Лондон Қироллик коллежи олимлари “npj Aging” журналида чоп этилган тадқиқотда шундай хулосага келишди, деб хабар берди lenta.ru.

Мазкур тадқиқотда 52 нафар ўрта ёшли соғлом кишилар иштирок этди. Уч ой давомида иштирокчиларнинг бир қисми ҳафтасига уч марта аэроб ва куч машқлари дастурини бажаришди, қолганлари эса назорат гуруҳига киритилди. “Аэроб” сўзи “кислород иштирокида яшовчи” деган маънони англатади. Бундай машғулотлар пайтида юрак, ўпка ва қон айланиш тизими ишлаётган тўқималарни кислород билан тўлиқ таъминлашга улгуради, бу эса узоқ вақт давомида бир хил суръатни сақлаб туриш имконини беради.

Дастур тугагандан сўнг, олимлар спорт билан шуғулланган иштирокчиларда кайфиятнинг яхшиланиши ва қон таркибидаги ўзгаришларни аниқлади. Бу эса миянинг хотира ва ўрганиш учун масъул бўлган қисми бўлган гиппокампдаги нейронларнинг ўтмишдош ҳужайраларига таъсир қилиши мумкин экан.

Ушбу ўзгаришлар таъсирини ўрганиш учун тадқиқотчилар лаборатория моделидан фойдаланишди: иштирокчиларнинг қон зардоби машғулотлардан сўнг мия ҳужайраларига юборилди. У янги нейронлар ҳосил бўлишида иштирок этувчи ҳужайралар фаоллиги билан боғлиқ жараёнларга таъсир кўрсатди.

Шу билан бирга, уч ойлик машғулотлардан кейин олимлар когнитив тестларда сезиларли яхшиланишни аниқламади. Улар хотира ва миянинг бошқа функцияларидаги ўзгаришлар жисмоний фаолликнинг узоқроқ даврини талаб қилиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Аввалроқ олимлар атиги 10 дақиқалик жуда секин югуриш ҳам миянинг ижро этувчи функцияларини яхшилаши мумкинлигини аниқлашган эди.