Миграция агентлигининг маълум қилишича, боланинг ота-онаси Россияда ноқонуний миграция ҳолатида бўлгани сабабли депортация қилинган. Натижада 6 ёшли Абубакр Москвада қўшнилари қарамоғида қолиб кетган.

Боланинг аҳволи ҳақидаги мурожаатдан сўнг Миграция агентлигининг Фарғона вилояти филиали ҳамда Москва шаҳридаги ваколатхонаси томонидан зудлик билан ташкилий ва ҳуқуқий чоралар кўрилди.

Олиб борилган ишлар натижасида Абубакр авиация ходимлари кузатуви остида хавфсиз тарзда Ўзбекистонга қайтарилиб, яқинларига топширилди.

Миграция агентлиги хорижда бўлиб турган фуқароларни қабул қилувчи давлат қонунлари ва миграция қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди.

Таъкидланишича, ноқонуний миграция нафақат фуқаронинг ўзи, балки унинг фарзандлари тақдири учун ҳам жиддий хавф туғдириши мумкин.