Сўнгги йилларда атмосфера ҳавоси ифлосланиши долзарб масалага айланди ва жамоатчиликнинг турли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Буни эътиборга олиб, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини асраш, транспорт воситаларидан чиқарилаётган зарарли моддалар ҳажмини камайтириш мақсадида кўплаб экологик чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон аҳолиси сони ҳар йили жадал ўсиб бормоқда, саноат, иқтисодиёт ривожланмоқда ва ўз навбатида транспорт воситаларига талаб бир неча баробар ошди. Бу эса транспорт оқими йилдан-йилга ошишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида айни дамда бир кунда 600 мингга яқин транспорт воситаси ҳаракатланади. Утилизация тизими ривожланган давлатларга фойдаланишдан чиққан транспорт воситалари ва бошқа техникаларнинг атроф-муҳитга зарарини камайтириш ҳамда улардаги фойдали материалларни иқтисодиётга қайтариш имконини яратиб берди.

Транспорт воситалари — ҳавони зарарлайдиган доимий манба

Транспорт воситалари ўз навбатида атмосфера ҳавосига зарарли ташламалар чиқарадиган доимий манба ҳисобланади. Айниқса, муддати ўтган, экологик талабларга жавоб бермайдиган транспорт воситалари атроф-муҳитни ифлослантиришга сабаб бўлади. Бу эса ўз навбатида бундай автотранспортларни утилизация қилиш заруратини туғдиради. Ҳозирда мазкур масаланинг ечимига алоҳида эътибор қаратилиб, 2026-йилдан бошлаб босқичма-босқич эски автомашиналарни утилизация қилиш ва уларнинг компонентларини қайта ишлашнинг самарали тизими яратилмоқда.

Халқаро тажриба

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда дунёнинг 60 дан ортиқ давлатида эскирган автомобилларни утилизация қилиш тизими йўлга қўйилган. Хусусан, Франция, Хитой, Япония, Германия, Буюк Британия, АҚШ, Нидерландия, Россия ва бошқа мамлакатларда ҳар йили миллионлаб муддати ўтган транспорт воситалари утилизацияга топширилади. 2000-йилдан кейин Европа давлатларида утилизациядан кенг фойдаланила бошланди. Жумладан, Францияда 2002-йилда эски автомобилларни янги ва экологик тоза транспорт воситаларига алмаштиришни рағбатлантирувчи кенг кўламли давлат дастури жорий этилди. Ушбу дастур доирасида эски автомобилини топшириб, янги автомобил харид қилган фуқароларга субсидиялар ажратилган. Германияда эса 2009 йилда “Абwраcкпрäмие” (“Утилизация учун мукофот”) дастури ишга туширилди. Дастурга кўра, ишлаб чиқарилганига 9 йилдан ошган эски автомобилини утилизацияга топшириб, янги автомобил сотиб олган фуқаролар рағбатлантирилган.

Шу билан бирга, ўз вақтида утилизацияга топширилмаган транспорт воситалари учун экологик жарималар белгиланган. Кўплаб Европа мамлакатларида маълум шаҳар ҳудудларига кирувчи эски транспорт воситалари учун қўшимча тўловлар ёки чекловлар мавжуд. Масалан, Евро 3 дизел ёки ундан юқори транспортлар шаҳарнинг айрим ҳудудларига кириши бутунлай тақиқланган. Ёки автомобил эмиссия стандартларига жавоб бермаса, эгаси кунлик тўловни тўлаши керак. Лондонда ULEZ стандартларига жавоб бермайдиган транспорт воситалари кунига 12,50 фунт стерлинг тўлайди ва алоҳида тирбандлик тўлови ҳам қўлланилиши мумкин. Германияда эмиссия стикери (*Умwелтплакетте*) талаб қилинади. Франция эса CритъАир тизимидан фойдаланади. Агар керакли рўйхатдан ўтилмаган ёки стикер бўлмаса, жарима солинади. Лондон, Париж, Брюссел, Амстердам, Берлин, Милан, Мадрид каби кўплаб йирик Европа шаҳарларида эски транспорт воситалари юқорироқ тўлов тўлайди ёки шаҳар марказидан тўлиқ тақиқланади.

Эски машина учун электрон ваучер — янги автомобил харид қилиш учун имтиёз

Ўзбекистонда ҳам эксплуатация муддати ўтган автомашиналар сотиб олиниб, утилизация қилинадиган тизим яратилади. Унга кўра, ишлаб чиқарилганига 30 йил ва ундан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари эгаларидан бозор нархида баҳоланиб, харид қилинади ва утилизация қилиш учун юборилади.

Автотранспорт эгалари билан эса қуйидаги шаклларда ҳисоб-китоб қилиниши мумкин: янги автомобилнинг бошланғич тўлови учун электрон ваучер тақдим этилади, ёки ваучер пулга айлантириб берилади.

Истеъмолчи электрон ваучерлар ёрдамида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган янги автомобилларни имтиёзли шартларда сотиб олиши мумкин бўлади. Бунда электрон ваучерда кўрсатилган маблағлар миқдорида чегирма берилади, истеъмолчи тўловнинг қолган қисмини бир йилдан ортиқ муддатда бўлиб тўлаши мумкин.

Эски автомашинасини ўз вақтида утилизацияга топширмаган фуқаролар йилига бир маротаба базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробари миқдорида экологик компенсация тўлайди.

Утилизация нега керак?

Эскирган автомобилларни утилизация қилиш атроф-муҳитни асраш, ресурсларни тежаш ва иқтисодий самарадорликни оширишда муҳим аҳамиятга эга, чунки бундай транспорт воситалари таркибидаги мотор мойи, ёқилғи қолдиқлари, аккумуляторлар ва оғир металлар назоратсиз ташланса, тупроқ ва сувни ифлослантиради. Утилизация жараёнида эса уларнинг хавфли қисмлари хавфсиз йўқ қилинади ва металл, пластмасса, шиша каби материаллар қайта ишланиб, ишлаб чиқаришга қайтарилади, бу эса янги хомашё сарфини камайтиради, чиқиндилар миқдорини қисқартиради, қайта ишлаш саноатини ривожлантиради ҳамда қўшимча иш ўринларини яратади, шу билан бирга, йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилаш ва айланма иқтисодиёт тамойилларини амалга оширишга хизмат қилади.