яратишга хизмат қилиши мумкин. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизнинг ишбилармонлик нуфузини ҳам оширади.
Президентимиз муҳим минералларни қазиб олиш билан чекланмасдан, уларни чуқур қайта ишлаш ва юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш зарурлигини таъкидлади. Замонавий энергетика, маълумотларни қайта ишлаш марказлари, саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим ва давлат бошқарувига сунъий интеллект ҳамда рақамли ечимларни жорий этиш ҳам истиқболли йўналишлар сифатида белгиланди. Ўзбекистон саноати ривожланган давлатларга фақат хомашё етказиб берувчи мамлакат бўлиб қолмаслиги, қўшимча қиймат, аввало, ўзимизда яратилиши зарур.
— Марказий Осиё йирик давлатлар манфаатлари кесишадиган ҳудудда жойлашган. Айрим экспертлар АҚШнинг минтақага қизиқишини янги “Катта ўйин”нинг бир қисми сифатида баҳоламоқда. Геосиёсий рақобат кучайган бир пайтда Ўзбекистон қандай йўл тутиши керак?
— Самарқанд анжуманларига турлича баҳо берилаётгани табиий. Чунки Ўзбекистон савияси, кўлами ва натижалари жиҳатидан ҳар қандай давлат ҳам ўтказа олмайдиган йирик тадбирга мезбонлик қилди.
“Марказий Осиё атрофида янги “Катта ўйин” бошландими?” деган савол ҳам янграяпти. Тарихдаги “Катта ўйин” Россия ва Буюк Британия империяларининг Марказий Осиёда ҳукмронлик ўрнатиш учун олиб борган узоқ рақобатини англатар эди. Бугунги жараён у даврдаги классик “Катта ўйин”дан кескин фарқ қилади.
Биринчидан, ўша пайтда асосий ўйинчилар иккита эди. Бугун эса улар анча кўп. Бир йил ичида еттита йирик шерик Марказий Осиё давлатлари билан C5+1 шаклида мулоқот ўтказди. Бу улар минтақадан нимадир кутаётганини, бу ерда ҳамкорликка ундайдиган салоҳият ва имконият борлигини кўрсатади.
Иккинчидан, илгари Марказий Осиё “Катта ўйин”нинг объекти эди. Минтақа ўйин қоидалари ёки воқеалар ривожига таъсир кўрсата олмасди. Бугун эса Марказий Осиё, айниқса, Ўзбекистон жараёнларнинг объекти эмас, тенг ҳуқуқли иштирокчисига айланмоқда. Самарқанд мулоқотлари буни яна бир бор кўрсатди.
Йирик кучлар ўртасидаги рақобатни миллий тараққиёт учун имкониятга айлантириш керак. Бунинг учун Ўзбекистон ўз манфаатига энг мос, узоқ муддатли фойда келтирадиган таклифларни танлаши зарур.
— Марко Рубио ўз нутқида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев амалга ошираётган ислоҳотларга юксак баҳо берди. Америка томонининг бундай эътирофи замирида нима бор?
— Марко Рубио кўп йил сенатор бўлган, қарашлари қатъий сиёсатчи. Менимча, у тасодифий сўз айтмайди. Президентимизга юзланиб, “Сиз ўз мамлакатингизни дунёга очдингиз ва айни пайтда дунёни Ўзбекистон учун очдингиз”, деди. Бу сўзлар замирида катта маъно бор. Улар, аввало, Янги Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини ифодалайди.
Илгари АҚШда Ўзбекистон ҳақида гап кетганда, кўпинча муаммоли мавзулар тилга олинарди. “Жаслиқ”, радикал гуруҳларга қўшилган айрим ватандошларимиз ёки хорижда оғир ва кам ҳақ тўланадиган ишларда меҳнат қилаётган мигрантларимиз ҳақида сўз борарди.
Бугун Ўзбекистон деганда, кўпчиликнинг кўз ўнгига янги технологиялар, замонавий университетлар, катта имкониятлар ва ишончли ҳамкор келяпти. Бу Президентимиз олиб бораётган сиёсатнинг ёрқин натижасидир. АҚШ Ўзбекистонда нафақат жозибадор бозорни, балки узоқ муддатли ва ишончли шерикни ҳам кўряпти.
— Марко Рубио ислоҳотлар билан бирга Президент Шавкат Мирзиёев жамоасининг меҳнатини ҳам эътироф этди. Ташрифга катта тайёргарлик кўрилгани ва ҳар бир жиҳат пухта ўйлангани сезилиб турди.
— Дарҳақиқат, Америка — Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестициялар кенгаши йиғилиши жуда кенг кўламли тадбир бўлди. Америкалик компаниялар раҳбарлари Самарқанд анжуманининг икки жиҳатини алоҳида эътироф этдилар.
Биринчиси — тадбир юқори савияда ташкил этилгани, барча ташкилий масалалар жаҳон андозалари даражасида ҳал қилингани. Бу Самарқанд дунё миқёсидаги халқаро анжуманлар марказига айланаётганини кўрсатди.
Иккинчиси — Ўзбекистон Президенти билан мулоқотда аввалги ва кейинги учрашувлар ўртасида узвийлик борлиги. Олдин белгиланган режаларнинг ижроси, эришилган натижалар ва навбатдаги учрашувгача бажариладиган вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Бу америкалик ҳамкорларда гап узоқ муддатли стратегик сиёсат тўғрисида кетаётганига ишонч уйғотди. Айрим компания раҳбарлари “Ўзбекистон билан нафақат ўзимиз ишлаймиз, балки Америкадаги ҳамкорларимизни ҳам олиб келамиз”, деб айтди.
Марко Рубио ҳам ўз нутқида Америка томонидан Сержио Горнинг, Ўзбекистон томонидан эса Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
Айни пайтда америкалик сармоядорлар учун тушунарли ва олдиндан башорат қилиш мумкин бўлган шароитлар яратилмоқда. Ўзбекистонга келган инвестор маъмурий тартиб-таомилларга ортиқча вақт сарфламасдан, бизнесини тез бошлаш имконига эга бўлиши керак. Шу мақсадда “Plug and Play” тамойилига асосланган янги ёндашув жорий этилмоқда. Инвесторларга ер майдони, инфратузилмаси ва рухсат ҳужжатлари тайёр бўлган лойиҳалар таклиф этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг нутқига Давлат котиби Марко Рубио ва америкалик ҳамкорларимиз жуда катта баҳо берганини алоҳида таъкидлашни истар эдим. Чунки унда тадбиркорлар учун тушунарли бўлган иборалар, тушунчалар ва атамалардан фойдаланилган эди. Шакл нуқтаи назаридан ҳам нутқ қисқа, мухтасар, шу билан бирга, кучли таъсирга эга бўлди ва тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Самарқанддаги сиёсий ва иқтисодий мулоқотларнинг асосий хулосаси шуки, АҚШ Янги Ўзбекистонни, унинг раҳбари олиб бораётган сиёсатни ва мамлакатимизнинг тобора юксалиб бораётган мавқеини эътироф этди. Минтақавий ва глобал масалалар бўйича мулоқот энди фақат бир томон манфаатидан келиб чиқиб эмас, Ўзбекистон манфаатларини ҳам ҳурмат қилган ҳолда олиб борилмоқда.
Президентимиз Марко Рубиога “Буюк хизматлари учун” орденини топширганида унинг ҳаяжони юз-кўзидан сезилиб турди. Давлат котиби “Мен бу орденни тақиб, Оқ уйга кираман”, деди фахр билан. Бу сўзларда Ўзбекистон раҳбарига, давлатимиз ва халқимизга нисбатан самимий муносабат ифодаланди.
Суҳбатимиз якунида яна бир фикрни таъкидламоқчиман. Ўзбекистон минтақавий миқёсдаги йирик давлатга айланмоқда. Самарқанддаги учрашувлар буни яна бир бор яққол намоён этди.
— Катта раҳмат, Содиқ Солиҳович. Самарқанд учрашувларининг тафсилотлари ва натижалари ҳали кўп таҳлил қилинади. Энг муҳими, бу жараён Президентимизнинг узоқ йиллик саъй-ҳаракатлари самараси бўлиб, унинг натижалари нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё халқлари манфаатига хизмат қилади.
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист,
Олий Мажлис Сенати аъзоси
Ҳусан ЭРМАТОВ суҳбатлашди.