Ватаннинг суратини қалбда чизиш, уни юракка жойлаш учун ҳам эрк керак. Қўрқмасдан байроғингни кўтариш, мадҳиянгни энг баланд овозда куйлаш, бошингни тик тутиш, қаддингни ростлаш, бобонг изидан юриш, онанг алласини тинглаш, боланг учун ўз тилингда эртак айтиш, бахтдан куйлаш, ҳатто ғамдан йиғлаш учун ҳам сен айнан ўзинг бўлишинг керак. Бу оддий, лекин улкан бахтларга чинакам эрксиз эришиб бўлмайди. Шу боис, мустақиллик ҳақида баландпарвоз гапиришдан кўра, уни қалбдан ҳис қилишнинг ўзи баъзан етарли бўлади.
Мустақиллик, аввало, ўз йўлингни ўзинг танлашинг, она тилингда сўзлашинг, қалбан эркни ҳис қилиб, адолатни кўришинг ва қадрингни сезишинг, яъни инсон бўлиб яшаш деганидир. Нима учун Ватан деганда бир сиқим тупроқ қўлларимизда олтиндан-да қимматроқ аҳамият касб этади? Чунки инсонда туғилган замини ва уни улғайтирган ҳавоси мужассам, аждодлари қони шу тупроққа тўкилиб, у билан қоришган. Шу боис, Ватан баъзан хариталарга сиғмаса-да, бир ҳовуч тупроқда ястаниб ёта олади, кўзимизга ёш келтиришга қодир бўлади. Бу тупроқда боболар руҳи, авлодларнинг орзулари ҳам яшайди. Мустақиллик мана шу бир сиқим тупроқни кафтимизда маҳкам ушлаб туришимиздир.
Буюк мақсад
Тарих курашларга бой, зиддиятларга тўла. Лекин эрк учун жон берилган жанг майдони, тўкилган қон ва ёзилган ҳар бир жасоратли сўз буюк кураш ҳамда авлодлар ёдида сақланиши лозим бўлган тарихдир. Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган катта байрам тантанасида айнан шу курашлар ёдга олинди, тарих саҳна орқали хотираларга, юракларга кириб борди. Ёшлар буюк тарихимиз ва довюрак аждодларимиз борлигини ўз кўзи билан кўрди, буни билганларнинг эса кўзлари намланди. Саҳнада Қадимги Хоразм, Бақтрия, Турк хоқонлиги, Сомонийлардан тортиб, то буюк Амир Темур, шайбонийлар, хонликлар ва Туркистон мухториятининг байроқлари ҳам тик кўтарилди. Жадидларимиз ёд этилди, “қарғалар учган осмонлар” остидаги қатағонликлар кўрсатилди, заминимизни оҳ-фарёдга тўлдирган мудҳиш даврлар кўз ўнгимизда гавдаланди. Тарихий туғлар майдонда қолди, байроғимиз эса гўё улардан куч олгандек, юксакларга қадалиб, кўкка қараб бўй чўзди.
Давлатимиз раҳбарининг Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек улкан мақсадни халқимиз билан, албатта, амалга оширамиз, биз бунга қодирмиз деган сўзларидаги ишонч замирида мана шу буюк куч мужассам экани яна бир бор эсланди. Мустақиллик бир кунда қўлга киритилади, аммо у ҳар куни ҳимоя қилиниб, сақлаб қолинади. Ҳар бир авлод уни қайта кашф этади ҳамда жасорат, янги йўл ва буюк мақсадлар билан тўлдириб боради. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бундай деди: “Биз 1991 йилда халқимизнинг хоҳиш-иродаси ва қатъияти билан ўз давлат мустақиллигимизни қўлга киритдик. Аслида, буюк истиқлолимиз илдизлари уч минг йилдан зиёд бўлган давлатчилик анъаналаримиз ва қадимий цивилизациямиз тарихига бориб тақалади.
Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларида Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Мир Алишер Навоий каби буюк алломаларимиз башарият тафаккури хазинасини беқиёс даражада бойитган.
Соҳибқирон Амир Темур бобомиз барпо этган давлат эса адолат ва бунёдкорлик тимсоли сифатида тарих зарварақларидан муносиб ўрин олган.
Ватан озодлиги ва миллий истиқлол йўлида жонини фидо қилган Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби жадид боболаримизнинг ҳуррият ҳақидаги орзу-ниятлари бугун янги Ўзбекистонда тўлиқ рўёбга чиқмоқда”.
Халқимиз билан биргаликда бунёд этилиши бош мақсад қилиб олинган Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғояси ҳам аслида ёшларни илм-маърифат муҳити ва маънавият ҳавосидан баҳраманд этган ҳолда тарбиялашга қаратилгандир. Чунки айнан улар ушбу улкан мақсадни амалга оширувчи асосий куч. Бу шунчаки пуч орзу эмаслиги аниқ. Сабаби, биз тарихан ренессанслар яратган буюк халқмиз ва бу қудрат ҳар биримизнинг қонимизда оқиб турибди. Бугунги кунда ёшларимизга мана шу катта мақсаднинг муҳим бир қисми эканини тез-тез эслатиб туришимиз лозим. Бу тушунча оилалардан маҳаллаларга, таълим масканларидан то иш жойларигача сингиб бориши керак.
Бугун ёшлар ўзини улкан мақсаднинг бир бўлаги сифатида ҳис қилиб, ҳаётий режаларини илм-фан, кашфиётлар, Ватан тараққиёти ва жамиятга хизмат қилиш каби юксак вазифалар билан узвий боғламоқда. Байрам тантаналарида қатнашган олим, ихтирочи, ижодкор ва спортчи ёшларимиз аждодлар изидан бориб, шу буюк тарихнинг янги йўлларини очиб бераётганини яна бир бор намойиш этди.
Ўтган ўн йил ичида аҳолимиз 8 миллионга кўпайган бир шароитда мактабгача таълим қамровининг 78 фоизга етказилгани шунчаки қуруқ рақамлар эмас, аниқ ҳақиқатдир. Мактабларда 1,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни яратилди. Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар ташкил этилиши эса фарзандларимизга етакчи хорижий таълим масканларидан асло қолишмайдиган даражада чуқур билим эгаллаши учун кенг имкониятлар эшигини очди.
Устоз ёзувчиларимиздан Шукур Холмирзаев мустақилликдан кейин ёзган мақоласида қизиқ саволни ўртага ташлаган эди: “Мана, юрт мустақил бўлди. Бир аср қон тўкиб, не-не улуғларимизни қурбон бериб орзу қилганимиз — мустақилликка эришдик. Хўш, энди нимани ёзамиз? Юракдаги армонимиз ушалди! Энди қандай ижод қиламиз?”. Адибимиз бу саволга ўзи жуда ўринли жавоб ҳам берганди: “Энди юракларни чинакам мустақилликка олиб чиқишимиз керак! Бу жуда оғир вазифа. Бунинг учун, энг аввало, миллий ғуруримиз юксалиши керак!”.
Ёзувчимизнинг гапи — айни ҳақиқат! Ғурур чиндан ҳам юксалиши керак! Бугун мана шу ғуруримиз юксалмоқда. Бунга асосий сабаб эса эртанги кунимизга ишонч тобора ортиб бораётганидир.
Қувончимизни сонларда ҳисоблаб бўлмайди
Мустақилликка кураш орқали етиб борилади, қатъий ишонч билан эса унга тўлақонли эришилади. Чунки кимдир “Сен энди эркинсан!” дегани билан ичингда бунга ишонч бўлмаса, мустақиллик фақатгина қоғозда қолиб кетади ва реал ҳаётга кириб бормайди.
Бундан етти аср муқаддам Самарқанд заминида буюк Амир Темур “Куч — адолатда” деган ҳикматни ҳаёт шиорига айлантирди ва айнан шу тамойил кучли давлатчилик асоси бўлиб хизмат қилди. Демак, агар ортида чинакам ҳақиқат ва ишонч турса, ҳатто биргина жумла ҳам буюк давлат қура олади.
Биз Республика Маънавият ва маърифат маркази жамоаси сифатида мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида юртимизнинг турли ҳудудларида бўлиб, “Мустақиллик тўйи” тадбирларини ўтказдик. Пойтахтимизда эса ёшлар учун “Ватан қолсин” шеърий-театрлаштирилган саҳна асарларини намойиш этдик. Ушбу жараёнларда халқимиз билан кўп бор юзма-юз суҳбатлашиб, дилдан гаплашиш имконига эга бўлдик. Қайсидир манзилларда йиллар давомида ўз ватанида бегонадек яшаб келиб, айнан янги давр туфайли юртнинг чинакам бир бўлагига, тўлақонли фуқаросига айланган инсонларнинг қувонч кўз ёшларига гувоҳ бўлдик. Яна қай бир ҳудудда яхши қўшничилик сиёсати сабабли ён-атрофдаги мамлакатларда яшайдиган жигарлари билан қайта дийдор кўришаётган юртдошларимизнинг беқиёс хурсандлигини кўрдик.
Бу учрашувларда энг кўп эшитганимиз ота-оналарнинг самимий сўзлари бўлди ва уларнинг барчаси бевосита фарзандлар тақдири билан боғлиқ эди. Кимдир боғча қамрови ошганини мамнуният билан эътироф этса, яна кимдир фарзандининг талаба бўлиш имконияти кенгайганидан қувончини яширмади.
“Ўзбек” деса пахта, “пахта” деса ўзбек тушуниладиган машаққатли қора кунларни ҳам бошдан кечирдик. Афсуски, бу асоратдан тезда халос бўла олганимиз йўқ. Энг ёмони шунда эдики, миллий таълимимиз пахта далаларида қурбон қилинди.
Зиёлиларимизнинг ўтмиш хатоларини тўғрилашдек дилида армони, тилида афсус-надоматлари кўп эди. Президентимизнинг қатъий жасорати билан тарихий адолат қайта тикланди ва жуда кўплаб қатағон қурбонларининг номлари бугунги кунда оқланмоқда.
“Ўзбек”, “ўзбекистонлик”, “ўзбеклар” деган шарафли ном бутун дунё бўйлаб баланд овозда ва катта ҳайрат билан янграй бошлади. Гўёки тарих қаъридан яна ўша буюк жасорат, мардлик ва миллий ғурур қайтгандек бўлди!
Халқимизнинг эртага эмас, айнан бугун фаровон яшашига замин яратаётган бу каби ўзгаришлар жуда кўп. Энг муҳими шуки, халқимизда бу ўзгаришлар асло тўхтамаслигига ва ортга қайтмаслигига ишонч баланд, кўнгиллар эса тўқ.
Байрам тантанасида Президентимиз нутқида янграган кўрсаткичлар аслида шунчаки қуруқ рақамлар эмас, инсонлар тақдири, инсон қадри ва миллатнинг эртаси деганидир. Жумладан, “Иқтисодий эркинлик индекси”даги ўрнимиз 80 поғонага яхшиланиб, “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олганимиз алоҳида таъкидланди. Илгари иқтисодиётимизга йилига атиги 2-3 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келинган бўлса, ҳозирги пайтда 40-50 миллиард доллар жалб қилинмоқда. Тўғри, биз сонлардаги жуда йирик фарқларни кўраётгандирмиз, лекин бу рақамлар ортида турган инсонлар кўзидаги қувончни сонларда ҳисоблаб бўлмайди.
Яна бир дадил қадам ташланди, биз улкан маррага жуда яқин турибмиз. Бундан 3 йил аввал мамлакатимизда 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш режа қилинган бўлса, эндиликда бу кўрсаткичлар, дунёдаги мураккаб ва нотинч вазиятга қарамасдан, шу йилнинг ўзидаёқ ҳатто ортиғи билан амалга ошиши кутилмоқда. Шу тариқа биз даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига тўлақонли кириб борамиз.
650 мингдан зиёд оиланинг янги маконига, ўз кичик ватанига айланган уй-жойлар ҳақида эшитиб дилдан қувонасан. Ўзингнинг шу каби ташвишлар ичида ўтиб кетган кунларингни эслайсан-у, бугунги яхшиланган ҳаёт завқидан беихтиёр энтикасан.
Ортга назар солиш баробарида “йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган”, лекин буни ҳеч ким очиқ тан олмай ўтиб кетадиган замонларни эслайсан. Гўёки ҳамма тўкин-сочин яшаётгандек, жамият ўзининг кам-кўсти борлигини ёки бағридаги нотўкис ҳолатларни кўришни истамаётгандек туюлган ёлғончи даврлар ёдингга тушади. Эмишки, камбағал йўқ, ҳамма тўқ, ҳаммаси яхши! Бу гапларга ишонгинг келади-ю, ён-атрофингга қараб мум тишлашга мажбур бўласан. Бу муаммоларни баралла айтиш ва очиқ тан олиш қачонлардир мумкин бўлишига ҳатто ишонмасдинг ҳам. Лекин шундай бўлди! Камбағаллик масаласи очиқ тан олиниб, уни кескин қисқартириш бўйича ўзига хос “Янги Ўзбекистон тажрибаси” яратилди. Эҳтиёжманд оилалар даромадини ошириш, касбга йўналтириш, саломатлигини тиклаш, фарзандлари таълим олиши ва яшаш шароитларини яхшилаш бўйича мутлақо янги — маҳаллабай ишлаш тизими йўлга қўйилди. Натижада камбағаллик даражаси 2017 йилдаги 35 фоиздан бугунги кунга келиб 4 фоизгача тушди. Бу рақамлар замирида ҳам 10 миллионга яқин инсоннинг қувончи ва шукроналик туйғулари мужассам.
Яқиндагина жаҳон бўйлаб катта спорт мусобақаси бўлиб ўтди. Янги Ўзбекистон жамоаси илк бор мундиалда иштирок этди. Ушбу жараёнда Президентимиздан тортиб, то уйимиздаги эндигина атак-чечак қилаётган жажжи фарзандимизгача барчанинг нигоҳи экранларга қадалди. Қанчадан қанча юртдошларимиз футболни бевосита ўша стадионларнинг ўзидан туриб кузатиб борди. Тўғри, ўйин натижаси бизни у қадар қониқтирмаган бўлиши мумкин, лекин бутун элнинг қандай жипслашганини, бир муштга айланиб кетганини кўрдик ва бундан бениҳоя фахрландик.
Бир замонлар босқинчилар томонидан қонга ботирилган Фарғонанинг дашту далаларида бугун мустақил ҳаётга кириб келаётган оддий 11-синф ўқувчиси дунёнинг энг нуфузли университети грантини ютиб олиб, барча тенгқурлари ҳавасини келтирмоқда. Ўзбек ўқувчиси ёки талабаси шу каби улкан ютуқларни қўлга киритаётган бир паллада дунёнинг қайсидир бир бурчагида унинг тенгдоши бўлган ўспирин оч қолмаслик ва дрон ёки бомба ҳужумларидан омон қолиш ҳақидагина ўйлаётгани ҳам айни ҳақиқат. Юртимиздаги бу каби ютуқларни бизга қадр-қимматини кундан кунга теранроқ англаб бораётганимиз — Ватан мустақиллиги ва озод диёримизда ҳукм сураётган тинчлик тақдим этмоқда!
Ишонч ҳаётий ҳақиқатлардан куч олади, адолат орқали эса бардавомлик касб этади. Бугун мустақиллигимиз том маънода мана шундай мустаҳкам ишонч билан суғорилмоқда. Юртнинг бугунига ва ёруғ келажагига ишончдан ортиқ мустақилликни мустаҳкамловчи куч бўлмаса керак, аслида.
Мустаҳкам асос
Бугун биз сершовқин, шиддат билан глобаллашиб бораётган дунёда, урбанизация тўлқинлари ичида чирпирак бўлаётган шаҳарлар ва эл-элатлар билан ёнма-ён яшамоқдамиз. Янги Ўзбекистон бутун дунёга чин маънода юз бурди. Қарийб ҳар бир мамлакатда масъул идораларимиз ва ваколатхоналаримиз фаолият юритмоқда. Ҳамма ерда ўзбек халқини, Ўзбекистонни яхши танишади. Шу билан бирга, дунёнинг катта маданий, ижтимоий ва сиёсий воқеликлари бизнинг кундалик ҳаётимизга ҳам шиддат билан кириб келмоқда. Мана шундай мураккаб шароитда ўзимизга суяниб топган миллий йўлимизнинг қадри бениҳоя баланддир. Давлатимиз раҳбари байрам нутқида “Бугун биз тарихнинг янада масъулиятли ва ҳал қилувчи палласида турибмиз. Мамлакатимиз тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўймоқда. Келгуси ўн йиллик биз учун миллий юксалиш даври бўлади”, деб таъкидлади ва шу мақсад йўлидаги 7 та муҳим миллий дастур ҳақида тўхталиб ўтди.
Ҳар қандай ишни бажаришдан аввал, албатта, у яхшилаб ҳисоб-китоб қилинади. Жумладан, миллат ўзидан фахрланиши учун, ўзини бошқалардан кам кўрмай, аксинча, миллий ғурур билан кўкрак кериб юриши учун нафақат ички аҳволидан, балки кенг дунёдаги глобал вазиятдан ҳам яхши бохабар бўлиши лозим.
Бежиз давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китоби “Дунёда ҳеч қачон бир хил тонг отган эмас”, деган жумлалар билан бошланмайди.
Бу сўзларда жуда теран ҳикмат ва маъно мужассам. Қайсидир юртларда ота-оналар фарзандларини тонг отиб омон-эсон кўришни орзу қилиб уйғонаётган бир пайтда бизнинг фарзандларимиз ёзги оромгоҳларга дам олиш учун кузатилмоқда. Сурхондарё ёки Фарғона далаларида бободеҳқон шоналаётган ғўзаси бўй-бастига қараб, мамнуният билан пешона терини артаётган сокин шом палласида Ер шарининг бошқа бир бурчагида қандайдир кекса одам нон излаб чиқиб кетган боласининг уйга соғ-омон қайтишига ишонолмай, оғир изтироб чекмоқда.
Бугунги кунда одамзоднинг тийиқсиз хоҳиш-истаклари ҳар қачонгидан катталашиб кетди. Ўз армиясини, қурол-яроғини, ҳатто маданиятини бошқа халқлар ҳаётига куч ишлатиш йўли билан олиб кириш ҳолатлари кескин кучайди. Бундай қалтис вазиятда ниҳоятда ҳушёр туриб, ён-атрофдаги воқеалардан доимо огоҳ бўлиш, халқнинг хавфсизлигини кафолатлаб, шунчаки тинч-тотув яшашнинг ўзи ҳам беқиёс катта ютуққа айланиб қолди. Қуйидаги даҳшатли рақамларга эътибор қилинг.
БМТ ҳавола этган расмий маълумотларга кўра, 2023 йилда бутун дунё бўйлаб армия харажатлари учун 2,4 триллион доллар ажратилган бўлса, глобал ривожланиш учун 224 миллиард доллар, тинчликни сақлаш учун эса энг кам маблағ — бор-йўғи 669 миллион доллар сарфланган.
Швециянинг Уппсала университети ҳузуридаги Тинчлик тадқиқотлари дастури экспертлари таҳлилларига кўра, 2024 йилнинг ўзида 61 та давлатлараро низо қайд этилган. Бу 1946 йилдан, яъни статистика юритила бошланган вақтдан буён энг юқори ва хавотирли кўрсаткичдир.
Ушбу низоларнинг 11 таси тўлақонли уруш даражасигача етиб борган. Ҳолбуки, 2016 йилдан буён бундай юқори ва хавфли кўрсаткич қайд этилмаган эди.
Шу ўринда яна бир қизиқ парадоксни айтиб ўтиш лозим: дунё кейинги 30-35 йил ичида жуда катта технологик тараққиётни бошдан кечирди. Интернет тармоғи бутун курраи заминни қамраб олди. Симсиз алоқа тармоқлари турли қитъаларни бир-бирига чамбарчас боғлади. Сунъий интеллект мўъжизаси барча халқларнинг маиший ҳаётигача кириб борди. Натижада одамларнинг оғири анча енгиллашди. Аммо аҳолининг демографик ўсиши сезиларли даражада пасайиб кетди. Кўплаб ривожланган давлатларда туғилиш кўрсаткичлари кескин тушмоқда. Оиланинг муқаддас асоси бўлган никоҳ масаласига панжа орасидан, гўёки эскилик сарқитидек қараш оддий ҳолга айланиб қолмоқда. Миллатлар шиддат билан қариб бормоқда. Бутун-бутун шаҳарлар ҳувиллаб, бўшаб қолмоқда.
Улуғ жадид бобомиз Абдурауф Фитратнинг “Бу дунё кураш майдонидир. Бу курашнинг асосий қуроли эса соғлом жисму тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқдир” деган ҳикматли сўзлари бугунги кунда ҳар қачонгидан долзарб бўлиб бормоқда.
Зеро, чинакам ватанпарварлик фақат сўзда эмас, балки амалий ҳаракатларда, тинмай изланишда, доимо янгиликларга интилишда, ўз илму амали билан эл-юртга наф етказиш ва фидойилик кўрсатишда намоён бўлади.
Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Садди Искандарий” достонида бундай гўзал байт бор:
Иёлу Ватан узра то жони бор,
Киши ҳарб этар токи имкони бор.
Бунинг маъноси шуки, ҳақиқий инсон то тирик экан, бутун имкониятини ишга солиб, ўз Ватани ва оиласини (иёлини) ҳимоя қилиш учун охиригача курашади.
Маънавият мустақилликнинг энг улуғ ва мустаҳкам асосидир! Қачонки, биз тўлақонли маънавий мустақилликка эриша олсаккина, олий мақсадимизга етган бўламиз.
Биз мустақилликнинг илк йилларида “ғалла мустақиллиги”, “пахта мустақиллиги” деган ибораларни жуда кўп бор ишлатдик. Бироқ аслида мустақилликнинг энг муҳим ва асл асосларидан бири маънавий мустақиллик эканини сўнгги 10 йил ичидагина теран тушуниб етмоқдамиз. Бугунги кунгача босиб ўтган йўлимиздан чиқарган тўғри хулосаларимиз, эришган ютуқларимиз ва йўл қўйган камчиликларимиз айнан шу ҳақиқатни исботлаб турибди.
Демак, ортимизда қолаётган 35 йиллик шонли йўл бизга асрлар давомида ўгит бўлгулик буюк сабоқни бериб бўлди. Эндиги вазифамиз фақатгина бу сабоқни тўғри англай олиш ва уни реал ҳаётимизга олиб киришдан иборат, холос!
Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек: “Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан-да кучли бўламиз. Ўттиз беш йиллик мустақил тараққиёт йўлимиз бизга бир ҳақиқатни ўргатди: халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ. Бундай буюк қудратга эга халқ ва давлатни енга оладиган кучнинг ўзи йўқ. Биз ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва буюк келажагимизни биргаликда барпо этамиз!”.
Отабек ҲАСАНОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари