Мазкур хизмат my.gov.uz портали орқали йўлга қўйилди.
Авваллари мобил рақам эгасини ўзгартириш учун ҳар икки томон — амалдаги эгаси ва янги эгаси алоқа оператори офисига шахсан бориши, навбат кутиши ва ҳужжатларни имзолаши талаб этилар эди. Янги тартибга кўра, бу жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилди.
Хизматдан фойдаланиш учун фуқаролар my.gov.uz портали ёки MyGov иловасига кириб, “Мобил рақамни қайта расмийлаштириш” хизматини танлаши, зарур маълумотларни киритиб, ариза юбориши керак.
Шу билан бирга, ариза бериш жараёнида мобил рақамни ўтказаётган ва қабул қилаётган шахслар аризани MyID орқали тасдиқлаши талаб этилади.
Қайд этилишича, ушбу қулайлик барча мобил алоқа операторларида босқичма-босқич жорий этилмоқда. Хизмат учун тўлов миқдори операторларнинг тариф сиёсатига қараб белгиланади. Айрим ҳолларда яқин қариндошлар ўртасида рақамни қайта расмийлаштириш бепул амалга оширилиши мумкин.