Мазкур тадбир нафақат талаба-ёшларнинг фаоллигини оширди, балки миллий анъана ва урф-одатларимизни амалда намоён этувчи муҳим маънавий-маърифий платформага айланди.

Парад давомида 1000 нафардан ортиқ талаба-ёшлар миллий либосларда университет ҳудудидан «Афсоналар водийси» масканигача тантанали юриш қилиб, миллий либосларимизнинг бетакрор жозибасини кенг жамоатчиликка намойиш этдилар.

Айниқса, ушбу жараёнда университет раҳбарияти ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг ҳам фаол иштироки тадбирга алоҳида руҳ ва мазмун бағишлади. Бу эса авлодлар ўртасидаги узвийликни, миллий қадриятларга бўлган ҳурмат ва садоқатни яна бир бор яққол ифода этди.

«Миллий парад»нинг мантиқий давоми сифатида «Афсоналар водийси» боғи ҳудудида «Ўзбегим ёшлари» сайли кўтаринки руҳда ташкил этилди. Сайл давомида талаба-ёшлар ўзларининг фаоллиги, миллий қадриятларга бўлган ҳурмати ва юксак кайфияти билан ажралиб турдилар. Байрамона муҳит, самимийлик ва миллий руҳ уйғунлиги тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Бугунги кунда миллий қадриятларни ёшлар онгига сингдириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Биз ана шундай ташаббуслар орқали нафақат тарихимизни улуғлаймиз, балки келажак авлодни миллий руҳда тарбиялашга хизмат қиламиз. Ёшларимизнинг миллий либосларимизга бўлган меҳрини, анъаналаримизга ҳурматини кўриб, келажагимиз янада порлоқ эканига ишончимиз ортадидейди университет ректори, профессор Ойбек Эргашев.

Шунингдек, Янги Наманган тумани Маданият бўлими хонандалари томонидан ижро этилган миллийлик ва ёшликни улуғловчи куй-қўшиқлар сайл иштирокчиларига унутилмас лаҳзаларни туҳфа этди. Тадбир давомида ҳукм сурган самимий муҳит, миллий куйлар ва жўшқин руҳ иштирокчилар қалбида ёрқин таассуротлар қолдирди.

Мазкур тадбирлар ёшларнинг маънавий дунёсини бойитиш, миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш ҳамда уларни асраб-авайлаш борасида муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилди.